23:13 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Янгиланган Конституция Қирғизистоннинг ривожланиши учун имкон яратади

17.11.2006 14:32 msk

У. Абдусаломов

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Маълумки, Қирғизистонда юз берган сиёсий таназзулга халқ оммасининг кескин муносабати натижасида мухолифат билан расмий ўзаро муросага келганди. Натижада Қирғизистон халқи янги таҳрирдаги Конституцияга эга бўлди. Янги Конституция ўз моҳиятига кўра аввалгисидан прогрессив ва демократик ғояларни ҳаётга татбиқ қилиши билан тубдан фарқланади. Ким нима деса дер, лекин Қирғизистоннинг янги таҳрирдаги бу Конституцияси собиқ президент А. Ақаев ўз оиласининг манфаати ҳамда қариндош-уруғларининг фаровон яшаши учун тузган ва мамлакатда ҳукм сураётган авторитар тузумнинг қонуний асосини белгилаб берган эски Конституцияга тўлиқ барҳам берди. Бу Конституциянинг ўзига хос аҳамияти шундаки, у неча йиллардан бери иқтисодий эркинлик ва ижтимоий тенглик учун курашаётган Қирғизистон халқи орзу-умидларини юзага чиқаришга имкон яратади. Қирғизистон 2006 йилнинг 9 ноябридан бошлаб парламент республикаси бўлиб шаклланиш доирасига қадам босди. Депутат Қ. Байбўловнинг фикрича, Конституцияда учрайдиган камчиликлар тўғрисида ваҳима қилишнинг унчалик ҳожати йўқ. Ният яхши бўлса, бу камчиликлар иш давомида бартараф этилади.

Янги таҳрирдаги Конституция республика раҳбарияти фаолиятидаги қариндош-уруғчилик устиворлик қилаётган бошқариш услубига нисбатан қаттиқ зарба бўлиб ҳисобланади. Энди мамлакатни бошқариш бир одамнинг фикри билан эмас, балки кўпчиликнинг, яъни парламентнинг коллектив позицияси асосида амалга оширилади, бу эса республиканинг сиёсий ва ижтимоий тараққиётида зарур бўлган соғлом фикрни вужудга келтириш ва мавжуд муаммоларни оптимал ҳал қилиш учун шароит туғдиради.

Бу жараённи ҳар хил йўналишдаги сиёсатчилар ўзларининг ғоявий, фуқаровий ва бошқа қарашлари доирасида турлича баҳоламоқдалар. Бу табиий, албатта. Лекин ноябрь воқеалари даврида Қирғизистон халқининг тинчлигини ва ривожланишини эмас, балки халққа истиқрорсизлик, қолоқлик ва муҳтожлик тилайдиган сиёсий кучлар ҳам борлиги яна бир бора тасдиқланди. Ана шундай дунёқарашдаги сиёсатшунослардан бири Қирғизистон-Россия славян университети профессори Александр Князев эканлигига кўпчилик гувоҳ бўлди.

Менимча, А. Князев ёлланма сиёсий қотилга ўхшаб ишлаяпти. Аммо у ўз ўқини мўлжал олмасдан, тўғри келган томонга отиб ётибди. Бу одамнинг ҳатти-ҳаракатлари ва мулоҳазаларига қараб унинг оддий халқ ҳақида ўйламаётганини айтиш мумкин. У учун буюртмачи хафа бўлмаса бўлгани. У Қирғизистон жамиятидаги демократия сари олға силжишни шунчаки кўрмаяпти ёки унга барибир. Умуман олганда, соғлом фикрли одам профессор А. Князевни тушуна олмайди.

“24 март воқеалари”дан кейин Князев мазкур воқеалар хусусида “бу оддий давлат тўнтаришидир”, деб ёзганди. Ўшанда у ўз фикрини исботлашга уриниб, янги ҳокимият томонидан қаттиқ танқидга учраганига қарамай, бу мавзуда “ғайриодатий” китоб ёзганди. Таҳлиллар А. Князевнинг ўша пайтда ҳам буюртма бажарганини кўрсатади.

Ўтган йилги март воқеалари ҳақида китоб ёзар экан, у ақаевчилар буюртмасини бажарган эди, аммо Қирғизистон жамоатчилиги унинг бу хўрагига илинмади. Ноябрь митинги пайтида эса А. Князев кимнингдир буюртмаси билан 24.kg агентлиги орқали (2006 йил 6 ноябрида) мухолифат лидерлари орасида юқори давлат лавозимларини тақсимланганлиги ҳақида яна бир ёлғон хабарни тарқатди. Кейин Қирғизистон давлат телевидениеси бу ёлғонни қаторасига уч кун айлантирди, тажрибали сухандонлар бу рўйхатнинг “иқтидорли” муаллифини номини айтмай, ўн мартадан кўпроқ ўқидилар. Бу пасткашликдан нафақат мухолифатчилар, балки уларнинг минглаб тарафдорлари ҳам ғазабландилар. Мамлакатдаги барча воқеалардан фақат шу канал орқали хабардор бўладиган аҳолининг муайян қисмида эса “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати лидерлари тўғрисида салбий фикр туғилди.

Унинг ноябрь митингларидан кейин мамлакатда юзага келган сиёсий вазият хусусида “Фарғона.Ру” сайтида чоп қилинган интервьюсини ўқир экансиз, агар Қирғизистон халқига ёмон бўлса, бундан А. Князев хурсанд бўлса керак, деган таассурот туғилади. У ноябрь ойи биринчи ўн кунлигида содир бўлган воқеаларнинг бошқача якун топишини истаган бўлса керак...

2006 йилнинг 10 ноябрь куни “Фарғона.Ру” мухбирига берган ўз интервьюсида Князев шундай дейди: “Мен Қирғизистон халқига ҳамдардлик изҳор қилмоқчиман. Ноябрь бўҳронидан чиқиш йўли топилганига қарамай, тактик ғалаба президент томонида бўлди. Умуман олганда, бу жуда қайғули. Янги Конституцияга мувофиқ кучайтирилган парламент роли бутун тизимнинг ишлаш салоҳиятини кескин сусайтириб юборади. Сиёсий онг даражасининг пастлиги, тор манфаатларнинг ҳимоя қилиниши – буларнинг ҳаммаси ноябрь ойидагидан ҳам ёмонроқ навбатдаги бўҳронни юзага келтириши мумкин, парламентнинг фойдали иш коэффиценти эса энг паст даражага тушиб кетиш эҳтимоли бор...”

Мана сизга Қирғизистондаги сиёсий вазият юзасидан навбатдаги “башоратгўйлик”. Наҳотки у Қирғизистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конситуцияси қабул қилинган пайтда парламент депутатларининг ўзаро жипслигини кўрмаган бўлса? Ахир улар ўзларини саводли, мулоҳазали, мамлакат ва халқ тақдири учун жони ачийдиган сиёсатчилар сифатида кўрсатдилар-ку. Улар халқ фаровонлиги йўлида мустабидликка қарши курашдилар. Парламент бошқаруви қирғиз халқининг қонида бор. Наҳотки ҳурматли профессоримиз буни ҳалигача тагига етмаган бўлса? Худога шукрки, бугунги кунда халқимиз “буюртма асосида иш қилувчи сиёсий технологлар”нинг бу каби фикрларига ишонмайди.

Ноябрь воқеалари Қирғизистон халқи элитаси ўз халқининг манфаати учун бирлаша олиши мумкинлигини яна бир марта исботлади. Ўша пайтда тўғри қарор қабул қилинди. Ватиканнинг маданият бўйича қўмитаси аъзоси, поляк кинорежиссери Кшиштоф Занусси айтганидек, “агар халқ элитаси миллат манфаати учун бирика олса, унинг ривожи учун курашса, ундай халқ фаровонликка эришади. Озод ва эркин яшайди”.

“Ислоҳотлар учун!” ҳаракати лидерлари ўз атрофига Қирғизистон халқининг прогрессив қисмини бириктира олди ҳамда у олигархияга ҳамда коррупцияга қарши қаттиқ зарба берди.

Бугунги кунда халқ камчиликлар дарров ўнгланиб қолмаслигини тўғри тушуняпти. Аммо улар собиқ президент Акаевнинг навбатдаги эртагини тингламаётганликларини яхши биладилар, боз устига, амалдаги президент Қ. Бакиевнинг қуруқ ваъдаларига ҳам минбаъд тоқат қилолмайдилар.

Гарчи ноябрь воқеалари яхши натижалар билан якунланишига президент К. Бакиев халқ оммасининг тазйиғи билан мажбурий ҳолда қўшилган бўлса ҳам, у жумҳуриятнинг олға силжишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Чунки у ўзидаги руҳий қарама-қаршиликни ҳамда атрофдаги консерватив кучларнинг ва коммунистик «партноменклатура» қолдиқларининг ғоявий тазйиғини енга олди. Ўша кунлари у Қирғизистон халқи олдида демократ ва халқпарвар эканлигини исботлай олди.

Қурмонбек Бакиев Конституциянинг янги таҳририга имзо чекиш билан 2005 йил 24 мартдаги асл ҳолатига қайтди. Ҳар ҳолда, оддий халқда шундай таассурот уйғонди. Бакиев бу йўлдан оғишмай кета оладими? Агар президент Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) билан биргаликда Қирғизистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси талабларига оғишмай амал қиладиган бўлса, унинг номи Қирғизистон тарихида И. Раззақов билан бир қаторда ёзилишига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Келажагининг қандай бўлиши энди Қ. Бакиевнинг ўзига боғлиқ.



 

Реклама