08:36 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Пермда “Муҳожирлар мактаби” муваффақият билан фаолият юритмоқда

16.11.2006 21:41 msk

Ольга Орлова

Муҳожирлар мактаби машғулотида. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Пермда яшовчи тожикистонлик муҳожирлар ҳақидаги суҳбат давоми сифатида Марказий Осиёдан Россияга келган кишиларнинг маҳаллий шароитга мослашуви хусусидаги лойиҳани тақдим этамиз. Бу Горький номидаги Пермь вилоят кутубхонаси базасида бўлиб ўтаётган “Муҳожирлар мактаби” машғулотларидир. Алоҳида қайд этиш жоизки, биздаги маълумотларга қараганда, бу каби ташаббус ўзига хос (уникал) ташаббус бўлиб ҳисобланади: бу каби лойиҳа Россияда илк бор амалга оширилган.

Лойиҳанинг пайдо бўлиши ва амалга оширилиши ҳақида Горький номидаги Пермь вилоят универсал кутубхонаси директорининг муовини Ольга Орлова ҳикоя қилади.

Кутубхона минтақа сиёсатини амалга оширишда муҳим бўғиндир

Охирги йилларда Пермь вилоят кутубхонаси ривожланиш учун қўшимча манбалар қидириб, дастурий-лойиҳавий фаолиятга актив киришган. Лойиҳаларнинг бир қисми кутубхонанинг асосий, информацион вазифаси билан боғланган, бошқа бир қисми эса ижтимоий йўналишга эга. Қуйида ана шундай лойиҳалардан бири хусусида сўз кетади.

Қабул қилиш ва ёрдам бериш

2004 йилда вилоят кутубхонаси биринчи марта 4-вилоят ижтимоий ва маданий лойиҳалари танловида “Муҳожирлар мактаби” лойиҳаси билан иштирок этган. Бу лойиҳа вилоят маъмурияти томонидан қўллаб-қувватланган. Лойиҳа мавзусини биз жамоатчилик ташкилотлари билан биргаликда белгиладик. Камабўйи ҳар доим юзлаб миллатлар ва тиллар аралаш яшаган жой бўлиб келган. Бу миллатлараро чидамлилик юзасидан муайян кафолатлар берарди. Ҳудуднинг иқтисодий жиҳатдан нисбатан таъминланганлиги ва вилоят маъмуриятининг оқилона миллий сиёсати пермликларни “миллатлараро тинчлик” билан таъмин этган яна икки омил бўлган.

Бироқ охирги йилларда аҳвол ўзгара бошлаган. Собиқ СССР республикаларидан (Ўрта Осиё, Молдавия, Кавказдан) келаётган муҳожирлар сони кескин ошиб кетган. Бир-бирига ўрганиб қолган “эски” миллий озчиликларга қўшимча равишда баъзан ўн минглаган кишига етувчи “янги” диаспоралар (озарбайжонлар, тожиклар, арманлар, хитойликлар ва бошқалар) жадаллик билан шакллана бошлаганлар. Аста-секинлик билан битта миллатга мансуб бўлган муҳожирлар тўп бўлиб яшайдиган жойлар пайдо бўла бошлаган. Агар муҳожирлар ўзларини маҳаллий аҳолидан четроқ бўлиш истагига асосланган иҳоталаш позициясини тута бошласалар, бу маҳаллий аҳоли томонидан муайян тушунмовчиликка сабаб бўлиши ва ҳатто ёвгарчиликка олиб келиши мумкин.

“Муҳожирлар мактаби” дастури айнан шу “янги миллий озчиликлар”ни Камабўйидаги ҳаётга мослаштириш муаммосини ҳал қилишга йўналтирилган эди. Лойиҳа асосида мажбурий кўчувчиларни Камабўйидаги ҳаётга мослаштириш моделлари ва механизмларини ишлаб чиқиш, янги келганлар учун “Камабўйи заминида ҳаёт мактаби”ни яратиш ҳамда маҳаллий ҳамжамият турмушига яхшироқ интеграция бўлиш учун муайян асослар яратиш ғояси ётарди. Бошқа маданият муҳожирни аввалги турмуш тарзидан воз кечишга, янги ижтимоий меъёрларни қабул қилишга мажбур қилади. Шу жараённинг ўзи ижтимоий мослашув жараёни деб аталади. Муҳожирлар учун ҳамма нарса ўзгаради: табиат ва иқлимдан тортиб кийим-бош ва озиқ-овқатгача, чор-атрофдаги шароит ва одамлар билан ижтимоий, иқтисодий ва психологик алоқалардан тортиб ўз оиласи ичидаги шароитгача. Ўзгаришларнинг энг асосий қисми маданий қисмдир: бунда тил, урф-одатлар, маросимлар, меъёрлар ва қадриятлар ўзга. Бундай шароитда одамларга қабул қилувчи томоннинг ёрдами ва қўллови даркор.

Кўпчилик мамлакатларда муҳожирлик муаммоларига катта эътибор қаратилади. Гастарбайтерлар фаол жалб қилинувчи мамлакатларда (АҚШ, Исроил, Германия, Франция ва бошқалар) бу каби “мактаблар” анчадан буён фаолият юритадилар.

Биз учун эса буларнинг ҳаммаси янги ва ўрганилмаган иш эди. Аммо Россиядаги мавжуд шароит шунақаки, муҳожирот оқими вақт ўтиши билан ошаверади, аҳолининг этник таркиби доимий равишда ўзгариб тураверади - бунга тайёр бўлиб туриш зарур.

Лойиҳа устида ишлаган пайтимизда, муаммонинг ичига кириб борганимиз сайин ҳар сафар унинг иккиёқлама характерга эга эканига амин бўла бордик. Гап фақат келаётганларни маҳаллий турмуш шароитига мослаштириш ҳақидагина бормаслиги керак. Маҳаллий шароитни содир бўлаётган ўзгаришларга ҳам тайёрлаш ва мослаштириш зарур бўлади. Ахир, пермлик сиёсатшунос олимларимиз ўринли қайд этганларидек, муҳожирлар Россияга бу ерда яхши бўлгани учун эмас, энг аввало, бу ер муҳожирлар келган жойдан яхшироқ бўлгани учун келадилар-да. Муҳожирларнинг шароитга мослашуви ва жамиятга интеграцияси фақат маҳаллий аҳоли уларга жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида ижобий ёндошганидагина муваффақиятли кечади. Аммо бу мутлақо бошқа тадқиқотлар ва лойиҳалар мавзусидир. Аслида, муҳожирот муаммоси ҳар қанақа бошқа ижтимоий муаммо каби комплекс характерга эга ва у кўплаб фанларнинг ўрганиш предмети бўлиши керак ҳамда амалиётда унга етарлича эътибор берилиши лозим.

“Муҳожирлар мактаби”га тожиклар кўпроқ қизиқиш билдирганлар

“Муҳожирлар мактаби” лойиҳаси жамоатчилик ташкилотлари билан биргаликда, энг аввало, Пермь ҳудудий ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази ва Пермь фуқаролик палатаси билан биргаликда ёзилган ва амалга оширилган. Мазкур лойиҳага Пермь олийгоҳлари ўқитувчилари бўлмиш сиёсатшунослар, социологлар, ҳуқушунослар, этнографлар, тарихчилар, тилчилар ва психологлар жалб этилганлар.

Биз томонимиздан Камабўйи миллий диаспораларидан бири билан амалга оширилувчи, бир мақсадга йўналтирилган иш асосидаги ҳаракатлар варианти таклиф қилинганди. Семинарлар режаси ишлаб чиқилган эди. Янги ғоямизга тожиклар жамоати бошқалардан кўра фаолроқ акс-садо берди. Бунга ушбу диаспоранинг яқинда “Пермь шаҳардаги тожиклар жамоатчилик маркази” нотижорат ўртоқлигини тузиб, ўз жамоатчилик ташкилотини расман рўйхатдан ўтказгани сабаб бўлди. Ўзи ҳақида “билдириш”, кўпмиллатли Камабўйи ҳамжамиятида ўз ўрнини топиш, юзага келаётган муаммоларни биргаликда ҳал қилиш зарурати – буларнинг ҳаммаси улар билан тез тил топиб кетишимизга ёрдам берди. Тожиклар тезда ва фаол суръатда таклифимизга жавоб қилдилар.

Машғулотлар бошланишидан аввал мавзулар диаспора фаоллари билан бир неча бор муҳокама қилинди, семинарлар ўтказиш учун қулайроқ вақт танланди. Биз одамлар бу ерга пул топиш учун келганларини, кўпчиликнинг Тожикистонда оилалари қолганини, уларни боқиш муҳожирлар зиммасида эканини тушунардик. Шунга қарамай, машғулотлар ҳафтасига уч марта 4 соатдан ўтказилди.

“Мактаб”да нимани ўргатадилар

Шундай қилиб, “Муҳожирлар мактаби”нинг ўзи нима? Бу турли мавзулар ва муаммолар бўйича тингловчилар билан бирга олиб бориладиган 40 соатлик машғулотлар курсидир. У Россия ва Камабўйининг муҳожирлик сиёсати ва муҳожирлик ҳуқуқи, миллатлараро таранглик психологияси, Урал ва Камабўйи этник тарихи, тожик миллати ва маданияти тарихи, вилоятимизга тожикларнинг кўчиб келиш ва ўзлаштириш тарихи каби мавзуларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, диаспора “Чет элликлар учун рус тили” дастури бўйича рус тили билан фаол шуғулланди.

Секин-аста бу машғулотлардан кўзланган асосий мақсад – иммигрантлар учун (ҳуқуқий, психологик, лисоний, маданий ва бошқа) тўсиқларнинг олиб ташланиши ойдинлаша борди. Маърифатли, саводли, атроф-муҳитга қараб қарор ола биладиган кишилар туб аҳоли учун кам хавф туғдирар эканлар ва янги жойга тезроқ мослаша оларканлар. Биз тингловчиларимизнинг олган билимларидан Пермь диёридаги кундалик турмушларида фойдаланишларини ва бу ҳақда миллатдошларига гапириб беришларини англардик.

Биргаликда қилинган ҳаракатлар натижасида модель ишлай бошлади. Машғулот сайин диаспора вакилларининг семинарларга бўлган қизиқишлари ортиб борарди, тингловчилар бу курснинг вазифаларига нисбатан ўзларида янгича қараш пайдо бўлганини қайд этардилар. Уларга ўз муаммоларини профессионал ҳуқуқшунослар ва этнографлар билан муҳокама қилиш ёқарди, уларнинг дунёқарашлари кенгаяр, хусусан, муҳожирот муаммоларига нисбатан қарашлари ўзгариб борарди. Машғулотдан машғулотга ўзаро ҳамжиҳатлик ошиб борарди, саволлар кўпая бошлаганди, тожикларнинг кундалик турмушидан олинган мисолларни муҳокама қилишга кўпроқ вақт ажратиларди. Ўқитувчилар тарқатма материаллар (машқлар, тестлар, қонунчиликдан олинган кўчирмалар) тайёрлардилар, кутубхона эса уларни кўпайтириб, тингловчиларга тарқатиб берарди. А. С. Пушкин номли шаҳар марказий кутубхонаси билан биргаликда муҳожирлар турли масалалар бўйича ёрдам ва маслаҳат олишлари мумкин бўлган муассаса ва ташкилотлар рўйхати тайёрланганди.

2005 йилнинг февраль ойида лойиҳа якунларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. “Пермь вилоятидаги янги диаспоралар: ижтимоий мослашув муаммолари ва истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбати ишида 52 киши – шаҳар ва вилоят расмийлари, диаспоралар ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, ОАВ ходимлари, сиёсатшунос олимлар ва этнографлар, “Муҳожирлик мактаби”нинг ўқитувчилари ва тингловчилари иштирок этдилар. Тайёрланаётган давра суҳбати ҳақидаги ахборот ОАВда, стендларда ва кутубхона сайтида ёйинланди. Тожик диаспораси семинар иштирокчилари учун зиёфат уюштирдилар.

Натижа умидларимизни пучга чиқармади

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад лойиҳа якунларини чиқариш ва келажакдаги фаолият йўналишини аниқлаш эди. Курс ўқитувчилари қилинган иш ҳақида фикр алмашиш, иш жараёнида юзага келган қийинчиликларни, курснинг ҳамда тингловчилар таркибининг янгилиги билан боғлиқ методик ва амалий муаммоларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар. Улар диаспора вакиллари билан бевосита ишлаш жараёнида ўзлари учун кўп жиҳатларни кашф қилганларини қайд этдилар. Ўқитганлар ҳам, ўқиганлар ҳам мулоқот қилиш ва тажриба алмашиш, жамиятда содир бўлаётган жараёнларни яхшироқ тушунишга ёрдам берган янги билимлар олиш учун яратилган шароитни ижобий натижа ўлароқ баҳоладилар. Лойиҳа ташкилотчилари ўз ҳисоботларида кўзда тутилган ишларни тўла амалга оширишга имкон бўлмаганини, вақт ва маблағ етишмаганини, жиддий хулосалар чиқариш даражасига чиқиш имкони бўлмаганини таъкидлаганлар. Лекин, умуман олганда, лойиҳанинг бутун ҳаракатлар тизими адаптацион услубиёт тўғри танланганини кўрсатган.

Тожик диаспораси вакилларининг кутубхонага турли маълумотлар, энг аввало, қонунчилик билан боғлиқ маълумотлар сўраб мурожаат қилаётгани бу диаспора билан алоқаларимиз давом этаётганига далил бўла олади. Вилоят кутубхонасининг ҳуқуқий ахборот маркази жамоат учун бир неча бор турли маълумотномалар тайёрлаб берган. Бу ҳам лойиҳамизнинг муҳим самараларидан биридир.

Сўз сўнгида “Муҳожирлар мактаби” лойиҳасининг келажаги борлигини қайд этиш жоиз, аммо тўйдан аввал ноғора қоқмоқчи эмасмиз. У ёғини вақт кўрсатади.