11:17 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Самарқандда россиялик сиёсатшунослар иштирокида икки кунлик давра суҳбати бўлиб ўтди

16.11.2006 19:00 msk

Ўз ахб.

“Фарғона.Ру” аввал хабар қилганидек, Ўзбекистонга россиялик сиёсатшунослар, сиёсий технологлар, ОАВ вакиллари ва жамоатчилик ташкилотлари раҳбарларининг навбатдаги гуруҳи келган. Уларнинг ҳаммалари “Демократик институтлар ва жараёнларни ривожлантириш аҳволи ва истиқболлари: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси” деб номланган тадбирда иштирок этганлар. Икки кун мобайнида меҳмонлар мезбонлар билан демократияни қандай қилиб қуриш кераклиги ҳақида ўзаро фикр алмашганлар ва тараққиётнинг “ўзбек модели”дан ҳаммалари жамулжам бўлиб қониқиш билдирганлар. Улар бу юзасидан айрим фикрларни журналистлар билан ўртоқлашдилар.

- Мамлакат тараққиётига ва модернизациясига кўмаклашувчи, жамиятнинг бори кучи ва манфаатларини умумий ишга жалб қилишга ёрдам берувчи сиёсий институтлар тизимини барпо қилиш бу улкан натижадир ва ушбу натижа замонавий дунёда “миллат барпо қилиш” деб аталади, - деди Россиядаги Самарадор сиёсат жамғармаси президенти Глеб Павловский. – Ўзбекистон замонавий миллатни барпо қилди. Бу тажриба бошқа мамлакатлар учун жуда фойдали ва жуда муҳимдир. Биз учун Ўзбекистон давлат сиёсий тизимида, Ўзбекистон модернизациясида партиялар ролини ошириш бўйича ислоҳотлар тушунарли ва улар бизларнинг сиёсий тизимларимизни бир-бирига яқинлаштиради, бу эса тараққиёт ва ўзаро ишонч учун ҳам, сармоялар ва бизнес учун ҳам муҳим ҳисобланади.

У меҳмондўст мезбонни ҳам мақтаб қўйди:

- Президент Ислом Каримовнинг мамлакатдаги сиёсий тизимни мустаҳкамлаш бўйича янги ташаббуслари демократия йўлида қўйилган, жамиятда фуқаролик ҳамжиҳатлигига олиб борувчи яна бир қадам бўлиб ҳисобланади.

Жаноб Павловский ривожланишнинг “ўзбек модели”га янада юқорироқ баҳо берди:

- Барқарор ижтимоий институтларни барпо қилиш минтақанинг бошқа давлатларидагина эмас, бошқа қитъаларда ҳам қўлланилиши мумкин бўлган уникал тажриба бўлиб ҳисобланади.

Давра суҳбати чоғида Ўзбекистондаги маҳаллий маъмурият томонидан тасдиқланган киши бошчилик қилувчи маҳалла институти ҳақида ҳам сўз борди. Россияликларга маҳалла институти жуда ёққан:

- Бу қуйи даражада демократик бошқарув омилигина бўлиб қолмасдан, жамият аҳлоқини сақлаб қолиш омили ҳамдир. Маҳалла жамиятнинг қўриқчиси, мен ҳатто маҳалланинг русча муқобили йўқлигига қай бир маънода ҳасад ҳам қилаяпман, - деди Россия стратегик тадқиқотлар институти директори Евгений Кожохин.

Россиялик таниқли сиёсатшунос Андраник Мигранянга ҳам президент Каримов томонидан ўтказилаётган ислоҳотлар ёққан:

- Мен ҳозирда Ўзбекистон ривожланишнинг янги босқичига, кўппартиялиликнинг мустаҳкамланишига киришаётганини кўраяпман. Ўзбекистон яқинда ўлим жазосини бекор қилди, бозор ўзгаришлари жабҳасида ҳам, сиёсий институтлар ривожланишида ҳам жуда кўп янги унсурлар пайдо бўлаяпти. Бу мамлакатнинг тўғри йўлдан кетаётганидан далолат беради, - деди Мигранян.

Сиёсатшунос қанақа бозор ўзгаришлари-ю қандай сиёсий институтларни кўзда тутгани, афсуски, ноаниқлигича қолиб кетаверди. Балки жаноб Мигранян буни Ўзбекистонга кейинги келишида ойдинлаштириб берар. Ҳозирча эса россиялик ва ўзбекистонлик сиёсатшунослар учрашуви Минтақавий сиёсат жамғармаси (Ўзбекистон) ва Самарадор сиёсат жамғармаси (Россия) томонидан уюштирилганини қўшимча қилиш билан кифояланамиз.



 

Реклама