23:23 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек адлияси: Ҳукм чиқарилди, қайта кўриб чиқиш бефойдами?

16.11.2006 16:29 msk

Ўз ахб.

Андижон вилоятининг йирик раҳбарлари устидан охирги пайтларда ўтказилган маҳкама жараёнлари ҳақида Интернет-нашрларда озми-кўпми – батафсил баён қилинди. Шу билан бирга, айрим мақолалар ва хабарлар воқеликни ҳар доим ҳам тўғри акс эттирмаган. “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбири Андижон вилоят ҳокими собиқ ўринбосари, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган Эргашбой Воҳидовнинг қаришдошларидан бири билан учрашишга муваффақ бўлган. Номини ошкор қилмаслик шарти билан ундан олинган экслюзив интервьюни монолог шаклида муштарийларимиз эътиборига ҳавола этамиз.

- Эргашбой акага дахлдор жиноий иш бўйича терговни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тергов бошқармаси ўтказганди. У 2005 йилнинг 25 декабрида ҳибсга олинган ҳамда хизмат ваколатларини ошириб юборганлик ва суиистеъмол қилганликда, ўта йирик ҳажмда ўғирлик қилиб, давлатга катта миқдорда моддий зарар етказганликда айбланганди. Жиноий ишлар бўйича Фарғона вилоят суди томонидан чиқарилган ҳукм 101-саҳифага жо бўлган. Энди жиноий ишнинг ўзи неча жилдни ташкил қилганлигини тасаввур қилаверинг. Қисқаси, терговчилар ўз ишларини ёки кимнингдир буюртмасини бажаришга қаттиқ уринганлар. Мен нега бунақа деяпман? Буни конкрет мисолларда тушунтиришим мумкин.

Э. Воҳидов бюжет маблағи бўлмиш 137 миллион 881 минг 200 сўмни (110 минг АҚШ доллари) ўғирлаганликда айбдор деб топилишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган.

2002 йилнинг 1 январидан 2003 йилнинг 1 апрелигача у вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган, кейин эса 2005 йилнинг 13 декабригача Андижон вилоят ҳокимига қурилиш, алоқа ва ободонлаштириш ишлари бўйича ўринбосарлик қилган.

2002 йилда Андижонда касб-ҳунар коллежлари ва лицейлари ўқувчилари ўртасида “Баркамол авлод-2003” республика мусобақасининг якуний босқичи ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинган. Даставвал мавжуд ўйингоҳларни таъмирлаш ҳақида қарор олинган. Бироқ ҳисоб-китоблар янги ўйингоҳ қуриш фойдалироқ бўлишини ва арзонроқ тушишини кўрсатган. Давлат томонидан вилоят марказида олимпия заҳиралари махсус касб-ҳунар коллежи қуриш учун бюжетдан пул ажратилган. Коллеж ёнида 20 минг кишилик ўйингоҳ қуриш ҳақида ҳам ўша пайтда қарор қилинган бўлиб, бу ерда яқинлашиб келаётган мусобақалар якуний босқичини ўтказиш режалаштирилганди.

Бу қарорни Э. Воҳидов эмас, Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчилари Т. Рисхиев ва Ҳ. Кароматов ҳамда бошқа юқори лавозимли амалдорлар қабул қилгандилар.

Ўйингоҳ қурилишига давлат томонидан маблағ ажратилмагани учун ҳашар фойдаланиш ва ҳомийлар маблағини жалб қилиш каби синовдан ўтган усуллардан фойдаланиш ҳақида қарор қабул қилинган. Қурилиш ҳомийларидан бири ўша пайтда Э. Воҳидов раҳбарлик қилган вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлган. Маҳкама материалларидан маълум бўлишича, у “вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги балансида бўлган, суғориш каналларини капитал ва кундалик таъмири учун мўлжалланган бюжет маблағларини ўйингоҳ қурилишига материаллар сотиб олиш учун сарфлаб юборган”.

Бу пулларга бетон, арматура ва бошқа металл буюмлар, пайвандлаш агрегатлари, трансформаторлар, қурилиш учун зарур бўлган бошқа керакли ашё ва жиҳозлар сотиб олинган.

Меҳмонлар ва Ўзбекистон президенти И. Каримовнинг юқори баҳосига сазовор бўлган ўйингоҳ ўз вақтида фойдаланишга топширилган. Унда “Баркамол Авлод” мусобақасининг якуний босқичи тантанали равишда очилган ва ўтказилган.

Ҳозир ўйингоҳ одамларга хизмат қилишда давом этаяпти.

Аммо маҳкама жараёни пайтида ҳеч ким – на Ўзбекистон Бош прокуратураси терговчилари, на маҳкамага раислик қилган Фарғона вилоят суди раис ўринбосари М, Тешабоев, на Э. Воҳидов шикоятини кўриб чиққан аппеляцион маҳкама - бу ҳашаматли спорт иншоотини “сезмасдан”гина қолмай, бу пуллар бировнинг чўнтагига тушиб кетмай, айнан шу ўйингоҳ қурилишига сарфланганини ҳам сезмасликка олганлар. Ўйингоҳ тўла қувват билан ишлаб турган бўлса, давлатга етказилган қанақа зиён ҳақида гап бўлиши мумкин? Ахир давлат пулларига қурилган ўйингоҳ ҳозир ҳам давлатга тегишли бўлиб турибди-ку.

Э. Воҳидовни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиққанидан кейин унинг қариндош-уруғлари, яқинлари ва дўстлари 137 миллион 881 минг 200 сўм йиғишиб, бу маблағни вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ҳисобига ўтказиб берганлар. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ равишда, агар кўрилган зарар қопланадиган бўлса, озодликдан маҳрум қилиш шаклида жазо белгиланмаслиги керак. Аппеляцион маҳкама нима учун буни эътиборга олмаганлиги ҳалигача ҳеч кимга маълум эмас. Лекин парадоксал вазият юзага келди: агар ўйингоҳ қурилишига сарфланган пуллар давлатга қайтарилган бўлса, у ҳолда Э. Воҳидов ўйингоҳнинг ўзи пул сарф этган қисмига қонунан хўжайин бўлиб ҳисобланади.

Маҳкама жараёни чоғида Э. Воҳидовнинг адвокатлари унга қўйилаётган айбловларни ўғирлик сифатида таснифлаш мумкин эмаслигини, чунки Э. Воҳидов томонидан содир этилмиш иш бюжет маблағларини ўз ўрнига ишлатмасликдан бошқа нарса эмаслигини кўп бора исбот этишга уринганлар. Бу эса Жиноий кодекснинг мутлақо бошқа моддаси бўлиб, унда тамоман бошқа жазо кўзда тутилган. Аммо уларнинг гапига қулоқ солишни ҳеч ким ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган.

Эндиликда Э. Воҳидовга нисбатан чиқарилган ҳукм фақат Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидангина қайта кўриб чиқилиши мумкин. Аммо бизлар, Эргаш аканинг қариндош-уруғлари ва дўстлари, ростини айтганда, бу охирги инстанция ҳаммасини холис кўриб чиқиши-ю адолатли ҳукм чиқаришига шубҳа қиламиз. Ахир маҳкама жараёнининг энг бошиданоқ бу иш буюртма иши бўлган ва президент девонидаги жуда юқори лавозимли амалдорларнинг назорати остида бўлиб турибди. Фарғона вилоят судининг мустақил ва фақат қонунгагина бўйсунадиган ҳакамлари ўз ҳолларича қандай қилиб бунақа қарор қабул қилган бўлардилар, ахир? Улар ўз ҳукмномаларига Бош прокуратура айблов хулосасидан ҳатто бутун бошли боблар киритиб юборганлар. Мен аминманки, ҳакамларни уринтирмаслик мақсадида, Худо кўрсатмасин, ҳукмномага ўзларидан бирор нарса қўшиб қўймасинлар, дея, уларга компьютерда терилган матн ёзилмиш дискета берганлар.