20:44 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Эски динга итоат қилувчи ураллик казаклар Қорақалпоғистонда яшашда давом этаяптилар

16.11.2006 10:39 msk

Алена Аминова (Нукус)

Эски динга итоат қилувчи (старовер) чол Савин. © “Фарғона.Ру” АА фотоси
Орол денгизи жанубий қирғоқларига дастлаб кўчиб келган руслар Урал казак қўшини ичида чиққан исён бостирилганидан кейин император Александр II фармони билан 1875 йилда Уралдан сургун қилинган старообрядчилар бўлган. Бугунги кунда Қорақалпоғистонда ўз аждодларининг анъанавий эътиқодларига ва патриархал турмуш тарзига содиқ бўлган ураллик казакларнинг унча катта бўлмаган жамоатлари сақланиб қолган.

Европа ва Осиё чегарасидаги рус кишиларининг эрксевар жамоати XV асрда пайдо бўлганди, ўшанда патриарх Никоннинг черков ислоҳотларини қабул қилишни истамаган деҳқонлар Ёйиқ (Урал) дарёсига қоча бошлагандилар. Кейинчалик уларга қочоқ қароллар ва қуллар, ҳатто татар, бошқирд, қолмиқ ва қозоқлардан иборат бошқа дин вакиллари ҳам келиб қўшила бошлаганлар. Урал қўшини чегараларни қўриқлаш ва ҳарбий юришларда иштирок этиш учун юзлаб аскарларни етказиб бериб, Россия Империяси тахтига кўп хизмат қилган.

Уч юз йил давомида турк халқлари билан ёнма-ён яшаган казаклар овчилик ва отбоқарлик билан шуғулланганлар, балиқ тутганлар, истеҳкомларда хизмат қилганлар, савдо карвонларини қўриқлаганлар, Осиё ичкарисида рус элчилари ва илмий экспедицияларини кузатиб борганлар. Аммо 1874 йилда чиқарилган ва ураллар эркларини ўта чеклаб қўйган “Урал казак қўшинини бошқариш тўғрисидаги низом” уларни исёнга оёқлантирган. Мазкур исён шафқатсизларча бостирилган. Икки ярим мингдан зиёд энг бўйсунмас исёнчиларни, айниқса, старообрядчилик мазҳабига мансуб кишиларни 1875 йилнинг 18 апрелида Александр II ўз фармони билан уларни казаклик ҳуқуқларидан маҳрум қилган, қўшин таркибидан чиқарган ва яқиндагина забт этилган Хива хонлиги чегарасидаги қишлоққа сургун қилиб юборган.

Кўчириш 1875 йилда бошланиб, одамлар Казалинскдан аввал Первоначальное қишлоғига, кейин эса Петроалександровск (ҳозирги Тўрткўл), Чимбой, Қўнғирот, Нукусга кўчирилганлар. Казаклар аввалдан иккитиллиликка ўрганиб қолганлари учун янги ерга тезда кўникиб кетганлар. Табиий шароит ҳам уларга маъқул келган. Улар Амударёнинг қирғоқларида овчилик ва балиқчилик билан шуғуллана бошлаганлар. Ўзларининг каттакон қайиқларида улар Мўйноқдан Чоржўйгача юк ва йўловчиларни ташиганлар, Самарқанд, Туркистон, Ашхобод, Марғилон шаҳарларида балиқ, нон, чорва ҳайвонлари, шакар ва керосин сотганлар. Улар орасида бир нечта пахта заводи эгалари ҳам пайдо бўлган.

1920 йилда Хивада ўз ҳукмронлигини ўрнатган совет ҳокимияти староверларнинг хусусий мулкларига ҳужум уюштирган ва уларнинг диний қадриятларини йўқ қилмоқчи бўлган. Бунга жавобан казаклар Чимбой республикасини тузганлар, уларни Омскдан адмирал Колчак қўллаган. Қизил комиссарлар вазият устидан назоратни йўқотиб қўймаслик учун қатағонларни кейин қолдиришиб, вақтинча ён беришга мажбур бўлганлар. Аммо ҳатто коллективлаштириш ва 30-йиллардаги террор ҳам казак жамоатлари бирлигини охиригача парчалаб ташлай олмаган.

Старообрядчилар Қорақалпоғистонга келганларидан кейин ҳам ўз эътиқодларини ўзгартирмаганлар. Жамоат аъзолари Жомеъ черкови атрофида жам бўлганлар. Оила бошида “старшой” турган, ҳокимият оиладаги катта ўғилга ўтиб келаверган. Оиладаги катта аёл хўжаликни бошқарган. Ўғилларга келин танлаш ота-оналарнинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб қолган. ХХ аср бошларида уралликларнинг қариндошлик давраси жуда катта бўлган. Никоҳнинг қонунийлиги фақат куёв ва келин бир динга мансуб бўлган тақдирда ўтказилажак никоҳ маросими ва ота-оналарнинг оқ фотиҳасидан кейингина тан олинган.

Ҳозир бу қоидалар бироз юмшаган ва ёш казаклар баъзан фақат ўз динига мансуб кишиларгагина эмас, бошқа дин ва миллат вакилларига ҳам уйланаверадилар ёки турмушга чиқаверадилар. Аммо ортодоксал старообрядчи оилаларда ҳали ҳам қадимги маросимларга риоя қилган ҳолда тўй ўтказадилар. Дафн ва марҳумни ёдлаш маросимлари ҳам дахлсиз сақланган. Марҳумларни “уралликлар” қабристонига дафн этадилар. Тамаки, алкоголли ичимликлар, саримсоқ, чой ва қаҳва, шунингдек, оила аъзолари томонидан сўйилмаган мол гўштини истеъмол қилишга қўйилган таҳқиқ ҳам сақланиб қолган.

Ўзбекистонда ягона бўлган Нукусдаги старообрядчилар черкови бош руҳонийси Савин Иванович Макарчевни, одатга кўра, жамоат йиғинида сайлаганлар. Бир гал Савин чол ўз жамоати эҳтиёжларини баён қилиб, Россия президентига мактуб ёзгани учун унга “Путин” деб лақаб қўйиб олганлар.

- Менга кейин президент маъмуриятидан жавоб келди. Улар, ҳужжатларни тўғрилаб келаверинглар, янги ерга ўрнашишингизга ёрдам берамиз, деб ёзибдилар. Лекин бир ўзим қаёққа ҳам борардим? Бу ерда қавмим, қариндош-уруғларим бор, яқинларимнинг қабри бор. Шу ерда туғилдим, шу ерда ўламан, - дейди Савин Иванович.

Уралликлар Қорақалпоғистонда маҳаллий аҳоли билан доим тинч-тотув яшаганлар. Пасха байрами пайтида қўшниларни меҳмон қилишга етарли қилиб калланонлар пиширганлар, қўшни болаларни хурсанд қиладиган тухумларни эса юзталаб бўяганлар. Старообрядчилар оиласидан чиққан кишилар маҳаллий мактабларда ўқитувчилик қилиш учун қорақалпоқ тили ва адабиёти факультетларига кирган ҳоллар ҳам тез-тез учраб турарди.

Орол фожеаси бошланганидан бери казакларни қайтадан Россияга, асосан, Волгоград вилоятига кўчира бошлаганлар. Аммо у ёққа фақат ёшлар кетмоқдалар. Қариялар эса аждодлар қабри ва иконаларни сақлаш билан бандлар. Ахир уларни бегона қўлларга, ҳатто православ черкови руҳонийларига ҳам топшириб бўлмайди-да.