14:45 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Метадон билан даволаш Қирғизистонда кенг тарқалмоқда

15.11.2006 13:40 msk

Алла Пятибратова, Ўш

2006 йилнинг октябрь ойида Қирғизистон ички ишлар вазири республика ҳудудида метадон билан даволашни қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи буйруқни имзолади. Қирғизистон ҳукумати, соғлиқни сақлаш вазирлиги, Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш агентлиги метадон билан даволашни гиёҳванд моддаларга қарамликдан тузатувчи усуллардан бири сифатида тан олганлар. Миллий дори-дармон комитетига метадонни “Ҳаёт учун зарур дори-дармонлар рўйхати”га киритиш таклиф қилинган.

2002 йилнинг апрель ойида Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига кўра Бишкек ва Ўш шаҳарларидаги наркологик диспансерлар базасида Метадон билан даволаш бўйича дастлабки икки лойиҳа ишга туширилган. 2003 йилнинг февраль ойидаёқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) уларнинг фаолиятини маъқуллаб, ажратилган маблағ миқдорини кўпайтирган. Лойиҳалар беш йилдан буён ишлаяптилар, улар метадон воситасида даволаш орқали муайян ижобий натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқдалар. Қирғизистонлик наркологлар метадонни барча дардларга даво эмаслигини тан олган ҳолда, уни анча самарали восита, деб ҳисоблайдилар.

2006 йилнинг 1 июлига келиб Ўшда гиёҳванд моддаларни эмлов йўли билан истеъмол қилувчи 1172 гиёҳванд расман рўйхатга олинганди, улардан 290 таси ОИТВ-ОИТС касалига чалинган кишилардир (охирги уч ой мобайнида уларнинг сони 317 тага кўпайган). Экспертлар расмий рақамларни ўнга кўпайтирадилар. ОИТВ юқтириб олганларнинг 90 фоизи бу касалликни умумий шприцлардан фойдаланиш орқали орттирганлар.

- ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш глобал жамғармаси Қирғизистоннинг ОИТВ юқтириб олган кишилар кўп бўлган барча ҳудудларида метадон билан даволашни қўллаб-қувватлаши мумкин. Буларга Ўш, Жалолобод, Қорасув, Ўзган киради, - дейди Ўш вилоят наркологик диспансери бош шифокори Мамасобир Бурҳонов. – Бироқ ҳозир муаммо шундаки, бизда метадон билан даволаш лойиҳаси бўйича гиёҳвандлар билан ишлаши мумкин бўлган мутахассислар жуда оз қолганлар. Мисол учун, Қорасув туманида бирорта ҳам нарколог қолмаган: ҳаммалари Россияга кетиб қолганлар. Шунинг учун ҳам лойиҳа фақат Ўшда кенгайтирилади. Ҳозир бизда 75 та гиёҳванд даволанаяпти, улардан 30 таси ОИТВга чалинган кишилардир. Келаси йилга даволанишга онгли равишда тайёр бўлган кишиларни танлаб, гуруҳ таркибини икки юз кишига етказишимиз ҳамда диспансеримиз қошида дори-дармон тарқатиш бўйича қўшимча пункт очишимиз мумкин.

Метадон билан даволаш айнан Қирғизистон жануби шароитида анча самарали восита эканини кўрсатди. Бу ерда, айниқса, Ўшда гиёҳванд моддалар бозори осон топиладиган ва арзон героинга тўлиб тошган. Эмлов йўли билан гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар ичида ОИТВ билан касалланганлар кўп. Суюқлик шаклида эмланувчи метадон гидрохлорид эса фақат ноқонуний героиннинг ўрнини босибгина қолмай, гиёҳвандларни умумий игнадан хориж қилади ва бу билан ОИТВнинг гуруҳ ичида тарқалиб, инфекция тарқалишининг олдини олади. Метадон билан даволашдан асосий мақсад ҳам шу – ОИТВ/ОИТС тарқалишини тўхтатиш.

- Биз лойиҳа иштирокчиларини мунтазам назорат қилиб турамиз. Улардан 90 фоизининг турмуши яхши тарафга ўзгарди, - дейди Бурҳонов. – Уларнинг кўпчилиги ишлаяпти, ўқияпти, турмуш қуришди, атрофдагилар ҳам уларга бошқачароқ муносабатда бўлаяптилар. Уларнинг жисмоний ва руҳий саломатчилиги яхшиланди, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан зиддиятлар юзага чиқмай қўйди, чунки улар банг моддасига пул топиш учун ўғирлик қилмай қўйдилар, ёнларида гиёҳванд моддалар олиб юрмайдиган бўлдилар. Улар ҳар куни интизомни бузмай наркологик диспансерга келиб турадилар. Мижозларнинг етти фоизи лойиҳадан чиқиб бўлдилар, уларда бир йилдан буён ремиссия (касаллик аломатларининг заифлашуви) кузатилаяпти.

Метадон билан даволаш бу гиёҳванд модда олдин қатъиян маън этилган мамлакатларда ҳам қўлланила бошланди. Бунга мисол сифатида Мамасобир Бурҳонов Хитойни келтиради, у ерда сўнгги йилларда метадон аралашмасини тарқатиш бўйича ўнлаб пунктлар очилган, яқин йилларда хитойликлар бу каби пунктлар сонини беш мингтага етказишни мўлжаллаб турибдилар. Метадон билан даволашни Қозоғистон ҳам жорий этмоқчи. Ўзбекистонда эса метадонга муқобил бупренарфиндан фойдаланилади. МДҲ мамлакатлари ичида метадон билан даволашни биринчи бўлиб жорий этган Қирғизистон тажрибасини ўргангани белоруслар ҳам келгандилар...

Метадон билан даволаш лойиҳаси мижозига айланиш учун онгли равишда олинган қарор, астойдиллик талаб этилади, дея таъкидлайди Бурҳонов. Шифокор мажбурий даволашга мутлақо қарши.

- Мен мажбурий даволашни фойдасиз, деб биламан, - дейди у. – Бу куч ва пулни ҳавога сарфлаш каби фойдаси йўқ ишдир. Ҳа, қамоқхона ўтирган кишилар мажбурий равишда даволашга тўғри келади. Аммо одамнинг ўзида хоҳиш бўлмаса, мажбурий даволаш ҳатто озгина ҳам ёрдам беролмайди. У касалхона остонасидан ҳатлабоқ “доза” қидириб кетади. Шунинг учун ҳам биз ўз мижозларимизда онгли истак туғилиши юзасидан иш олиб борамиз.

Мамасобир Бурҳонов олти йилдан буён аҳоли орасида, энг аввало, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш билан шуғулланаётган “Ота-оналар гиёҳванд моддаларга қарши” жамоатчилик жамғармасига ҳам бошчилик қилиб келмоқда. Жамғарманинг “Гиёҳванд моддаларни эмлов йўли билан истеъмол қилувчилар орасида ОИТВ/ОИТС олдини олиш” лойиҳаси бўйича икки ой олдин ОИТВ/ОИТСга чалинган кишилар билан ишлаш учун мутахассислар гуруҳи тузилган. Унга ҳуқуқшунос, психолог, икки ижтимоий жабҳа ходими ҳамда иккита аутрич-хизматчи киради. Бурҳоновга кўра, бундай одамларга ёрдам қилиш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жуда муҳим ишдир. ОИТВга чалинганлар ҳам бошқа касаллардан кам бўлмаган даражада ҳимояга муҳтожлар. Бу одамларга ҳали ҳам улардан нафратланадиган жамиятда яшаш жуда қийин.