18:12 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон: Қарағандада қурилиш бош режасининг йўқлиги меъморий тартибсизлик ва дидсизликнинг тантана қилишига олиб келди

14.11.2006 18:49 msk

Константин Туманов

Меъморий нонсенс – Қарағанданинг замонавий кўринишини айнан шундай деб аташ мумкин. “Нега” деган саволга жавоб жуда оддий: бу ерда ҳамма нарса асосий режасиз қурилаяпти, Қозоғистонда катталиги ва аҳолисининг кўплиги жиҳатдан учинчи ўринда турувчи бу шаҳарда бунақа режанинг ўзи йўқ. Ҳар бир бино эгаси ўзига қарашли иншоотни ўзи хоҳлагандай тарзда қайта қуриб ёки кенгайтириб ётибди. Режа йўқ бўлганидан кейин, қурувчилар “иложи борича ҳашамдорроқ ва арзонроқ” тамойилига кўра иш тутадилар. Шундай қилиб, Қарағанда олақуроқ матони эслата бошлади. Бу, албатта, кимгадир ёқаяпти, аммо...

Келинг, Қарағандага четдан келган, ҳозиргина поезддан ёки учоқдан тушган, аввал бу шаҳарда бўлмаган одамнинг нигоҳи билан қараб кўрамиз. У нимани кўради?

Ҳамманинг диди ўзига

Бирор меҳмондан “Қарағанда сизга ёқдими?” деб сўрасангиз, кўпинча “қанчадан-қанча қурилишлар қилибсизлар, замонавий иморатлар қурибсиз”, деган жавоб оласиз. Дидли ва тарбия кўрган одам бу саволингизга “йўқ”, деб жавоб беришдан истиҳола қилади. Аммо буни ичида ўйлаши мумкин. Ҳамма гап шундаки, янги қурилаётган ва таъмирланаётган, алюкобонд ёки керамогранит каби замонавий материаллар безак берилаётган биноларнинг кўпи жуда ола-була, ўз ҳолича ва доим ҳам ўринли қурилмаяпти. Бундан ташқари, улар стандарт қутиларга ўхшайдилар, фақат уларнинг катталиги ҳар хил.

Ташқаридан келган одамда қарағандалик меъморлар бундан бошқа лойиҳа ярата олмас эканлар, деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Бироқ “шаҳар қуриш” доираларида юрган одамлар лойиҳа институтларимизда ва мустақил меъморларимизда яхши, чиройли, ғайриоддий ишланмалар борлигини жуда яхши биладилар. Бунинг устига, улар буюртмачиларга биринчи навбатда таклиф қилинади. Аммо уларни маъқул топмайдилар. Хусусий мулк эгаси, энг аввало, даромад ва буромад ҳақида ўйлайди, чирой учун пул сарфлашни истамайди, у бино ишлашининг ўзи билан кифояланиб қўя қолади. Бу нарса ҳеч кимга сир эмас.

Оқибатда шаҳар марказида навбатдаги тўғри тўртбурчак шаклидаги хунук бино пайдо бўлади.

Бош режа туғилиши биланоқ ўз долзарблигини йўқотмайдими?

Шаҳарни бунақа пала-партиш шаклда қуришнинг нуқсонлари кўп. Бунинг икки асосий сабаби бор. Биринчи – кўп амалдорлар пулга сотиладилар – бу ҳақда тўхталмаймиз. Иккинчи сабаб – Қарағандада қурилишларнинг бош режаси йўқлиги. Меъморлар бу ҳақда анча йиллардан бери гапириб келадилар, аммо расмийлар профессионаллар гапига ниҳоят қулоқ сола бошлаганларига қарамай, бундан фойда чиқмаяпти. Баҳор бошида лойиҳа институтлари ўртасида энг яхши режа учун тендер ўтказгандилар, аммо кутилмаган иш содир бўлди – ҳеч ким талабнома бермади. Биронта ҳам.

Орадан бир неча ой ўтгач, июнь ойи охирида қайта танлов ўтказдилар ва бош режани ишлаб чиқишга киришга тайёр бўлган одамларни - “Саулет” МЧЎни топдилар. Аммо яна бир мушкилот туғилди – Қарағанда ичида қурилиш қилиш учун рухсатнома бериш ва ер сотиш аввалгидек давом этаяпти. Шу тариқа, Қозоғистондаги кончилар пойтахти янги қурилиш режаси яратилгунига қадар унга анча ўзгартишлар киритишга тўғри келиб қолади. Чунки у шаҳарнинг кўп жойлари учун эскириб қолади. Ахир бу лойиҳа учун бюжетдан йигирма миллион танга ажратилган эди-я.

Бош режа билан боғлиқ вазият ёпиқ доирани эслатади. Фақат шаҳарнинг ўзи бундан ҳеч нарса ютмай қолаверади.