18:16 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бўлўт Байқўжўев: “Бакиевнинг ҳатти-ҳаракати қандай бўлишини башорат қилишдан кўра об-ҳавонинг қандай бўлишини тахмин қилиш осонроқ”

14.11.2006 16:58 msk

Дилором Эркин

Болот Байкожоев
Бўлўт Байқўжўев. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Бўлўт Муқашевич Байкўжўев ғаройиб шахс. Масалан, унинг қизиқишини олайлик. Агар кимдир почта маркаларини ёки кимдир сақич қоғозини йиғишга қизиқса, Бўлўт Муқашевичнинг кабинетида рамкалар ичига ёпиштирилган турли суд қарорлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларига навбатдаги сўроққа келиш талаби билан юборилган даъватномаларни кўриш мумкин. “Мана бу Ақаев даврида бўлган эди”, - дейди у Иссиқкўл вилоят губернатори истеъфосини талаб қилиб рухсат этилмаган митингни уюштирганлигини учун Қоракўл шаҳар прокурори К. Шатеновдан олган огоҳлантиришини ғурур билан кўрсатиб. “Буниси эса Бакиев даврида келди!” дейди у яқинда бўлиб ўтган ноябрь митингининг уюштирилиши бўйича гувоҳлик бериш учун МХХга зудлик билан етиб келиш талаб этилган янги даъватномани кўздан кечираркан...

“Фарғона.Ру” АА маълумотномаси: Бўлўт Муқашевич Байкўжўев 1949 йилда Жетиоғуз туманига қарашли Шалба қишлоғида туғилган. Қирғиз. Жўғўрқу Кенеш Халқ вакиллари йиғинига икки марта (1995 й., 2000 й.) депутат бўлиб сайланган. Қирғизистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, 2-даражали давлат маслаҳатчиси, адвокат мақомига эга. Ҳозирда “Иссиқкўл” сармоя банкининг президенти. “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати аъзоси. Асқар Ақаевнинг коррупцион ҳатти-ҳаракатларини фош қилиш схемаси муаллифи. Уйланган, иккита қизи бор.
Аммо МХХ кутиб туради. “Фарғона.Ру” АА мухбири Байқўжўевдан ноябрнинг дастлабки кунлари Бишкекдаги майдонда аслида нима бўлгани ва мамлакатда инқилобий вазият вужудга келишига нима сабаб бўлганини билишга қарор қилди.

Б. Байқўжўев: - Мустақилликка эришган пайтимизда Қирғизистон халқи республиканинг биринчи президенти Асқар Ақаевни кўтаринкилик руҳ билан қарши олганди. Мустақилликнинг дастлабки уч йилида у мамлакатимизни Швейцарияга, Жанубий Кореяга ёки Малайзияга айлантиришни истаганди. Аммо у ҳукмронлик қилган пайтда вазият йилдан-йилга иқтисодий жиҳатдан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам ўзгармай қолаверди. Ақаев аста-секинлик билан республикадаги йирик корхоналарни хусусийлаштириб ола бошлади. Халқ бу ҳақда биларди, аммо индамасди. Бироқ ҳар қанақа сабр-бардош ҳам эртами-кечми – барибир тугайди.

Эски президент ўтган йилги парламент сайловларида ўз ўғли ва қизи Бермет Ақаеванинг номзодларини кўрсатиши қирғизлар норозилигини авж нуқтага кўтарди. Уларга қарши чақириқнинг 17 депутати шошилинч равишда Қурмонбек Бакиев бошчилигида “Халқ Бирдамлиги” мувофиқлаштирувчи кенгашини тузди. Ўша пайтда Қ. Бакиев сайловчилар олдида бу тизимни ўзгартиришга қасам ичганди. Аммо буларнинг ҳаммаси қуруқ гап бўлиб чиқди.

Мухолифат талончилик ва зўравонлик йўли билан мамлакат жанубида ғайриконституциявий шаклда ҳокимиятни эгаллаб олди. Ўша пайтда биз ҳаммаси шунақа бўлиши керак, деб ўйлардик. 2005 йилнинг 24 мартида, ўзингиз билганингиздек, инқилоб бўлди, Ақаев режими ағдариб ташланди. Ҳозир вазиятни таҳлил қилар эканман, мен ўтган йили ҳокимиятни эгаллаб олган кишилар жиноий гуруҳлар одамлари бўлган, деган хулосага келаяпман. Бу босқинчилар айнан кимга бўйсунганлари ҳалигача номаълум. Талончиларнинг Оқ уйда (Қирғизистонда Ҳукумат уйини шундай деб атайдилар – таҳр.) қилган ўзбошимчаликлари шу дажарага етганки, инқилобий зафардан маст бўлган ёшлар, ифода учун узр сўрайман, албатта, йўлаклар ва юқори лавозимли шахсларнинг кабинетларига “чоптириб” чиқиб кетганлар. Уларни ким ёллаган, улар қаердан пайдо бўлганлар – бу масалага ҳалигача нуқта қўйилган эмас. Бизга фақат бу ёшларнинг бир қисми Қирғизистон шимолидан бўлганлиги маълум, холос. Буларнинг ҳаммаси режалаштирилган. Энди, орадан бироз вақт ўтганидан кейин, биз буларни билдик. Биз бугун бўлмаса, эртага - барибир уларни топамиз.

Энди яқинда бўлиб ўтган ноябрь воқеаларини таҳлил қилиб кўрайлик. Шу йилнинг январь ойи бошида “Ислоҳотлар учун!” ҳаракатининг мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилиб, унга Қирғизистон сиёсий партиялари ва ҳаракатларининг лидерлари кирганлар. Мазкур иттифоқнинг асосий талаби мамлакатда туб ислоҳотларнинг ўтказилиши ва президент томонидан ўтган йили берилган ваъдаларнинг бажарилиши бўлиб ҳисобланади. Қурмонбек Бакиев ҳокимият тепасига келгач, моҳиятан, мамлакатда ҳеч бир иш қилмади, қирғизлар аввалгидек Ақаев конституцияси билан яшашда давом этавердилар. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида, жумладан, Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутатлари томонидан бир неча бор гапирилган. Аммо Бакиев танқидларни жиддий қабул қилмади, кар ва кўр бўлиб олди. Бу ҳам етмагандай, президент мухолифатнинг кўп танбеҳларига жавобан уни ҳокимият тепасига келишига ёрдам берган депутатлар ва сиёсатчиларни очиқдан-очиқ ҳақорат қила бошлади. Ҳатто Ақаев ҳам ўзига бунчалик эрк бермаганди. Бакиевнинг кўрсатмаси билан Қирғизистон давлат телеканали ноябрь воқеаларини ҳозирги президентга маъқул келадиган йўсинда кўрсатиб, очиқдан-очиқ ёлғон ахборот бера бошлади. Масалан, президентнинг ҳатти-ҳаракатидан норози бўлган оммани майдонда юрган арзимас тўда ўлароқ, аксилмитингчиларни эса минглаб кишилик оломон қилиб кўрсатдилар. Бу ғирт ёлғон эди. Қабиҳларча ва пасткашларча уйдирилган ёлғон.

Мен бугун мамлакатимизда фуқаролик жамият барпо қилинаётибди, деб ўйлайман. Одамлар иш ҳайвони эмаслар, улар Бакиевнинг ваъдаларидан чарчадилар.

Президент мамлакат иқтисодиётига сармоялар оқиб келаётганини билдириб, узоқ вақт қирғизларнинг ишончидан фойдаланди. Бу тушунарли, у ҳокимиятни йўқотиб қўйишдан қўрқади.

Фарғона.Ру: - Март инқилобидан кейин депутатлар ва тадбиркорларнинг ўлдириб кетилиши, яқинда бўлиб ўтган героинли матрёшка жанжали бир ярим йилдан бери давом этиб келаётган ҳокимият учун кураш ўзаро рақобатлашаётган аймоқлар ўртасидаги жиноий ҳисоб-китоб бўлса керак, деган фикрга олиб келади...

Б. Байқўжўев: - Ўтган йилнинг 24 мартидан кейин биз эски режимнинг барча малайларини, жумладан, Асқар Ақаевнинг ўзини ҳам дарҳол жиноий жавобгарликка тортишимиз лозим эди. Кимдир буни атайлаб қилмаслик пайида бўлди. Нега, деб сўрарсиз? Чунки Бакиевнинг ўзи шу йўлдан кета бошлади. Акс ҳолда, у бунга йўл қўймаган бўларди. Бакиев даврида коррупция даражаси Ақаев режими давридагидан уч баробар ошди. Бунга унинг қариндошлари алоқадорлар. Масалан, сизнингча, Миллий банкнинг Жалолобод филиалидан 500 минг долларлик маблағни ким ўмарган? Бакиевнинг туғишган укаси Жусуп. Ёки унинг ўғлини олинг. Охирги пайтларда у йирик тадбиркорга айланди. Унинг Латвия бизнесига ётқизган сармоялари 25 миллион долларни ташкил қилган. Бу маблағдан мамлакат бюжетига бир тийин ҳам тушмаган. Бакиевнинг ўғли бунча пулни қаердан олди? Бакиевлар оиласи коррупцияга ботиб бўлди.

Фарғона.Ру: - Сиз ўз қўлингизда Бакиев оиласининг коррупцион ҳатти-ҳаракатларини фош этадиган схема бор, дея оласизми?

Б. Байқўжўев: - Ҳа. Қирғизистоннинг собиқ бош прокурори Бекназаров юқори лавозимдаги шахсларнинг коррупцион қилмишлари бўйича текширув бошлаганди, аммо бу ишни тўхтатиб қўйганлар. Аниқроғи, унга таҳдид қилганлар. Нима учун дейсизми? Чунки бугунги кунда Ақаевнинг бори мулки Бакиевлар хонадони ихтиёрига ўтган, гарчи бу мулклар унинг қариндошлари номига эмас, бошқа кишилар номига расмийлаштирилган эса-да. Дарвоқе, Ақаев ҳам ўз вақтида худди шундай иш тутганди.

Фарғона.Ру: - Президентнинг коррупцион ҳаракатларга аралашгани ҳақида рад этиб бўлмас далилларга эга бўлганингиздан кейин Бакиевни шахсан судга бериш ниятингиз борми? Ахир, русларда “қўлга тушмаган одам ўғри эмас”, деган матал бор...

Б. Байқўжўев: - Албатта, худди шундай қиламиз. Лекин ҳали бунинг вақти келгани йўқ.

Фарғона.Ру: - Ақаевнинг миллионлари деб аталмиш жанжалли воқеага қайтсак. Яқинда “Коммерсантъ” газетасида Асқар Ақаевнинг интервьюси чоп этилди. Унда собиқ президент “бу бойликлар ҳозирги ҳокимият ичидаги ичи қора одамларнинг уйдирмасидан бошқа нарса эмас” ва “улар ўзлари қийин аҳволга тушиб қолганларида, доим шуларни ёдга олишади”, деди ишонч билан.

Б. Байқўжўев: - Пул ўтказишнинг жуда кўп йўллари бор. Жиноий йўллар билан бойлик орттирганлар ўз миллионларини бировларга очиқ кўрсатиб ўтирмайдилар. Ақаевда бунақа схемалар жуда кўп бўлган, уларнинг ҳаммасини текшириб чиқиш жуда қийин эди. Шунинг учун ҳам у ҳеч қанақа миллионлар бўлмагани ҳақида қатъий ишонч билан билдираяпти. Биласизми, қирғизларнинг қариндош-уруғи жуда кўп ва улардан кўпчилигининг фамилиялари ҳар хил...

Фарғона.Ру: - Бакиев мухолифатга ён бериб, Конституцияга тузатишлар қабул қилганидан хурсандмисиз?

Б. Байқўжўев: - Қабул қилмай қаёққа ҳам борарди? Агар у бу ишни қилмаганида, Ақаевнинг бошига тушган кўргилик унинг ҳам бошига тушарди. Митинг чоғида бизнинг “Ислоҳотлар учун!” ҳаракатимиз ўзининг адолатли талабларидан бир қадам ҳам чекинмаган бўларди. 24 мартгача Бакиев ҳеч ким эмасди. Кейин – бир ярим йил мобайнида у бизни юзсизларча алдаб келди. Ва у ҳали ҳам ёлғон гапиришда давом этаяпти. Мана, масалан, у яқинда мухолифатни умуман таъқиб этмаслигини билдирганди. Бироқ сиз олдимга келишингиздан сал аввалроқ мен МХХга гувоҳлик бериш учун келиш талаби ёзилган даъватнома (повестка) олдим. Бакиев яна ваъдасида турмади. Энди у бизни давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганликда айблаяпти. Ўзингиз кўриб турибсиз: унинг гапи бошқа, иши бошқа эканини. Бакиевнинг фожеаси шундаки, мухолифат билан зиддият чиқариш учун унинг ўзи баҳона қидиради. Бу билан у ўз таназзулини яқинлаштираяпти. Сиёсатчи сифатида у ўз ҳаракатларини аввалдан ўйлаб олмайди, билъакс ҳаммасини тескарисини қилиб, кейин бутун айбни ўз халқига тўнкайди. Унинг бошқа сўз топа олмаганини тушунса бўлади. У ўз халқидан қўрқади. Дарвоқе, ноябрь митинги пайтида Жалолободдан 150 кишилик махсус топшириқ бажарувчи гуруҳ келганди. Аммо, вазиятни баҳолаганларидан кейин, уларнинг ҳаммаси намойишни тарқатишда иштирок этишдан бош тортишлари ҳақида ариза ёзганлар. Жалолобод эса Бакиевнинг ватани бўлиб ҳисобланарди.

Фергана.Ру: - Агар Бакиев эски усуллар билан ҳаракат қилишда давом этиб, ўз рақибларини йўқ қилаверадиган бўлса, мамлакатда президентни эгаллаб турган лавозимидан туширадиган яна бир инқилобий вазият вужудга келиши мумкинми?

Б. Байқўжўев: - Албатта! У ўз ҳатти-ҳаракатлари билан халқнинг сабр косасини тошириб юбориши мумкин, бу эса оммавий бўйсунмасликка олиб келади.

Фарғона.Ру: - Қирғизистондаги сиёсий воқеалар бундан буён қай йўсинда ривожланади, бу борада тахминингиз қандай?

Б. Байқўжўев: - Башорат қилиш яхши иш эмас. Бакиевнинг ҳатти-ҳаракати қандай бўлишини башорат қилишдан кўра об-ҳавонинг қандай бўлишини тахмин қилиш осонроқ. Унинг таназзули Бакиевнинг ўзига боғлиқ. Одамларнинг кўпчилиги эндиликда унга ишонмай қўйганлар. “Инқилобни фидойилар амалга оширадилар, унинг меваларидан эса қабиҳ кишилар фойдаланадилар”, деган машҳур ибора бор. Охирги тоифага кимлар киришини энди ўзингиз топиб олаверинг...