10:26 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сайёрада ким яхши яшайди? Кишилик тараққиёти ҳақида маъруза – 2006 йил

14.11.2006 07:26 msk

Алексей Волосевич

Шу кунларда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) буюртмаси билан мустақил экспертлар томонидан тайёрланган навбатдаги глобал “Кишилик тараққиёти ҳақида маъруза” эълон қилинди. Турли давлатлардаги турмушнинг асосий омиллари ўрганилган ушбу кўламли тадқиқот натижаларига кўра бу мамлакатлардаги кишилик потенциали рейтинги тузиб чиқилган. Бу каби маърузаларни БМТТД 1990 йилдан бошлаб йил сайин эълон қилиб келади.

Тадқиқ қилинган асосий мезонлар – бу мамлакатлардаги кишилар умри давомийлиги, таълим даражаси ва жон бошига (харид имкониятига кўра) ИЯМ ҳажми бўлган. Мазкур усул тараққиётдаги такомилни холисроқ белгилашга имкон беради, чунки бунда даромад ҳажмигина қадрланибгина қолмай, тўлақонли, соғлом ва яратувчанлик турмуши билан яшаш ҳам қадрият касб этади. БМТга аъзо 17 давлат бўйича етарли маълумот тўплашнинг имкони бўлмагани учун улар рейтингга кирмай қолганлар.

Шундай қилиб, 2006 йил учун “Кишилик тараққиёти ҳақидаги маъруза”га кўра, турмуш даражаси бўйича жаҳонда биринчи ўринни қаторасига олти йилдан буён Норвегия эгаллаб келмоқда. Ушбу Скандинавия мамлакатидаги ўртача умр давомийлиги 79,6 йилни ташкил этади, мамлакатнинг катта ёшдаги барча аҳолиси ўрта ёки олий маълумотга эгалар, харид имкониятига кўра ИЯМ ҳажми эса ҳар бир норвегияликка йилига 38.454 доллардан тўғри келади.

Иккинчи ва учинчи ўринларга маъруза муаллифлари Исландия ва Австралияни қўйганлар. Ўтган йили ҳам бу мамлакатлар шу ўринларни эгаллагандилар.

Улардан ташқари сайёранинг энг фаровон мамлакатлари ўнлигига Ирландия, Швеция, Канада, Япония, АҚШ, Швейцария ва Голландия киради. Иккинчи ўнлик: Финляндия, Люксембург (ўтган йили тўртинчи ўринда эди, бу йил 12-ўринга тушиб қолган), Бельгия, Австрия, Дания, Франция, Италия, Буюк Британия, Испания, Янги Зеландия.

Қизиғи шундаки, Европа тамаддунига дохил бўлмаган мамлакатлар (Японияни истисно қилганда) фақат учинчи ўнликда кўрина бошлайдилар: Гонконг – 22-ўрин, Исроил – 23-ўрин, Сингапур – 25, Жанубий Корея – 26. Уларнинг ҳаммаси худди Ғарб мамлакатларидек энг камида бир неча ўн йиллардан бери эркин бозор ва хусусий мулк дахлсизлиги тамойилларига содиқ бўлиб келаяптилар. Ғарбий Европанинг энг камбағал мамлакати бўлмиш Португалия ҳам (28-ўрин) шу ўнликдан жой олган.

Собиқ социалистик лагерь мамлакатларидан энг юқори ўринга Словения кўтарилган – 27-ўрин. Ундан кейин Чехия (30-ўрин), Венгрия (35), Польша (37), Словакия (42), Хорватия (44), Болгария (54), Руминия (60) келади. Кўп йиллик фуқаролик уруши натижасида абгор ҳолга келган Босния ва Герцеговина 62-ўринни, Македония 66-ўринни, қарийб ярим асрлик маҳдудликда (изоляцияда) қолган Албания эса 73-ўринни эгаллаган. Замонавий социализм ороли бўлмиш Куба 50-ўринда турибди.

Постсовет мамлакатларидан энг тараққий этганлари Болтиқбўйи республикалари бўлган – Эстония 40-ўринда (ўтган йили 38-ўринда эди), Латвия 45-ўринда (ўтган йили 38-ўринда бўлган), Литва 41-ўринда (2005 йили 48-ўринда эди). Уларнинг иккитаси бу йил бир неча поғона пастга тушганларига қарамай, уларнинг ҳаммалари олдингидай кишилик потенциали даражаси юқори бўлган (1-ўриндан 47-ўрингача) мамлакатлар қаторига кирадилар.

Постсовет давлатларининг бошқа бир гуруҳи ўртача тараққий қилган мамлакатлар қаторига кирадилар. Бироқ агар бир йил аввал улар БМТТД рейтингида фақат пастга иниб бораётган бўлсалар (Қирғизистондан ташқари), бу йил ҳақиқий бурилиш бўлган – МДҲ мамлакатларининг кўпчилиги ўз аҳволларини яхшилаб олганлар.

Россия аввалгидек энг юқорида – 65-ўрин (ўтган йили 62-ўринда, ундан аввалги йили эса 57-ўринда), ундан кейин Белоруссия келади – 67-ўринда (бир йил муқаддам 67-ўринда, унгача - 62-ўринда, яна ҳам аввалроқ 53 ўринда). Бу икки мамлакат аста-секин орқага кетаяптилар. Украина эса аксинча юқорига кўтарилаяпти – 77-ўрин (бунгача 78-, 70-ўринларда бўлган), Қозоғистон 79-ўринда (ўтган йили 80-ўринда, бунгача эса 78-,76-ўринларда), Арманистон 80-ўринда (83-, 82-ўринларда), Грузия – 97-ўринда (ўтган йили 100-ўринда эди, бунгача эса 97-, 88-, 81-, 79-ўринларда бўлган), Озарбайжон 99-ўринда (бунгача 101-, 91-, 89-ўринларда бўлган).

Биринчи юзликка Туркманистон – 105-ўрин (97, 86), Қирғизистон – 110-ўрин (109, 110), тобора пастга қараб кетаётган Ўзбекистон – 113-ўрин (111, 107, 101, 95, 94), Молдова – 114-ўрин (115, 113, 108) ва Тожикистон – 122-ўрин (122, 116, 113) киролмай қолганлар.

Аҳолининг харид имкониятига кўра жон бошига ИЯМ каби муҳим кўрсаткич постсовет республикалари учун қуйидагича бўлди: Эстония – 14.555 доллар, Литва - 13.107, Латвия – 11.653, Россия – 9.902, Белоруссия – 6.970, Украина – 6.374, Қозоғистон – 7.440, Арманистон – 4.101, Грузия – 2.844, Озарбайжон – 4.153, Туркманистон – 4.584, Қирғизистон – 1.935, Ўзбекистон – 1.869, Молдова – 1.729, Тожикистон – 1.202. Бу ерда собиқ совет республикаси бўлган Эстонияда яшовчи киши бугунги кунда собиқ совет республикаси бўлган Тожикистонда яшаётган кишидан 12 баробар кўп даромад олиши кўриниб турибди.

Ислом дунёси давлатларидан энг юқорига Қувайт (33-ўрин), Бруней (34-ўрин), Баҳрайн (39-ўрин), Қатар (46-ўрин), БАА (49-ўрин) ва Аммон (56-ўрин) кўтарилган. Нефть ва газ каби табиий бойликларни сотиш билан эмас, ўз меҳнати билан кун кечирувчи мусулмон мамлакатлари ичида энг юқори ўринга Малайзия – 61-ўрин чиққан. Кейин Ливан (78), Урдун (86), Тунис (87), Туркия (92), Эрон (96) келади.

Осиёдаги энг паст кўрсаткичли мамлакатларга қаторига маъруза муаллифлари Покистон (134-ўрин), Бутан (135), Бангладеш (137) ва Непални (138) киритадилар.

Кишилик потенциали кам ривожланган мамлакатлар гуруҳига маъруза муаллифлари 29 та Африка давлатини ва Гаитини киритганлар. Рейтингдаги охирги ўринларда Сьерра-Леоне ва Нигер давлатлари турадилар. Бу мамлакатлардаги ўртача умр давомийлиги қирқ йилдан сал кўпроқни ташкил қилади.