06:29 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Чуй вилоятининг собиқ губернатори Турғунбек Қулмурзаев: “Мен бундан буён президент учун ўйлашни истамайман”

13.11.2006 18:47 msk

Дилором Эркин

Экс-губернатор Чуйской области Кыргызстана Турсунбек Кулмурзаев. Фото ИА Фергана.Ру
Чуй вилоятининг собиқ губернатори Турғунбек Қулмурзаев. Фарғона.Ру АА фотоси
“Фарғона.Ру” аввал хабар қилганидек, мухолифатнинг ноябрь ойи бошида ўтказган митинги чоғида Чуй вилояти губернатори, Қирғизистонда эътиборли шахслардан бири бўлган Турғунбек Қулмурзаев “Ислоҳотлар учун!” ҳаракатини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаганди. Митингчиларни қўллаб-қувватлаши ҳақида баёнот бериши биланоқ у истеъфога чиқарилганди. Нима учун Қирғизистоннинг регионал раҳбарларидан бири бўлган киши бунақа кескин қадамга борди? Бу ҳақда собиқ губернаторнинг ўзи билан суҳбатлашдик.

“Фарғона.ру”: - Турғунбек Насипович, президент Бакиев янги конституцияни қабул қилишдан аввал сизни Чуй вилоят губернатори лавозимидан озод қилди. Бироқ, шунга қарамай, сиз унинг фармонига эътибор қилмай, ишлашда давом этаяпсиз...

Т. Қулмурзаев: - Воқеа қуйидагича бўлганди. Еттинчи ноябрь куни президент маъмурияти бошлиғи Абилдаев менга қўнғироқ қилиб, президент фармони билан губернатор лавозимидан озод қилинганимни расман билдирди. Мен буни хотиржамлик билан қабул қилдим. Аммо халқнинг бунга қарши чиқишини билардим. Чуй вилоят маъмурияти бошлиғи лавозимига мени ўтган йилнинг 24 март куни Бакиев эмас, халқ қўйган, шундан кейин президент расмиятчилик учун фармон имзолаганди.

6 ноябрь куни, ишдан бўшатилишимдан бир кун олдин мен президент Қурмонбек Бакиев шахсан учрашгандим. Маъмурият бошлиғи ва давлат котиби ҳузурида ҳам бўлгандим. Мухолифат лидерлари билан учрашиш зарурлигини уқдираётгандим. Атамбаев аввалига таклифимни қатъиян рад этганди, гарчи бироз ўйлаб кўргач, рози бўлган эса-да. Мухолифат давлат телеканалида бевосита эфир талаб қилаётганди. Президент маъмурияти ходимлари бу масала юзасидан роса беш соат мажлис қилгандилар. Баъзилар буни қўлладилар, бошқалари қарши чиқдилар. Ниҳоят, президент мухолифатнинг ҚТР телеканалидан чиқишига рухсат этди, аммо бунга ярим соатдан кўп бўлмаган вақт берди.

Биринчи талаб бажарилгандай эди. Мен яна Атамбаев билан учрашишга қарор қилдим ва яна ундан президентнинг мухолифат билан кўришишга кўндиришни сўрадим. Бакиев маъмурият раҳбарига “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати лидерларининг ҳеч қанақа ультиматумини қабул қилмаслигини айтиб бақирарди. Йўлакда инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси Ахуновни учратдим, у тонг саҳардан бери Бакиевнинг қабулига киролмаётган экан. Мен илтимос қилгач, уни ниҳоят қабул қилдилар. У президентнинг кабинетига кириб кетди, аммо икки дақиқадан кейин жуда аччиқланган ҳолда қайтиб чиқди. Мен уларнинг гаплари қовушмаганини тушундим. Кейин Қурмонбек Бакиев билан шахсан гаплашишга қарор қилдим. У мени соат 19 да қабул қилди. Мен уни мухолифат вакиллари билан учрашишга кўндирмоқчи бўлардим. У эса кўнмасди. У бунинг фойдасизлигини айтиб, эртами-кечми - референдумда мухолифатнинг эмас, айнан президент киритган конституция лойиҳаси тасдиқланишини айтарди. Шунда мен унинг командасида бошқа ишламаслигимни билдирдим. Оқ уйдан чиққач, мен митингчиларга бориб қўшилдим ва очиқдан-очиқ президент истеъфосини талаб қилдим. Мен доим халқ билан бирга бўлганман ва бундан кейин ҳам халқ билан бўламан. Бакиев ҳокимияти ишга ярамай қолди.

Вилоят аҳли менинг аввалгидек ишлайверишимни талаб қилаяптилар. Яқинда вилоят маъмурияти биноси олдида мени ҳимоя қилиб митинг уюштирдилар. Тартибсизликларга йўл қўймаслик учун мен уларнинг олдларига чиқиб, одамларни тинчлантирдим. Вилоят аҳли мендан ўз ўрнимда қолишни талаб қилаяптилар ва тахмин қиламанки, менинг ўрнимга бошқа бировнинг келишига йўл қўймайдилар. Ҳозир менинг ўринбосарим вилоят губернатори вазифаси бажарувчи бўлиб турибди. Менга маълум бўлишича, мени аввалги ўрнимда қолдириш талаби билан вилоят аҳлидан президент маъмуриятига юзлаб мурожаатномалар тушган.

“Фарғона.ру”: - Энди нима қилмоқчисиз?

Здание администрации Чуйской области. Фото ИА Фергана.Ру
Чуй вилоят маъмурияти биноси. Фарғона.Ру АА фотоси
Т. Қулмурзаев: - Очиғини айтсам, чарчадим. Дам олмоқчиман. Аммо халқ мендан ишни давом эттиришимни талаб қилаяпти. Мен ўзимни қўллаб митингга чиққанлардан мени бир-икки ҳафтага бирор жойга дам олиб келиш учун қўйиб юборишларини сўрагандим, аммо улар бунга қатъиян қарши бўлдилар.

“Фарғона.ру”: - Нима деб ўйлайсиз, президент Чуй вилоятида митинг қилаётганларга ён бериб, сизни губернатор лавозимида қолдирармикан?

Т. Қулмурзаев: - Мен бундан буён президент учун ўйлашни истамайман.

“Фарғона.ру”: - Маълумки, сиз Бакиев-Қулов тандемини тузиш ғояси муаллифларидан бири бўлиб ҳисобланасиз...

Т. Қулмурзаев: - Бу тандемни шахсан мен тузганман, Атамбаев билан биргаликда. Энди, орадан бир қанча вақт ўтгач, Қулов ва Бакиев ҳатти-ҳаракатларидан ҳафсалалар пир бўлган бир ҳолда, мен сиёсий қарталарни очиб ташлашим ва Оқ уйнинг сирли ўйинлари пардасини кўтариб ташлашим мумкин.

Биз ҳокимият тепасига келган март инқилобидан кейин Қулов куч ишлатар тузилмалари мувофиқлаштирувчиси эди, мен эса МХХ мувофиқлаштирувчиси эдим. Бош вазир лавозимини Қурмонбек Бакиев эгаллаб турганди, орадан бироз ўтгач, у президент вазифасини бажарувчи бўлди. Ўзингиз яхши биласиз, ҳукмдор алмашганига қарамай, Қирғизистон шимоли ва жануби орасидаги таранглик сақланиб қолаётганди. Чатнаш бўлмаслиги учун биз Қуловни бош вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинлашга қарор қилдик. Аммо у қамоқдан инқилобчилар талаби билан ноқонуний озод қилингани учун биз бу масалани юридик жиҳатдан тезроқ ҳал қилишга қарор қилдик. Ўшанда республика бош прокуратураси ташаббуси билан Қулов иши Қирғизистон Олий судига топширилди. Ўтган йилнинг апрель ойида суд ўз қарори билан Феликс Қуловни оқлашга қарор қилди. Шу тариқа у халқ олдида оқланди.

Тез орада, айнан эса 2005 йилнинг 10 июнида мамлакатда президентлик сайловлари бўлиб ўтиши керак эди. Давлат раҳбари лавозимига даъвогарлардан бири Феликс Қулов эди. Биз эса, ўз навбатида, Атамбаевнинг номзодини кўрсатмоқчи эдик. Бироқ Атамбаев мамлакатдаги таранг вазиятни ҳисобга олган ҳолда таклифимизни рад этди ва биздан Бакиевни қўллашни сўради. Аммо бу ерда ғалати вазият юзага келиб қолди: Қулов шимоллик, Бакиев эса жанубдан эди. Шунда биз Атамбаев билан икки лидерни бирга, битта командада ишлашга кўндиришга қарор қилдик. Атамбаев Қулов билан гаплашди, мен эса Бакиев билан. Мен Қурмонбекка, агар у президент бўлганидан кейин Қуловни бош вазир этиб тайинласа, биз сайловда унинг ғалабасини таъминлашимиз мумкинлигини айтдим. У рози бўлди. Атамбаев Қулов билан жуда узоқ музокара олиб борди. Қулов анчагача бу таклифга кўнмади. Музокара олиб боришга бир ҳафта вақт кетди. Биз Қуловга қирғиз тилини билмагани учун президент бўлолмаслигини тушунтирдик. Охир-оқибат, у кўнди. Бу ишда бизга Конституцион суд раисаси Чўлпўн Баекова катта ёрдам берди. У Қулов билан Бакиев орасида кейинчалик ҳеч қанақа келишмовчилик чиқмаслиги учун улар ўртасидаги барча битимларни юридик жиҳатдан расмийлаштирди. Бу лойиҳани мен бир неча марта аввал Бакиевга, кейин эса Қуловга кўрсатдим. Улар лойиҳага ўз тузатишларини киритдилар.

2005 йилнинг 12 май куни кечқурун биз Бакиевнинг олдига бордик. Кабинетда у ёлғиз эмасди, унинг атрофида аппарат ходимлари - Данияр Усенов, Мадумаров, Аринбаев ва Исабеков бор эди. Мен унга шундай дедим: “Ахир биз келишган эдик-ку бу лойиҳа ҳақида вақти-соати келгунча ҳеч ким билмаслиги керак, деб. Бу масалани фақат тўрт киши: сиз, мен, Қулов ва Атамбаев ҳал қилишимиз керак. Сиз Феликс билан бу ҳужжатни бизнинг олдимизда имзолайсиз, кейин биз уни халқ муҳокамасига олиб чиқамиз”. Мен унинг бегоналарни таклиф қилганидан ҳайрон бўлиб қолдим. Аммо Бакиев менга бу унинг штаби экани ва улар билан келишмай туриб, бу ҳужжатни имзоламаслигини билдирди. Мен унга Қулов томон Қирғизистон президенти сайловларида ўз номзодини кўрсатишдан бош тортгани сабабли штаб ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини тушунтирдим. Аммо Бакиев ўз сўзида туриб олди. У ҳужжатнинг бир нусхасини ўз ёрдамчисига берди. Вақт ўтиб борарди. Мен ундан “ҳужжатни имзолайсизми ё йўқми”, деб сўрадим. Қайд этиб ўтайки, бу пайтга келиб Қулов уни Конституцион суд раисаси ҳозирлигида имзолаб бўлганди. Бакиевнинг маслаҳатчиларидан бири Чўлпўн Баековага хизмат хатини топширди, унда Атамбаев ўз номзодини қўйиш-қўймаслиги билан қизиқилганди. У овоз чиқариб: “Агар зарур бўлса, мен сенга ўз тилхатимни беришим мумкин”, деди. Унинг таъкиди Бакиевни хотиржам қилди. У ҳужжатни имзолади.

Бу соат 11 дан 45 дақиқа ўтганида содир бўлди. Мен Қуловга қўнғироқ қилдим, 20 дақиқалардан кейин у Оқ уйга етиб келди. Улар ўзаро қўл сиқишдилар ва хайрлашдилар. Эртаси куни бу тандем ҳақида халққа билдирилди. Сайловлар ўтди, Бакиев президент бўлди. У ўз фармони билан Қуловни бош вазир этиб тайинлади. Бир ярим йил ўтгач, биз хато қилганимизни тушундик: тандем халққа қарши ишлай бошлади. Бугунги кунда у бошқа керак бўлмай қолди.

“Фарғона.ру”: - Қирғизистондаги сиёсий турмуш қандай бўлажаги ҳақида тахминингиз қандай? Ўзингиз мухолифатга кетасизми ёки губернатор курсисини сақлаб қолишга ҳаракат қиласизми? Келажакда президент билан муносабатингиз қандай бўлади?

Т. Қулмурзаев: - Ҳозир, менимча, ҳукумат истеъфога кетиши керак ва Жўғўрқу Кенеш сайловларигача бош вазирни тайинлаш керак.

Президентга келсак, менимча, у менинг демаршимдан ҳафа бўлди, шекилли. Ҳозир у мен билан гаплашиши керак, деб ўйлайман. Бу ахир сиёсат-ку. Сиёсатда бундан баттари ҳам бўлади... Мен демократик ўзгаришлар тарафдориман. Мен ўзим томонимдан биринчи қадамни қўйдим. Энди президент менинг тақдиримни ҳал қилмайди.

“Фарғона.ру”: - Бош вазир Феликс Қулов билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида Қурмонбек Бакиев мухолифатни қувғин қилмаслигини билдирди. Бироқ “Ислоҳотлар учун” ҳаракатининг айрим аъзолари МХХга келиш талаби битилган даъватномани олганлар. Сиёсий таъқибларга учрашдан қўрқмайсизми?

Т. Қулмурзаев: - Мен ҳеч кимдан қўрқмайман. Агар расмийлар бу ишни қиладиган бўлсалар, улар яна бир қўпол хатога йўл қўядилар ва ўзларини халқ таъқибига дучор қиладилар. Мен қонунни буздим, деб ўйламайман. “Ислоҳотлар учун!” ҳаракатининг ноябрь митингини уюштиришдан мақсади давлат тўнтариши бўлмаган, улар президент томонидан аввал берилган ваъдаларнинг бажарилишини истагандилар. Биринчи асосий талаб бажарилганидан кейиноқ митингчилар тинчгина тарқаб кетдилар. Агар улар ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишни мақсад қилганларида эди, улар буни аллақачон амалга оширган бўлардилар.

Дилором Эркин, “Фарғона.Ру” АА учун махсус, Бишкек