08:08 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Қирғизистондаги навбатдаги “инқилоб”ни “сезмай қолдилар”

11.11.2006 17:21 msk

Алексей Волосевич

Қирғизистонда иккинчи “зарқалдоқ” инқилоби муваффақият билан ўз ниҳоясига етди. БМТ Бош котиби Ўзбекистонни қийноқлар амалиётидан воз кечишга чақирди. Нурсултон Назарбоев қозоқ алифбосини кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказди. Жўрж Буш Мексика билан бўлган чегарада девор тиклаш ҳақидаги қарорни имзолади. Бу муҳим, аммо ҳар турли воқеаларни битта нарса бирлаштириб туради: Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу ҳақда хабар бермадилар ва уларнинг ёнидан ўлик сукут сақлаб ўтиб кетишда давом этмоқдалар.

Бу фақат ҳукуматнинг кучли цензураси мавжудлиги билангина эмас, бошқа мамлакатларда содир бўлаётган воқеаларга нисбатан фавқулодда ўзига хос ахборот сиёсатининг борлиги билан ҳам изоҳланади. Бу сиёсат кўп йиллардан буён узоқ ва яқин мамлакатларнинг барчаси норасмий тарзда уч тоифага – “яхши”, “ёмон” ва “нейтрал” мамлакатларга бўлиниши билан белгиланади. “Яхши” ҳисобланмиш мамлакатлар ҳақида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига фақат ижобий фикрларни ёйинлашга рухсат этилган, “нейтрал” мамлакатлар ҳақида (диний мавзулардан ташқари) исталган нарсани гапириш мумкин, “ёмон” мамлакатлар эса алоҳида мақом касб этадилар – улар ҳақида нафақат гапириш, ҳатто уларни ёдга олиш ҳам маън этилган. Фақат камдан-кам ҳоллардагина истиснога йўл қўйилади – Ўзбекистонга “ёмон” давлатнинг юқори лавозимли вакили келган пайтда ёки у ерда қанақадир номақбул иш бўлаётган бир пайтда. Қайд этиш зарурки, “Ёвузлик маркази” давлатларига Ўзбекистон томонидан “қора рўйхат”га киритилган мамлакатларнинг мутлақо алоқаси йўқ. Республика раҳбарияти (Ислом Каримов деб ўқилсин) муқобил “ёвузлик маркази”ни яратиб олган бўлиб, унга бугунги кунда Ўзбекистонни ўраб турган барча мамлакатлар – Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон киради. Бу мамлакатлар ҳақида ўзбекистонлик журналистларига ёмон нарсадан бошқасини ёзмаслик тавсия қилинади. Ҳатто қўшни давлат раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, ҳукумат газеталари икки мамлакат раҳбарлари учрашувига биринчи саҳифани бошдан-оёқ бағишлаган пайтларда ҳам, бу мақолаларда иккитомонлама имзоланган шартномалар, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ортгани ёки меҳмоннинг Самарқанд гўзаллигидан ҳайратланганидан бошқа ҳеч нарса бўлмайди. Қўшни мамлакатларда аслида нималар бўлаётганини Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидан билишнинг имкони йўқ. У ерда мухолифатнинг борлиги, оммавий чиқишлар, митинглар, намойишлар булаётгани ёки аксинча, коррупция ва қатағонлар мавжудлиги ҳақида ҳар қанақа эслатмаларга қатъий таъқиқ қўйилган. Худди шу каби Ўзбекистондаги турмуш даражаси билан солиштиришга имкон берувчи қўшни мамлакатлардаги турмуш даражаси – нархлар, нафақалар, имтиёзлар, ИЯМ ҳажми ҳақида ҳар қандай маълумот бериш ҳам маън қилинган. Қўшни мамлакатлардаги ойлик маош ҳажми эса мутлақо ёдга олиб бўлмайдиган мавзу бўлиб ҳисобланади.

Бу ҳолат икки йилдан буён дунё газеталари ва телеэкранларини янгиликлар билан таъминлаб келаётган Қирғизистонга муносабат мисолида яққол кўринади. Марказий Осиё минтақаси учун жуда муҳим бўлган 2005 йилдаги қирғиз инқилоби ҳақида 26 миллионли Ўзбекистонда фақат битта газета хабар беришга журъат қилган. Шундан кейин таҳририятга президент девонидан бу мавзу ҳақида бундан буён ёзишни бас қилиш талаби билан қўнғироқ бўлган. Ўзбекистон давлат телевидениеси Қирғизистондаги воқеаларни четлаб ўтмади, бироқ улар инқилобнинг асосий мақсади Бишкекдаги талончилик ҳодисалари бўлганлигига ишора қилгандай, фақат ўша талончиликни намойиш қилганди.

Қирғизистонда бугун нималар содир бўлаётгани ҳақида ҳатто телевидениеда ҳам бир оғиз сўз айтилмаяпти. Газеталар бирор қатор ҳам ёзмаяптилар. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари нуқтаи назаридан қаралганда, мухолифатнинг чиқишлари ҳам, Қирғизистондаги минглаб кишилик митинглар ҳам бўлмаган ва ҳозир ҳам йўқ. Бекорга сукут сақланаётган йўқ, албатта: бунда ўзбекистонликлар учун ҳеч қанақа яхши ўрнак йўқ, бунинг устига улар ҳам президент ҳокимиятини чеклаш ва демократик ислоҳотлар ўтказишни талаб қилиб қолишлари мумкин...

Минтақадаги энг илғор давлат бўлмиш Қозоғистон ҳақида бошқа сабабларга кўра - айнан унинг илғорлиги боис чурқ этилмайди. Гарчи учрашувлар чоғида ҳар иккала президент ҳам бир-бирларини “дўст” деб аташиб, ўзаро лутфбозлик қилаётган бўлсалар ҳам, бу “дўстона” мамлакатни ёд этиш ўзбекистонлик телевидение ходимлари ва газетачиларига мутлақо тавсия қилинмайди. Агар Қозоғистонда ўртача ойлик маош 345 доллар бўлмаганида эди, унинг иқтисодиёти эса кун сайин ривожланмаганида эди, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди...

Лекин бунақа деб ҳам бўлмайди – бунинг учун қўшни Тожикистонга назар солиш кифоя. Ўзбекистонлик муштарий, телетомошабин ёки радиотингловчи учун бу мамлакат худди йўқдек. Ўзбекистон ОАВ шу кунларда бўлиб ўтган Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоновнинг қайта сайловлари ҳақидагина наридан-бери хабар берган бўлдилар. Мишмишларга кўра, Тожикистонга нисбатан махфий равишда эълон қилинмиш ахборот бойкотига сабаб Каримов ва Раҳмонов ўртасидаги шахсий зиддият экан.

Минтақадаги бешинчи постсовет ўлкаси – Туркманистонга келсак, ўзбекистонлик муштарий, телетомошабин ёки радиотингловчи учун бу мамлакат мутлақо terra incognita давлати бўлиб ҳисобланади, чунки маҳаллий ОАВ у ерда навбатдаги газ кони топилгани ёки “зангори олов” нархининг ошганини истисно қилганда, Туркманистон ҳақида ҳеч қанақа маълумот бермайди.

Бевосита қўшни бўлган мамлакатлардан ташқари давлат “қора рўйхати”га айрим давлатлар, жумладан, МДҲдаги қардош мамлакатлар ҳам киритилган. Масалан, Грузия ҳақида хабар бериш мутлақо мумкин эмас.

Кейин Украинага навбат келди. Киев майдонидаги воқеалар авжига чиққан пайтда президент девонидан келган кўрсатма бўйича Ўзбекистон газеталари бу республикада бўлиб ўтаётган воқеалар тўғрисида тайёр терилган материалларни ҳам олиб ташлаганлар. Украина бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида “қувғин”да бўлди, шундан кейин Ўзбекистон аста-секин қаҳр-ғазабини меҳр-шафқат билан алмаштирди – матбуотда бу мамлакат хусусида айрим мақолалар чоп этила бошланди. Януковичнинг яқиндаги ғалабасидан кейин эса ҳатто Украинадаги вазият ҳақида батафсилроқ мақолалар ҳам кўрина бошлади.

Литва, Латвия ва Эстония ҳақида ҳам бирор-бир яхши гап айтиш мумкин эмас.

Бироқ Россия ва АҚШга муносабат ўтган икки йил ичида шу қадар ўзгардики, ҳайратдан ёқа ушлаб қоласиз. Бор-йўғи икки йил муқаддам Қўшма Штатлар Ўзбекистон ОАВ учун муқаддас сигир каби эди – бу мамлакат ҳақида танқидга сал ўхшаб кетадиган нарса ҳам ёзиш мумкин эмасди. Америкадаги ҳаёт АҚШнинг ўзи каби осмонга кўкларга кўтариларди. Буни бемалол тушунса бўлади – у пайтларда Ислом Каримов “террорга қарши кураш”да ишончли иттифоқчи бўлиб ҳисобланарди. Андижон воқеаларидан кейин вазият тубдан ўзгарди. Қанақадир бир ой ичида АҚШ дўстдан душманга айланди. Ғазабга тўлган ўзбекистонлик журналистлар АҚШнинг жамики гуноҳларини фош эта бошладилар, жумладан, унинг Ироққа ноқонуний тарзда бостириб кирганлигини ҳам айтиб таъна қилдилар. АҚШни қарийб бир йилча пўстагини қоқдилар, кейин бу кампания сусайиб қолди. Бугунги кунда вазият шундайки, АҚШ ҳақида қарийб гапирилмайди. Сўкмайдилар ҳам, мақтамайдилар ҳам – худди Америка йўқдай. Дунёдаги энг қудратли мамлакат ҳақида фақат айрим пайтларда радио ёки ТВдан гапириб қоладилар, баъзи газеталар “халқаро хроника” рукнида АҚШнинг Ироқдаги уруши ҳақида хабарлар чоп қиладилар, холос.

Ўз навбатида Россия охирги 13 йил мобайнида маҳаллий ОАВда мустамлакачиликка, азалдан қонида халқларни истибдодда сақлашга мойил мамлакат ва сал бўлмаса “ёвузлик империяси” ўлароқ тасвирланарди. Буларнинг ҳаммаси очиқ ифода билан айтилмасди, албатта, аммо мудом шунга ишора қилинарди. Айни пайтда Россия маданияти, санъати, фани ҳақида яхши сўзларни айтиш ҳеч қачон маън қилинган эмас.

Россияга нисбатан муносабат ўтган йил баҳорида ўзгарди. Президент Каримов Россияга сафар қилди, у ёқдан қайтгач, дўстлашиш лозимлигига ишора қилди. Ўша йил ёзида Стратегик ҳамкорлик ҳақида шартнома имзоланди ва шундан буён Россияга шон-шараф айтиш кундан-кунга ошиб бораяпти, Путин Каримовни қўллаб чиққанидан кейин эса бу ҳамду сано авж нуқтага етди. Ўшандан буён маҳаллий ОАВ Россияга очиқдан-очиқ хушомад қилишга ўтиб олдилар. Бугунги кунда мадҳиябозлик сал камайган ва гап оҳангида ортиқча ялтоқилик йўқолган.

Шу ерда бир муҳим гапни қистириб ўтиш лозим – юқорида саналган барча таъқиқлар ижтимоий-сиёсий йўналишдаги оммавий ахборот воситаларигагина дахлдор. Интернетдан материал кўчириш билан кун кўрувчи кўнгилочар нашрларда у ёки бу мамлакатни ёдлаш юзасидан бирор-бир чеклов йўқ. Бу мазкур газета ва журналларда жиддий материаллар берилмаслиги сабабидан бўлса керак.

Ўзбекистонда “яхши” мамлакатлар сирасига Япония, Жанубий Корея ва Исроил каби давлатлар киради. Маҳаллий матбуотда улар ҳақида деярли ҳар куни – ўрни бўлса-бўлмаса гапирилаверади. Шу билан бирга, вақти-вақти билан Исроил фаластинликларга қарши ҳарбий амалиётларни ўтказаётгани-ю бунинг натижасида фақат террорчилар эмас, тинч аҳоли ҳам ҳалок бўлаётгани хусусида хабар қилинади. Яъни, гарчи Исроилни танқид қилиш, умуман олганда, маън этилган бўлса-да, холисликка ўхшаш бир нарсага таянилгандек кўринади. Япония эса газета саҳифаларидан ҳечам тушмайди. Бу мамлакатга алоқадор хабарлар газеталарнинг деярли ҳар бир сонида чиқади. Бу ҳам тушунарли – Япония ҳукумати саҳоват билан қарз улашаркан, уларнинг берилишини ҳеч қачон инсон ҳуқуқларининг бузилиши муаммолари билан боғлаган эмас.

Бошқа барча мамлакатлар ҳақида Ўзбекистон ОАВга анча бемалол гапиришга рухсат этилган. Улар “нейтрал” мамлакат бўлиб ҳисобланадилар, шунинг учун ҳам улар ора-сира газета саҳифаларида ёки телеэфирда кўриниб турадилар. Чекловлар фақат ислом давлатларигагина тегишли - улар ҳақида эҳтиёткорлик билан сўз юритган маъқул. Ўзбекистонлик медиамаҳсулот истеъмолчиларнинг маъсум ва пок мияларини диний ташвиқотнинг ҳалокатли таъсиридан ҳалос этиш учун бу мамлакатларда ҳаёт зўрлигини айтиш дуруст ҳисобланмайди.

Албатта, бу ахборот қамалининг самарасига, унинг ўзбекистонликлар онгига чиндан ҳам таъсир кўрсатишига ишониб, хомтама бўлмаслик керак. Моҳиятан, бу ҳолат қачонлардир Тошкентнинг марказий майдонида мустақиллик тимсоли бўлмиш ер куррасини ўрнатишни буюрган мамлакат президентининг ўзига хос шахс эканини акс эттиради. Бу иншоотда ягона мамлакат - Ўзбекистон бор, холос – бошқа ҳеч қанақа давлат, ҳеч қанақа қўшни йўқ...

Одамларга келсак, улар уялмасдан ёлғон сўзловчи маҳаллий оммавий ахборот воситаларига анчадан буён эътибор қилмай қўйганлар. Улар кабель телевидениелари орқали узатилувчи Россия телеканалларини кўришни маъқул биладилар, сунъий йўлдош антенналарни ўрнатиб олганлар, шунингдек, республикада тез тарқалаётган Интернет тармоғига уланиб олаяптилар. Шундай экан, қўшни давлатдаги инқилоб ёки исталган бошқа воқеа ҳақида сукут сақлаш билан эндиликда кўзланган натижага эришишнинг иложи йўқ.