13:54 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Аёл меҳнат муҳожирларининг ҳаётига назар

11.11.2006 11:12 msk

Н.Зотова

С.А.Прокудин-Горский фотоси, 1912

Ўрта Осиёдан келган аёл меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ масалалар ҳали кам ўрганилган. Бу фавқулодда ҳодиса тадқиқотчи олдига бир қатор саволларни қўяди. Ўрта Осиё аёлларининг жинсий стереотиплардан қутулиш жараёни қандай кечмоқда? Четга чиқиб ишлаш ҳақида қарор қабул қилишга нима туртки бўлаяпти? Аёлларнинг ўзлари бораётган мамлакатларга мослашишлари қандай кечаяпти, улар Россиядаги ўз муаммоларини ҳал этиш учун қандай имкониятлардан фойдаланишлари мумкин? ва ҳаказолар.

Ўрта Осиё оиласидаги роллар тақсимланишининг анаъанавий тизимида эркак киши пул топиб, оила боқади. Аёллар бола туғиш, фарзанд тарбиялаш, уй ишлари билан машғул бўлиш, оила турмушини таъминлаш каби репродуктив вазифаларни бажарадилар. Бу каби тақсимот кўп асрлардан бери, жумладан, ислом дини меъёрлари билан ҳам собитдир.

Шу мавзу юзасидан Москвада ва Подмосковьеда Душанбедан келган уч ёш аёлдан интервью олинганди. Қизларнинг ўзлари ва уларнинг оилалари Тожикистондаги ўқимишли одамлар, зиёлилар ва жамиятнинг сара кишилари тоифасига мансуб. Уларнинг турмушида кечган воқеаларга батафсилроқ тўхталаман.

Аралаш оиладан чиққан тожик қиз

19 ёшли Ольганинг оиласи Москвага 1996 йилда келган, чунки унинг отаси докторлик диссертациясини ёқлаши керак эди. Ҳимоядан кейин у оиласидан бу ерга кўчиб келишни сўраган. Қизнинг онаси рус, отаси эса тожик миллатига мансуб киши. Аралаш никоҳдан туғилган қиз, гарчи тожик тилини яхши билмаслигини қайд этса-да, ўзини кўпроқ тожик, деб ҳисоблайди. Москвада Ольгани рус ўлароқ қабул қилмайдилар. Бунинг устига Ольга ҳам ўзини рус деб ҳисобламайди. Буни унинг дўстлари даврасига қараб ҳам билса бўлади. Қизнинг Москвада тожик танишлари кам, дўстларининг кўпчилиги арманлар; “нега шунақа эканини билмайман, лекин бу вазият тақазоси бўлса керак”, - дея қайд этади у.

Москвада ўтган саккиз йил ичида Ольга мактабни битирди ва МДУга кирди. Оиласи Университет ётоқхонасида туради, улар ётоқхона орқали расмийлаштирилувчи йиллик вақтинча қайдга эгалар. Ҳозирда оила аъзолари Россия фуқаролигини олиш учун ҳужжат топширишни режалаштириб турибдилар. Турар-жой масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди, чунки йилдан-йилга ётоқхонада яшаш муддатини чўздириш имконияти камайиб бораяпти. Оила Москвада яшаган пайт ичида оила бошлиғи Душанбеда уч марта, она бир марта бўлиб қайтган, қиз эса ватанга бирор марта ҳам бормаган. Оиланинг барча аъзолари ишлайдилар, ўртача даромад оилада жон бошига ойига $300 дан тўғри келади. Бюжетнинг учдан бири маиший муаммоларни ҳал қилишга, озиқ-овқатга сарфланади.

Иш қидириш билан Ольга мустақил равишда шуғулланган, у ўқиш билан ишни биргаликда олиб боради. Айни пайтда у кўчмас мулк агентлиги веб-сайтининг муҳаррири бўлиб ишлайди. Ишни қонуний йўл билан расмийлаштиришда муаммолар бор. Қизнинг айтишича, ишга олишдаги ўнта рад жавобининг учтаси миллий мансублик сабабидан бўлган.

Бу оила “Москвада ўрнашиб қолиш”ни истайди. Бунинг учун, биринчи навбатда, Россия фуқаролигини олиш масаласини ҳал қилиш лозим. Москвада уларнинг қариндошлари ва яқин кишилари йўқ бўлгани учун оила аъзолари ўз муаммоларини мустақил равишда ҳал қилишга ўрганганлар. Ёш қиз яхшигина иш топган, оила бюжетига ўз улушини қўшаяпти. Шундай қилиб, Ольга ва оиласининг келажакдаги режалари Россия билан, улар муҳожирлар тоифасидан қабул қилувчи мамлакат фуқароси тоифасига ўтиш билан боғланган.

Сара ёшлар

Душанбедан келган бошқа бир қизнинг оиласи Тожикистоннинг корчалон хонадонлари тоифасига мансуб. Ҳабибанинг Россияга келишидан асосий мақсад оиланинг ўз маблағини Москвадан уй сотиб олишга қарор қилгани бўлган. 22 ёшли қиз Душанбедан 2004 йил охирида келган. У олий маълумотга эга (Славян университети), Тожикистон Миллий банкида ишлаган ҳамда турли халқаро ташкилотларда кўнгилли сифатида фаолият юритган. Рус, ўзбек, татар, тожик, инглиз каби бир неча тилларни билади. У аралаш ўзбек-татар оиласида туғилган; қариндошлари (ота-онаси ва укаси) ватанда қолганлар.

Душанбеда яхши иш тажрибасига эга бўлган қиз сифатида унинг Москвада иш топиш муаммосини қандай ҳал қилганини қайд этиш қизиқ. Россияга келгач, у Москвадаги агентликлардан бирида кўчмас мулк бўйича менежерлар қисқа муддатли курсини тугатган. Ўқишдан кейин кўчмас мулк агентликларининг кўпчилиги битирувчиларга ўз агентликларида иш таклиф қилганлар. Агентликлардан бирида ишлар экан, Ҳабиба муайян маошли иш жойи қидиришни бошлаган. У резюме бериш ва иш берувчилар билан суҳбатлашиш орқали йирик машҳур банкка ишга жойлашишга муваффақ бўлган.

Қизнинг фаол ҳаётий позицияси Москвадаги турмушнинг ҳамма жабҳаларида ўз аксини топган. Қайд этиш зарурки, у Россия фуқаролигини ва чет эл паспортини ватанидаёқ расмийлаштириб олган. Москвада у янги нусхадаги Россия паспортини олиш учун ҳужжат топширган ва уни олиб бўлган. Шунга қарамай, ташқи қиёфаси сабабли уни вақти-вақти билан милиция тўхтатиб туради. Бироқ унинг ўз манфаатларини ҳимоя қила олиши милиция билан бўлган тўқнашувларда ҳам ёрдам беради. Масалан, у Россиянинг янги паспортини олиш учун ҳужжат топширган пайтда ундан Тожикистон паспортини олиб қўйганлар. Қиз Душанбедаги Халқаро муҳожирлик ташкилоти идорасига қўнғироқ қилиб, у ердан Москвадаги барча тегишли ташкилотларнинг телефонларини олган. Бир неча жойга қўнғироқ қилганидан кейин муаммо ҳал бўлган, унинг паспортини қайтариб берганлар.

Подмосковьедаги ҳаёт

Ёш муҳожир аёл ва унинг оиласи Россиядаги турмушга муваффақият билан мослашиб кетганига мисол ўлароқ яна бир воқеани келтириш мумкин. Дилбар 33 ёшда, асли душанбелик, миллати ўзбек. Россияга биринчи марта 1996 йилда келган, аммо кўп ўтмай Тожикистонга қайтиб кетган. Ватанда тожик йигитга турмушга чиққан, биринчи фарзандини кўрган. Фарзанди каттароқ бўлгач, эри билан (1999 йилда) Россияга кетишга қарор қилганлар. Дилбарнинг ўзи: “Оиламиз одатдаги оила эмас, замонавий оила; барча ишни биргаликда ҳал қиламиз”, дейди. Оила Москва вилоятига келиб ўрнашган, чунки бу ерда Дилбарнинг қариндошлари бор эди. Қизнинг отаси (ўзбек) онаси билан ажрашиб кетганидан кейин, бу ерга келган ва анчадан бери шу шаҳарда яшарди. Бундан ташқари, бу ерда унинг ИИВда ишлайдиган амакиси ҳам истиқомат қиларди.

Дилбар Душанбеда рус мактабида ўқиган, кейин баққоллик техникумини тугатган. У Душанбедаги нон заводида таъминотчи бўлиб ишлаган. Бу Россияга келган муҳожирнинг (эркакми ё аёлми) ўз мутахассислиги бўйича ишлаши юзасидан мен дуч келган ягона ҳолатдир. Бу қиз Подмосковьедаги шарқона таомлар ресторанида ва шунга ўхшаш бир неча муассасаларда ошпаз бўлиб ишларди. Дилбарнинг куёви даставвал Москвада эронликларнинг қуруқ мевалар етказиб берадиган ва сотадиган фирмасида ҳамда Эрон элчихонасида ишлаган. Бироқ ҳар куни Москвага электричкада бориб келиш ундан кўп вақт ва куч талаб қиларди. Бундан ташқари, Дилбар электричкада эрига миллатчилар ва скинхедлар ҳужум қилишидан қўрқарди. Шунинг учун ҳам эрининг уйга яқинроқ жойдан иш қидиришига тўғри келган.

Ёш оиланинг маиший муаммолари деярли йўқ. Яшайдиган уйлари бор (чет элга кетган қанақадир узоқ қариндошлари уйларини текинга яшаб туриш учун ташлаб кетганлар); оила бошлиғи қурилиш ишлари мавсумида (баҳор-куз) яхшигина пул топади. Дилбарнинг ўзи ҳозир ишламайди, шунинг учун ҳам айни пайтда маблағ жамғаришга имкон бўлмаяпти. Ёзда моддий қийинчиликлар сабабли биринчи марта уйга боролмай қолганлар.

Катта ўғли иккинчи синфни битирган, кичиги онаси билан уйда ўтиради. Болалар маҳаллий поликлиникага бириктирилганлар, уларга муайян пул эвазига қарайдилар. Аралаш никоҳдан туғилган болалар отаси томонидан тожик деб қараладилар, Дилбарнинг ўзи ҳам шунақа деб ўйлайди. Оилада эр-хотин ўзаро рус тилида гаплашадилар, Дилбар болалари билан русча сўзлашади, отаси икки тилда – рус ва тожик тилларида гаплашади.

Умуман олганда, бу муҳожирларнинг турмушини ёш оиланинг нормал ҳаёти дейиш мумкин. Улар олдида қанақа муаммолар бор? Сирасини айтганда, муаммоларнинг бири жамиятнинг ва айрим одамларнинг муҳожирларга муносабатидир. Бу оила аъзолари некбин одамлардир. Суҳбатдошимнинг кузатишича, “одамларнинг 90 фоизи нормал инсонлар, 10 фоизи ёмон одамлар бўлса керак, аслида ҳамма жойда ҳам шу”. Россияда, асосан, уларга хайрихоҳларча муносабатда бўлишади. Катта ўғлининг мактабда ўртоқлари кўп, ксенофобия билан боғлиқ муаммолар йўқ. Албатта, гап орасида ранжишлар ҳам қалқиб чиқади – муҳожирларга вақтинча қайд расмийлаштириладиган ОВИРларда муносабат жуда ёмон, қўшнилар, врачлар орасидаги айрим кимсалар хушламай муомала қиладилар.

Бу оиланинг стратегияси қандай? Улар ватанга қайтишни истайдиларми? Кўринишдан, унақа эмас. Россияда анчадан бери яшаяптилар, бу ердаги турмушга ўрганиб қолганлар. Дилбар: “Албатта, уйни соғинамиз. Болалар билан, иложи борича, ҳар ёз бориб келишга ҳаракат қиламан. Аммо эрим инсон қаерда яшаса, унинг ватани ўша ер, дейди. Режалар дейсизми? – Уй сотиб олиш керак, фуқароликни расмийлаштириш керак. Агар уйда ҳаммаси соз бўлсайди... Бундан ташқари, бу ерда болалар яхши таълим олишларини истардим”. Шундай қилиб, улар Россия жамиятига интеграциялашувни мўлжаллаб турибдилар.

Муваффақият омиллари

Уч қиз ҳикоясидан кейин қандай хулосага келиш мумкин? Демак, Россиядаги турмушга муваффақият билан мослашиб кетиш учун қуйидагилар керак бўлар экан: яхши таҳсил ва ватанда иш тажрибасига эга бўлиш, эпчиллик ва ўзгариб турувчи вазиятларга мослаша билиш. Бундан ташқари, таълим ва тарбия олишда анаъанавий жамият меъёрларини истисно қилиш ҳам муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

Аёл меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги бошқа қутбдалар. Ишга жойлашиш имкониятларини ўрганиш жараёнида Тожикистон жамиятининг анъаналарга содиқлиги яққол сезилади. Бозорда ўзлари мустақил равишда ишлаётган аёллар сотувчиликдан кўра каттароқ ишга жойлаша олмайдилар.

Тожикистондан келаётган аёллар меҳнат муҳожиротини ўрганишда биз ижтимоий-маданий меъёрларнинг амалиётда ўзгараётгани ҳақидаги назарий тартиблар юзага чиқаётганини кузатишимиз мумкин. Муҳожирот тармоқларининг ривожланаётганлиги сабабли борган сари кўпроқ аёллар муҳожирликка жалб қилинаяптилар. Агар биз ҳозир, асосан, шахсий ва оилавий сабабларга кўра мустақил равишда пул топишга мажбур бўлган аёлларни кўраётган бўлсак, кейинчалик аёллар танишлари ва қариндошлари мисолида муҳожирликка чиқа бошлашларини тахмин қилишимиз мумкин. Ҳақиқатан ҳам эркаклар ташқарида пул топиб, аёллар уй ишлари билан шуғулланган анъанавий жинсий ролларнинг тақсимотида ўзгаришлар содир бўлаётибди. Ҳозирги пайтда ёш аёлларнинг кўпчилиги ўзларининг қараши замонавий эканини ва эри билан бирга пул топиш учун кетишида ҳеч қандай тўсиқ кўрмасликларини тан олмоқдалар. Гарчи Тожикистондан келаётган аёл меҳнат муҳожирлари оқими сон жиҳатдан унча кўп бўлмаса-да, сифат жиҳатдан у жуда муҳимдир, чунки бу ҳолат анъанавий жамият тизимида сезиларли силжишларни намойиш этади.

Муаллиф ҳақида: Зотова Наталья Александровна – “Фарғона.Ру” АА муҳаррири, тарих фанлари номзоди, РФА Этнология ва антропология институтининг илмий ходими. Москвада яшайди.