23:55 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Қирғизистон сиёсий саҳнасида қаторлашиб турган кичик ва катта наполеончалар бор”

10.11.2006 15:45 msk

Ольга Микушина, Бишкек

Қирғизистон-Россия Славян Университети (ҚРСУ) профессори, Халқаро тадқиқотчилик дастурлари жамғармасининг (Бишкек) вице-президенти, сиёсатшунослик фанлари доктори Нур Ўмаров ва ҚРСУ профессори, тарих фанлари доктори, сиёсатшунос Александр Князев “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирига бугунги кунда Қирғизистонда юзага келган сиёсий вазият юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирганлар.

Фарғона.Ру: - Қирғизистонда янги Конституция қабул қилиниши юзасидан сизнинг нуқтаи назарингиз қандай?

Александр Князев
Александр Князев
А. Князев: - Мен Қирғизистон халқига ҳамдардлик изҳор қилмоқчиман. Ноябрь бўҳронидан чиқиш йўли топилганига қарамай, тактик ғалаба президент томонида бўлди. Умуман олганда, бу жуда қайғули. Янги Конституцияга мувофиқ кучайтирилган парламент роли бутун тизимнинг ишлаш салоҳиятини кескин сусайтириб юборади. Сиёсий онг даражасининг пастлиги, тор манфаатларнинг ҳимоя қилиниши – буларнинг ҳаммаси ноябрь ойидагидан ҳам ёмонроқ навбатдаги бўҳронни юзага келтириши мумкин, парламентнинг фойдали иш коэффиценти эса энг паст даражага тушиб кетиш эҳтимоли бор. Бизнинг парламент шунингсиз ҳам унча ишчан эмас, эндиликда эса энг жўн қарорларнинг қабул қилиниши ҳам секинлашиб кетади.

Нур Ўмаров: - Мен Князевнинг фикрига қўшиламан. Қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, парламент орқали ўтувчи масалаларнинг молиявий жиҳати унинг ишида ижобий жиҳатдан акс этмайди. Умуман олганда, менимча, янги Конституция қабул қилиниши билан ҳеч қанақа чинакам ўзгариш бўлгани йўқ ва бўлмайди ҳам... Муаммо ҳал бўлгани йўқ.

Фарғона.Ру: - Мамлакатдаги сиёсий кучлар эгаллаган ўринни қандай тавсифлайсиз?

А. Князев: - Мамлакатимизда профессионал сиёсий элитанинг ўзи йўқ. Албатта, қандайдир ниҳоллар бор, аммо улар бугун бу ролга даъвогар қилаётган кишилар эмас. Бизда сиёсий маданият йўқ ва сиёсий онг ҳам мавжуд эмас. Осиёда фақат марказлашган ва бир шахс тамсил этган ҳокимият бўлиши мумкин, холос. Қирғизистонда мавжуд бўлган машруъ ва номашруъ корчалонлик ҳамжамиятлари ҳам миллий эҳтиёжларни қондириш даражасига кўтарилишга қодир эмаслар.

Нур Ўмаров: - Мен бунга бугунги кунда Қирғизистонда етарли таъсир кучига эга бўлиб олган жиноий тузилмаларни ҳам ҳисобга олиш кераклигини қўшимча қилмоқчиман. Расмийлар эса улар билан муроса қилмоқдалар.

Фарғона.Ру: - Бугунги кунда расмийлар, худди мухолифатчилар каби, ўзларининг ғалаба қозонишларига, бўҳронни тўғри ҳал қилишларига ишонадилар...

Нур Омаров
Нур Ўмаров
Нур Ўмаров: - Мен зиддият ўзининг яширин ҳолатига, бошланғич нуқтасига қайтганини бир неча бор билдирганман ва ҳозир ҳам шу фикрдаман. Албатта, зиддият давом этади, балки кейинги йилнинг баҳорида ёки ёзида давом этар. Зиддиятга ҳар қанақа вазият сабаб бўлиши мумкин, ҳатто сунъий равишда пайдо қилинган вазият ҳам.

А. Князев: - Ўмаровнинг фикрига қўшиламан. Яқин келажакда, балки бир неча ойдан кейин навбатдаги бўҳрон юзага келади. Унинг тамали Ақаев даврида қўйилганди, 2005 йилнинг 24 мартида содир бўлган воқеалар эса бу бўҳроннинг кучайиши учун туртки бўлди, холос. Бунинг сабаби оддий: биз Ақаевни ағдариб, унинг ўрнига Бакиевни ўтқазиб қўйдик, нима учун буни бошқа биров қила олмаслиги керак?..

Нур Ўмаров: - Қирғизистон сиёсий саҳнасида қаторлашиб турган кичик ва катта наполеончалар бор.

Фарғона.Ру: - Президент Бакиев Таъсис йиғинининг тузилиши ноқонуний бўлган, дея билдирди ва буни айрим депутатлар томонидан ҳокимиятни эгаллаб олишга қилинган ҳаракат, деб атади. Бу фикрга қўшиласизми?

А. Князев: - Таъсис йиғинининг тузилиши, шубҳасиз, мутлақо ноқонуний иш бўлган. Бу давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш даъвосидир. Устига устак, мазкур қарор Қирғизистон парламентида кворум билан мустаҳкамланмаган эди.

Фарғона.Ру: - Ноябрь воқеаларидан кейин Қирғизистондаги сиёсий вазиятнинг ривожланиши юзасидан тахминингиз қандай?

А. Князев: - Ҳозирги пайтда Бакиев ва Қулов олдида турган энг асосий вазифа - ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, ижроия ҳокимиятини ҳамда куч ишлатар тузилмаларини кучайтиришдир.

Нур Ўмаров: - Мен айнан ижроия ҳокимияти аҳолининг конкрет муаммоларини ҳал қилишига қўшиламан. У хоҳлайдими-йўқми, у яхшими-ёмонми, аммо ижроия ҳокимияти ўз вазифасини бажараяпти. Мен ҳозирги пайтда Бакиев йўл қўйиши мумкин бўлган асосий хато тандемни йўқ қилишга уриниш бўлиши мумкин, деб ўйлайман. Улар якка-якка қолганларида ҳозиргидай кучли бўлолмайдилар. Қайд этишни истардимки, Бакиев ноябрь бўҳронида қатъий ғалабага эришди. Эндиликда Қуловнинг позицияси мустаҳкамланиши керак. Расмийлар бу тўқнашувда ўзлари учун энг кам талафотлар билан ғалаба қозондилар.