05:30 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: мамлакат жанубидаги митингчилар расмийлар ва мухолифатчилар эришган муроса натижаларидан хафалар

09.11.2006 17:59 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Суратда: президент тарафдорлари митинги. Ўш, 8 ноябрь 2006 йил. © "Фарғона.Ру" АА фотоси

Эйфория (оний кўтаринкилик) тугади. Сиёсий кураш янги босқичининг бошланиш эҳтимоли катта. Қирғизистонда юзага келган ҳозирги вазиятни тахминан шундай тавсифлаш мумкин.

Бугун, 9 ноябрь куни, Жалолобод шаҳридаги бош майдонга келган митинг иштирокчилари президент ва мухолифат ўртасида эришилган муроса натижаларига, аниқроғи, янги таҳрирдаги мамлакат конституциясининг қабул қилинганига нисбатан норозилик билдирилган резолюция қабул қилдилар.

Қайд этиб ўтиш керакки, резолюция куннинг иккинчи ярмида, майдонда 500 чоғли одам қолган пайтда қабул қилинди.

Резолюция муаллифлари “мухолиф кайфиятдаги сиёсатчилар айби билан издан чиқарилаёзган мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш учун президент Қурмонбек Бакиев томонидан кўрилган чоралар”дан қониққанларини қайд этадилар. Бироқ митинг иштирокчилари “конституция конституцион меъёрлар бузилган ҳолда ва бир тўда сиёсатчиларнинг босими остида, халқ билан келишилмаган тарзда қабул қилинганлиги нотўғри бўлди”, деб ҳисоблайдилар.

“Энг асосийси, - дейилади резолюцияда, - конституция тор доирадаги сиёсатчилар томонидан, бўҳронни бошдан кечираётган парламент мажлисида қабул қилинди”.

Сўнгра резолюция муаллифлари зудлик билан парламентни тарқатиб юбориш ва халқни янги конституция матни билан таништиришни талаби билан чиқдилар. Ҳужжат муаллифлари расмийлардан “давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган сиёсатчиларни жавобгарликка тортиш”ни талаб қилдилар.

Қайд этиш жоизки, эрталаб намойишнинг барча иштирокчилари, шу жумладан, вилоят губернатори И. Айдаралиев ҳам янги конституция қабул қилинишини олқишлаган митинг тугаганидан кейин таниқли қизиқчи Жамбил Қамчиев минбарга чиқиб, бўлиб ўтган воқеага нисбатан ўз норозилигини изҳор қилганди. У “ўтган йилнинг март ойида бўлиб ўтган халқ инқилоби ўзининг олий мақсадларига етмади”, деб ҳисоблайди.

- Кеча ҳокимиятнинг уч бутоғи ваколатларни ўзаро тақсимлаб олдилар ва ўз ваколатларини 2010 йилгача сақлаб қолдилар, халқ эса яна ҳеч нарсасиз қолаверди, - деди Ж. Қамчиев. – Мен аминманки, 2010 йилда яна янги конституция қабул қилишимизга тўғри келади.

Лекин Қамчиевдан кейин митингнинг бошқа иштирокчиси сўзга чиқиб, мамлакат президенти томонидан куни кеча қабул қилинган қарорни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Қайд этиш жоизки, мухолифатдаги “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати лидерларининг позицияси ҳам конституция қабул қилинганидан кейиноқ кузатиш мумкин бўлган ҳолатдан фарқ қилади. Ҳаракат лидерларидан бири, Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Ўмурбек Текебаев икки соат олдин Алатўў майдонида бўлиб ўтган митингда сўзлай туриб, янги таҳрирдаги конституциянинг қабул қилиниши фақат амалга оширилажак буюк ишларнинг дебочаси эканини ҳамда “олдинда кўплаб муаммоли ва масъулиятли ишлар” турганини билдирди.

“Озодлик” радиоси қирғиз хизматининг хабар қилишича, Ў. Текебаев “иш энди жойидан қўзғалди” ва “ҳозирча хурсанд бўлишга эрта”, деб ҳисоблайди. У энди сиёсий маданиятни юксалтириш ва мамлакатда янги тизимни шакллантириш лозим бўлади, деб ўйлайди.

Ҳозирги пайтда Бишкекнинг Эски майдонида расмийларни қўллаб намойиш ўтказаётган кишилар тарқалганлар. Аввал хабар қилганимиздек, улар янги конституциянинг қабул қилинишига нисбатан норозилик изҳор қилгандилар ва то мамлакат парламенти тарқатилмагунича митинг қилишда давом этишларини билдиргандилар. АКИpress агентлигининг хабар қилишича, давлат котиби Адахан Мадумаров митингчиларни ҳеч бўлмаганда кечгача тарқалишга кўндирган.