11:26 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Брюсселда Евроиттифоқ-Ўзбекистон ҳамкорлиги кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

09.11.2006 17:10 msk

Uznews.net

8 ноябрь куни Брюсселда Евроиттифоқ-Ўзбекистон ҳамкорлиги кенгашининг мажлиси бўлиб ўтиб, унда ҳар иккала томон муносабатларни тиклашга тайёр эканларини билдирдилар.

Uznews.net сайтининг хабар қилишича, Евроиттифоқ-Ўзбекистон ҳамкорлиги кенгашининг мажлисидан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида Европа Иттифоқида раислик қилаётган мамлакат - Финляндия ташқи ишлар вазири Пертти Торстилла (Pertti Torstilla) ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида 2005 йил 13 майидаги воқеалар билан боғлиқ бўлган Андижон масаласи юзасидан келишувга эришилганлиги ҳақида маълум қилди. Битимга мувофиқ жорий йил охиригача Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон экспертлари учрашуви бўлиб ўтади, улар Андижон воқеалари бўйича материалларни биргаликда ўрганиб чиқадилар ва муҳокама қиладилар.

“Экспертларнинг бу учрашуви Евроиттифоқнинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талаби ўрнини боса оладими?” деган саволга П. Торстилла: “Биз экспертлар гуруҳ юзасидан ташаббусни олқишлаймиз, бу биринчи қадамдир, бу ерда халқаро текширув ўтказиш ҳақидаги талабга зид келадиган ҳеч нарса йўқ”, дея жавоб берди. Шунингдек, у Европа Кенгаши Ўзбекистонга нисбатан Европа Иттифоқи томонидан жорий этилган жазо чораларини олиб ташламаслигини ҳамда бу ҳақда тегишли қарор ЕИ ташқи ишлар вазирларининг 13 ноябрь куни бўлиб ўтадиган мажлисида қабул қилинишини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга нисбатан санкциялар 2006 йилнинг октябрида бир йил муддатга жорий этилганди ҳамда ўзбекистонлик ўн иккита юқори лавозимли амалдорнинг Евроиттифоқ мамлакатларига кира олиши учун виза беришни таъқиқлаш, сиёсий бўлмаган барча алоқаларни тўхтатиш ва қурол-аслаҳа савдосига эмбарго жорий этишни кўзда тутарди. Бундан ташқари, ЕИ Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан бўлаётган қатағонлар ва ноҳукумат ташкилотлари фаолиятларининг чекланиши юзасидан хавотир билдириб, Ўзбекистон раҳбариятидан мамлакатни демократлаштириш бўйича амалий чоралар кўришни талаб қилганди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Ўзбекистоннинг Андижон воқеаларига нисбатан позицияси ўзгармай қолганлигини яна бир марта тасдиқлаб, бу билан исталган шаклдаги халқаро текширув ўтказиш эҳтимолини истисно қилди. Мустақил давлат бўлмиш Ўзбекистон Андижонда содир бўлган фожеавий воқеаларни кенг кўламда текширувдан ўтказиш учун зарур бўлган барча воситаларга эга ва давлатнинг ички ишига алоқадор қарорларни мустақил равишда қабул қилишга тўла ҳақлидир, дея билдирди В. Норов. У “2005 йилнинг май ойида Андижонда Ўзбекистон қонунчилиги ва Халқаро қонунчилик томонидан аввалдан тайёрланган террорчилик ҳуружлари, конституцион тузум асосларига, одамларнинг саломатчилиги ва хавфсизлигига тажовуз қилиш, дея таснифланган жиноятлар содир этилган”, дея таъкидлади.

Ўзбекистонлик вазир томонидан айтилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз текширувларини ўтказишиб, бу текширувлар мобайнида тақрибан 12 минг гувоҳ ва жабрланувчи сўралган, 3200 турли экспертиза ўтказилган, 9486 ашёвий далил топилган ва мусодара этилган, жиноий иш материаллари эса 2800 жилдни ташкил қилган.

В. Норовга кўра, Ўзбекистон томон бу материалларни 2005 йил майида Андижонда содир бўлган воқеаларни ўрганиш ва текшириш учун Ўзбекистонга келадиган ЕИ экспертларига тақдим этишга тайёр. Шунингдек, у европалик сиёсатчиларнинг чалғитилганларини ва ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан санкциялар жорий этиш ҳақидаги қарори “Андижондаги террорчилик ҳуружлари иштирокчилари ва ташкилотчилари бўлган жиноятчилардан олинган маълумотларни тарқатган айрим НҲТ ва оммавий ахборот воситалари лавҳалари асосида” қабул қилинганини билдирди.

Бундан ташқари, В. Норов Ўзбекистон Евроиттифоқ билан яқинроқ алоқа қуришга қизиқаётган бир пайтда мазкур муносабатлар “аралашмаслик” тамойилига асосланиши лозимлигини ҳам қайд этиб ўтди.

Владимир Норов ўз чиқишида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақаси давлатлари, Россия, Хитой, араб олами билан тобора ривожланиб бораётган алоқалари ҳақида ҳам гапириб, Евроиттифоқ томонидан бир томонлама қабул қилинган жазо чоралари кимга кўпроқ зарар етказгани ҳали номаълум эканини қайд этди.

Матбуот анжуманида иштирок этган Европа Кенгашининг ташқи алоқалар бўйича директори Энеко Ландабуру (Eneko Landaburu) ЕИ Марказий Осиёда катта роль ўйнаши кераклигини қайд этиб, “Евроиттифоқ энергетика, транспорт ва табиатни муҳофаза қилиш жабҳаларида Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари билан алоқаларини такомиллаштириши ўта муҳим” эканини билдирди.

Шунга қарамай, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морель (Pierre Morel) билдиришича, Евроиттифоқ Ўзбекистонга нисбатан танқидий позицияни сақлаб қолиш ниятида.

“Биз танқидий диалог қуриш усулларини ипидан игнасигача ўрганиб чиқдик”, - деди Морель. – “Мен Ўзбекистон томонида [Андижондаги] бу воқеаларга нисбатан нақадар жиддий ёндошаётганлигимиз ҳамда [экспертлик гуруҳи иши] натижаларини жуда диққат билан ўрганиб чиқмоқчилигимиз юзасидан ҳеч қанақа шубҳа қолмади, деб ўйлайман”.

Бу орада эса, Ўзбекистонда мамлакатдаги давлат бошқарувини демократлаштириш ҳақида гувоҳлик бериши мумкин бўлган ишлар қилинмоқда. Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакат парламентига “Сиёсий партиялар ролини кучайтириш тўғрисида...” Конституцион қонун лойиҳасини ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси айрим моддаларига тузатишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини киритди. Бироқ бу лойиҳалар чет эллик ва маҳаллий сиёсатшуносларнинг Ўзбекистон парламент республикасига айланиши-ю унда президент фақат вакиллик вазифаларини бажаришига имкон берувчи муҳтамал принципиал ўзгаришлар хусусидаги тахминлари ҳеч қандай асосга эга эмаслигига ишора қилади. Демакки, Ислом Каримов режими бундан буён фақат мустаҳкамланиб боради, холос.



 

Реклама