17:18 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъқиб қилиниши

08.11.2006 13:10 msk

Т. Йўлдошев

2005 йилнинг 13 май куни бўлиб ўтган Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилиш кескин кучайди. Энг аввало, расмийлар чет эллик журналистларни Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур қилдилар, кейин халқаро ноҳукумат ташкилотлари ҳамда чет эл ОАВнинг идоралари ва мухбирлик пунктларини навбатма-навбат ёпдилар. Мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг таъқиб қилиниши юзасидан қисқа шарҳни эътиборингизга ҳавола қилади.

2005 йил июнида Британия уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (IWPR) Тошкент бўлими ёпилди. Унинг директори, Андижон воқеаларининг бевосита гувоҳи Галима Бухарбаева Ўзбекистонни зудлик билан тарк этишга мажбур бўлди. У билан бирга унинг опаси, “Associated Press” мухбири Багила Бухарбаева ҳам хорижга кетди, уларнинг ортидан эса IWPR мухбири Қудрат Бобожонов ва Тўлқин Қораев ҳам чет элга жўнадилар.

2005 йил 27 ноябрида “Би-Би-Си” радиоси офиси, 12 декабрь куни эса “Озодлик” радиосининг Тошкент студияси ёпилди, “Deutsche Welle” радиоси мухбарларининг аккредитация муддатини чўзиш рад этилди, ўзбек тилидаги “Америка овози” телевизион дастурлари трансляцияси тўхтатилди.

2005 йил 9 сентябрь куни Internews Network электрон ОАВ қўллаш ноҳукумат ташкилоти ваколатхонаси ёпилди. Бу ташкилотнинг Тошкент бўлими бошлиғи Холида Анорбоева ва ҳисобчиси Ольга Нормуродова маҳкамага тортилганлар, судланганлар, кейин эса авф (амнистия) этилишиб, озод қилинганлар.

2006 йил бошида Ўзбекистонда "Freedom House” ташкилотининг ваколатхонаси ёпилди. Расмийлар ташкилотни республикага қарши ахборот уруши олиб борганликда айблаганлар. Расмийлар “Human Rights Watch” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилоти ходими Карло Боэмнинг аккредитациясини узайтиришни рад этганлар.

Ўзбекистондаги маҳбусларни қийнаш ва шахс ҳақ-ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида танқидий материаллар берувчи Россия телеканалларининг трансляцияси вақти-вақти билан узиб қўйилмоқда.

Кабель телевидениеси студияларига ТВЦ, ТВЦ+ ҳамда РенТВ телеканалларини ретрансляция қилмаслик буюрилган.

Бу вақт мобайнида “Озодлик” радиосининг бир неча журналистлари тазйиқ ва таъқибга дучор қилинганлар.

Носир Зокиров. 2005 йилнинг 26 августида МХХ ходимини ҳақорат қилгани учун 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ғофуржон Йўлдошев. 2005 йилнинг 17 май куни куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан ноқонуний тинтувга дучор қилинган.

Лобар Қайнарова. Ҳомиладорлигига қарамай, 2005 йилнинг 1 июль куни “безорилар” ҳужумига учраган ва калтакланган.

Робия Мирзааҳмедова. 2005 йилнинг 1 сентябрь куни милиция ходимлари томонидан ушланган, ундан радиоэшиттириш учун тайёрланган магнит ёзувлари тортиб олинган ва ўчириб ташланган.

Журналист Ҳусниддин Қутбиддинов пухталик билан уюштирилган “чалиш” қурбони бўлган. 2006 йилнинг 10 февраль куни ҳукуматни ёқловчи сайтлардан бирида унинг номидан “Озодлик” радиоси ахборот сиёсатига ва “Озод Европа”нинг Прагадаги ўзбек хизмати раҳбарияти ҳатти-ҳаракатларига нисбатан қўпол гаплар айтилган ёлғон баёнот чоп этилганди.

Хорижий журналистлар бир ёқли қилингач, маҳаллий оммавий ахборот воситаларига ҳам навбат келди. Танқидий мақолалар чоп қилгани, жумладан, журналист Дилмурод Саидов мақолаларини босгани учун 2005 йилнинг 1 декабрида Ўзбекистон адвокатлар коллегиясининг "Advokat press” газетаси ёпиб қўйилди. Д. Саидов эса ишсиз қолди ва ҳалигача таъқиб остидадир.

Олимлар ва мутахассисларнинг жиддий илмий-таҳлилий мақолалари тез-тез чоп этилиб турувчи “Право. Law” ИИВ Академиясининг илмий журнали ҳам ёпилди.

2005 йил июлида Андижонда “Дийдор” хусусий радиостанцияси ёпилди. 2005 йилнинг 2 сентябрь куни расмийлар босими остида “Репортер” журналистлар баҳс-мунозара клуби ёпиб қўйилди.

Расмийлар Интернет хизмати кўрсатадиган провайдерларни чет элнинг оммабоп ОАВ ахборот порталларига, шунингдек, ҳукуматга ёқмаган ахборот тарқатувчи веб-сайтларга чиқиш йўлларини бўғишга мажбур қилаяптилар.

Эътиборли журналист Ало Хўжаев ҳамда унинг яқин ва узоқ қариндошлари ҳам зўравонлик таҳдидлари ва таъқибларга дучор қилинганлар.

Махсус хизматлар Ало Хўжаевга қарашли анча оммабоп бўлган "Tribune-uz.info” ахборот-таҳлилий сайтини узоқ вақт бўғиб турдилар, кейин эса уни ёпишга мажбур қилдилар. Журналист Бобомурод Абдуллаев эса “Ozod ovoz” сайтини ёпишга мажбур бўлди. Ўзбекистондаги воқеалар ҳақида танқидий мақолалар чоп қилувчи “Центразия.Ру”, “Фарғона.Ру” ва бошқа сайтлар мунтазам равишда бўғиб турилади.

Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеаларни холис ёритишга журъат қилган кўплаб мустақил журналистлар жиддий хавф остида қолдилар. Уларни доимий равишда кузатиш одатий ҳодисага айланган. Улар исталган пайтда бирор уйдирма баҳонасида ҳибсга олишлари мумкин. Уларга ва уларнинг яқин қариндошларига “номаълум” безорилар ҳужум қилиб қолишлари, калтаклашлари, рақамсиз автомобилда “тасодифан” уриб кетишлари мумкин.

Эътиборли ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов, иқтидорли журналистлар Алишер Таксанов, Юсуф Расулов, Инера Сафаргалиева, фаол ҳуқуқ ҳимоячиси Башорат Эшева ва бош кўплаб ўзгача фикрли кишилар турли босимларга, қўрқитишларга дучор қилинганлар. Уларнинг ҳаммалари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.

Мустақил журналист Алексей Волосевич аввал ҳукуматни ёқловчи ОАВ томонидан таъқиб қилинди, 2005 йилнинг 9 ноябрь куни эса “номаълум” безорилар томонидан қилинган ҳужумга учради ва калтакланди.

Президент И. Каримов сиёсатини танқид қилгани учун ҳатто давлат раҳбарининг ўз жияни – мустақил журналист Жамшид Каримов ҳам таҳдидларга дучор қилинган. 2006 йил сентябрида Жиззах шаҳар суди ҳукми билан у мажбурий “даволаниш” учун Самарқанд шаҳар руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Иқтидорли демократ шоир Юсуф Жума ва унинг болалари ҳам доимий кузатувдалар ва таъқибларга дучор қилинмоқдалар. Ҳозирги пайтда у қочиб юрибди. Журналист Тошпўлат Раҳматуллаевга ҳам таҳдид қилганлар ва қўрқитганлар (2005 йилнинг 5 сентябрь куни).

2005 йилнинг 6 июль куни Бухорода мустақил журналист Ражаббой Раупов калтакланган.

2005 йилнинг 24 июнь куни журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Улуғбек Ҳайдаров “номаълум кишилар” томонидан калтакланган. Яқинда у юлғичликда айбланиб, 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2006 йил мартида “номаълум кишилар” "Deutsche Welle” радиоси мухбири Наталья Бушуеванинг обрўсини тўкмоқчи бўлганлар. Улар бутун Тошкент бўйлаб зудлик билан уй сотилиши ҳамда шаҳвоний хизматлар кўрсатилиши бўйича эълонлар ёпиштириб чиқишиб, у ерда Н. Бушуеванинг телефонини кўрсатганлар.

2006 йилнинг февралида “Ҳуррият” газетасининг штатсиз мухбири Ғайрат Мехлибоев 7 йилга озодликдан маҳрум этилган. Уни “диний экстремистик ташкилотларга алоқадорлик”да ва “конституцион тузумга тажовуз қилганлик”да айблаганлар.

Вақти-вақти билан талантли журналист, “Uzmetronom.com” веб-сайтининг муаллифи ва маъмури Сергей Ежков ҳам маҳаллий расмийлар ва ОАВ ҳужумига учраб туради.

Таниқли халқ ҳофизи ва шоири Дадахон Ҳасанов ўзининг касбий фаолияти учун уч йилга шартли равишда қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улар Д. Ҳасановни “конституцион тузумга тажовуз қилганлик”, “президент И. Каримовни ҳақорат қилганлик”да айблаганлар. Унинг “айби” Андижондаги оммавий намойишларни куч билан бостирилганлигини айблаган ҳолда қўшиқ ёзгани ва куйлагани бўлганди.

Куч ишлатар тузилмалари томонидан бир неча бор ҳужумларга учраган ва калтакланган 70 ёшли Ёдгор Турлибековни яқинда 3,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганлар.

Фаол ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаевани бир неча бор руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштиришиб, “даволаниш”га мажбур қилганлар. Милиция ва МХХ ходимлари унинг уйига бостириб киришиб, уни калтаклаганлар. Унинг деярли барча қариндошлари таъқиб остига олинганлар. Ҳуқуқ ҳимоячиси, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари уюшмасининг раисаси Шоира Содиқбекова ҳам кам синовларга дучор қилинмаган.

1994 йил 30 декабрида “конституцион тузумга тажовуз қилганлик” ва ЖКнинг бошқа моддалари бўйича айбланиб судланган таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг оила аъзолари, Муборак шаҳрининг собиқ ҳокими, Олий Мажлиснинг собиқ депутати 1994 йилнинг 18 июнидан бери қамоқда ўтирган Мурод Жўраевнинг оила аъзолари катта қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Бу маҳбусларнинг саломатчилиги жуда ёмон бўлганига қарамай, озод бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар.

Ҳозирги пайтда ҳукмрон режим сиёсатига норозилик билдирган мустақил журналист ёки ҳуқуқ ҳимоячилари ичида куч ишлатар тузилмалар ўзбошимчалигидан жабр тортмаган бирор-бир киши йўқ. Ўзбекистондаги вазият ҳақида чет эл ОАВга холис маълумот бераётган фуқаролар ҳам таъқиб ва таҳдидларга дучор қилинаяптилар. Масалан, Андижон воқеалари гувоҳи Маҳбуба Зокировани ҳукуматни ёқловчи ОАВ “судда “ёлғон” гувоҳлик берган”, дея жўровоз бўлиб айблагандилар. Бу жасоратли аёл судда зирҳли машиналардаги ҳукумат қўшинлари ижтимоий шарт-шароитларни яхшилаш ва аҳолини иш билан таъминлаш талаби билан тинч намойишга чиққан қуролсиз кишиларни, аёллар ва болаларни ўққа тутганини билдирганди.

2005 йилнинг 18 июль куни Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида ўшлик журналист Эркин Ёқубжонов “Ўзбекистонда ишлаш учун акредитацияга эга бўлмаган ҳолда” ўзбекистонлик чегарачилардан интервью олишга уринганлиги учун қўлга олинган ва 10 кун қамаб қўйилган.

Ҳокимиятнинг ўзбошимчалигидан “Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Аъзам Турғунов ва унинг қариндошлари, таниқли журналистлар, шоира Гулчеҳра Нуруллаева, шоира Ҳалима Худойбердиева, шоир Рауф Парфининг собиқ рафиқаси Дилором Исҳоқова ва бошқалар азият чекишда давом этаяптилар.

Андижон воқеаларидан кейин мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилиш ва ҳибсга олишнинг янги тўлқини бошланиб кетди. Қуйидаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатдаги партиялар фаоллари маҳаллий судлар томонидан турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар:

“Эзгулик” ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамиятининг Андижон вилояти бўлими раиси Абдуғафур Дадабоев; ЎИҲЖ Андижон бўлими раиси Нурмуҳаммад Азизов; “Аппеляция” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Саиджаҳон Зайнобиддинов; “Ўтюраклар клуби” раиси Мўътабар Тожибоева; “Эзгулик” ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамиятининг Ангрен шаҳар бўлими раиси Абдурасул Худойназаров; бўлими раиси Норбой Холжигитов; ЎИҲЖнинг Иштихон бўлими фаоли Ҳаётулло Холжигитов; ЎИҲЖнинг Иштихон бўлими фаоли Ҳабибулло Оқпўлатов; ЎИҲЖнинг Иштихон бўлими фаоли Саттор Ирзаев; ЎИҲЖнинг Жиззах вилояти бўлими фаоли Насим Исақов; ЎИҲЖнинг Сирдарё бўлими фаоли Аъзам Фармонов; ЎИҲЖнинг Мирзобод тумани (Сирдарё) бўлими фаоли Алишер Кароматов; “Эрк” партиясининг Самарқанд вилояти Нуробод туман (Самарқанд вилояти) ташкилоти котиби Бобомурод Мавлонов; “Эрк” партиясининг Ғиждувон туман (Бухоро вилояти) бўлими котиби Жамол Қутлиев; “Эзгулик” жамиятининг Марҳамат туман бўлими фаоли Дилмурод Муҳиддинов; “Эзгулик” жамиятининг Марҳамат туман бўлими фаоли Нурмаҳамат Азизов; Марҳамат туманидаги “Бирлик” партияси фаоли Мусажон Бобожонов; Наманган шаҳридаги шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комитети фаоли Зоҳиджон Зокиров қамалганлар.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Лутфулло Шамсутдинов, Исроил Хидиров, Содирохун Сўфиев ва бошқалар ҳам кўплаб кўнгилсизликларга учрадилар.

Таъқиб қилинаётган ва судланган рўйхатига фақат ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билган кишиларгина кирганлар.

Ўзбекистон авторитар режимининг ички сиёсий йўналиши сўнгги бир ярим йил ичида сезиларли даражада кескинлашган.

Тошпулат Йўлдошев, мустақил сиёсатшунос, “Фарғона.Ру” АА учун махсус