06:34 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Амангелди Муралиев мамлакатдаги вазият ва юзага келган қўшҳокимиятчилик ҳақида

07.11.2006 14:03 msk

Евгения Захарова ёзиб олди

"Фарғона.ру" АА: - Бўлиб ўтаётган воқеалар юзасидан фикрингиз қандай? Қўшҳокимиятчилик нимага олиб келиши мумкин?

А. Муралиев: - Биринчидан, мен бу воқеалар пишиб етилди, деб ҳисоблайман. Чунки бир ярим йил олдин, 2005 йилнинг 25 мартида мухолифат ягона иттифоқда эди. Ва улар, умуман олганда, ўз йўналишларини эълон қилгандилар. Аввало, конституцион ислоҳот ва сониян, коррупцияга қарши кураш. Бироқ бир ярим йил ичида ҳеч нарса ўзгармади, конституцион ислоҳот деярли жойидан қўзғалмади. Коррупцион режим эса янада авж олди. Шунинг учун ҳам ҳозир митингда иштирок этаётган ёки уйларида ўтирган одамлар – бир ярим йил аввалги одамлар эмас, бугун улар тамоман бошқа одамлардир. Қирғизистон жамияти ривожланиб бормоқда ва бундай яшаш мумкин эмаслиги ҳақида тушунча кундалик турмуш тушунчасидан устун келаяпти. Мана, “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати лидерлари ва яна бир неча тараққийпарвар депутатлар бугун конституцияни имзоладилар. Албатта, депутатларнинг овозлари учун қаттиқ кураш кетаяпти, аммо шу билан бирга, кўпчилик овоз таъминланади. Улар бу ҳужжатни – янги конституция лойиҳасини юридик жиҳатдан расмийлаштириш йўлларини қидирмоқдалар.

Айни пайтда расмийлар ҳам тандем ҳокимиятини сақлаб қолиш йўналишида ишлаяптилар. Мен буни нотўғри йўл, деб ўйлайман. Бу ерда келишиш керак эди, сиёсий ечим топилиши лозим эди. Бу қадар кўп одам билан ҳисоблашмасликнинг энди иложи йўқ. Қўшҳокимиятчилик яна қанчадир муддат давом этади. Ҳозир, менимча, президент ва бош вазир янги конституцияни қўллаб чиқсалар, кеч бўлмайди.

Мен, агар президент ўзининг қандайдир ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқмаса, бир илож топиб, ўзига нисбатан вазиятни юмшатиши мумкин, деган фикрдаман. Аммо, айни пайтда, парламент республикаси биз учун тараққиёт қадами бўлиши мумкин. Биз авторитаризм даврида яшаб кўрдик, у бизни коррупцияга олиб келди. Биз [шу сабабли] иқтисодий жабҳада ўз қўшниларимиздан ортда қолдик.

"Фарғона.ру" АА: - Бугун бош вазир ва президент Таъсис мажлиси етовида юрмасликларини билдирдилар. Шу билан бирга, президент ўз сўзининг охирида “ҳаракатларга яраша усуллар” билан жавоб беришга ваъда қилди. Бу 1991 йилда Москвада содир бўлган октябрь воқеаларига ўхшаб кетаяпти. У ерда ҳам шунга ўхшаш ҳолат юзага келганди, қўшҳокимиятчилик вужудга келганди, буларнинг ҳаммаси Оқ Уйнинг ўққа тутилиши билан тугаганди...

А. Муралиев: - ГКЧПчилар эски режимни сақлаб қолишни истагандилар - улар ютқаздилар, албатта. У пайтда бутун Москва намойишчиларни қўллаб-қувватлаганди, бошқача айтганда, ҳамма нарса тараққиёт томон бораётганди. Бугун эса бизда ҳаммаси аксилтараққиёт (регресс) томон кетаяпти, деб ўйлайман. Агар президент тақдим этган конституция лойиҳасини оладиган бўлсак, у ерда кўпроқ ҳокимият централизми мустаҳкамланган. Яъни, менимча, агар Бакиев ҳақиқатан ҳам тараққийпарвар сиёсатчи бўлса ва агар у ҳақиқатан ҳам мамлакат демократия кучларидан истеъфод этишини истаса, у [мухолифат билан] келишиши керак.

Бугунги кунда ҳеч ким парламентга қарата ўқ отмайди. Милиция ҳам, МХХдаги ва бошқа куч ишлатар тузилмаларидаги тараққийпарвар инсонлар ҳам мухолифат лидерлари тарафида.

"Фарғона.ру" АА маълумотномаси:

Амангелди Мурсадиқович Муралиев (1947 йилда туғилган). 1999 йил апрелидан 2000 йил декабригача Қирғизистон ҳукумати раҳбари бўлиб ишлаган. Бу лавозимда у Қурмонбек Бакиевдан аввал ишлаганди.