21:40 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россиянинг ҳарбий раҳбарияти Ил-76 МФ учоқлари бундан буён ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкин деб ҳисоблайди

07.11.2006 13:12 msk

Владимир Георгиев

Чкалов номидаги Тошкент авиацион ишлаб чиқариш бирлашмасига (ТАИЧБ) камчиликларни тузатиш учун имкон беришди. Ил-76 ҳарбий-транспорт учоқлари ишлаб чиқаришни Ўзбекистондан Россияга кўчириш ҳақида қатъий қарор қабул қилинган эмас. Учоқларнинг бундан буён ҳам Тошкентда ишлаб чиқаришини эҳтимоли катта. Буни россиялик икки юқори лавозимли амалдор тасдиқлаган.

Россия Федерацияси Қуролли Кучларининг қуролланиш бошлиғи, РФ мудофаа вазирининг ўринбосари, армия генерали Алексей Московский “Фарғона.Ру”нинг “мазкур учоқни йиғиш Ульяновскка кўчирилиши мумкинлиги ҳақидаги якуний қарор қабул қилиндими?” деган саволига “бунақа қарор қабул қилинмаган”, дея жавоб берди. Унинг сўзларидан иқтибос келтирамиз: “Мен Ил-76 ишлаб чиқарилиши Россияга аниқ кўчирилажаги хусусида гапирмаганман. Шунчаки Ульяновск авиация заводи (“Авиастар”) бу турдаги учоқларни ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқариш қувватларини оширмоқда. Аммо, табиийки, бу жараён қанчадир муддат давом этади ва нисбатан катта сарф-ҳаражатларни талаб этади. Бу ҳаражатларнинг ҳаммаси, менга маълум бўлишича, Истисодий тараққиёт вазирлиги, Саноат ва энергетика вазирлиги орқали келаётган тегишли инвестицион дастурларга киритилган. Аммо бу фақат сармоялар ётқизилишинигина эмас, амалга ошириш учун вақт ҳам талаб этади. Мудофаа вазири Сергей Иванов яқиндагина (2006 йилнинг ёзида – “Фарғона.Ру” АА изоҳи) заводда бўлди. У ерда кўриб чиқилган масалалардан бири айнан шу масаладир”.

Шундай қилиб, генерал Московский сўзларидан маълум бўлишича, гап Ил-76 ҳарбий-транспорт учоқлари келажакда Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам параллел равишда йиғилиши мумкинлиги ҳақида кетмоқда. Москва ТАИЧБни бундан буён ҳам Ил-76 учоқларини ишлаб чиқарувчи ҳамкор сифатида кўраётганини Россия ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича федерал хизмати директорининг биринчи муовини, “Эйршоу Чайна 2006” (AirShow China 2006) кўргазмасида Россия делегациясининг раҳбари ўлароқ иштирок этган Александр Денисовнинг баёноти ҳам тасдиқлайди.

Хитойга Ил-76 учоқларини етказиб бериш юзасидан шартноманинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган вазият ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, Денисов “муаммолар бор, лекин улар ҳал қилинаяпти, шартнома эса белгиланган муддатда бажарилади”, дея қайд этди. Бу шартнома, албатта, Тошкентда бажарилади, чунки бошқа ишлаб чиқаришнинг ўзи йўқ. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия авиасаноати вакиллари ТАИЧБ Хитойга Ил-76 русумли 38 та ҳарбий-транспорт учоғи ва Ил-78 русумли ёнилғи ташувчи учоғини етказиб берилиши юзасидан буюртмани ўз вақтида бажаролмаётганини билдиргандилар. “Рособоронэкспорт”нинг ХХР билан тузилган шартномасининг умумий ҳажми 1,5 млрд. долларни ташкил этади. Ўзбекистон томон мажбуриятларни ўз вақтида бажара олмаётгани туфайли Россияда “Ил” ишлаб чиқаришни Тошкентдан Ульяновскка кўчирмоқчи эканлари ҳақида миш-мишлар айланиб қолганди. Аммо Москва бу қарорни инкор қилаётгандай.

Афтидан, россиялик ва ўзбекистонлик раҳбарлар бундан тегишли хулоса чиқарганлар. Бу хулосалар, биринчи навбатда, кадрлар муаммосини ҳал қилинишига дахлдордир. Ҳозир ТАИЧБда Хитой буюртмасини бажариш билан машғул бўлган россиялик мутахассисларнинг катта гуруҳи ишлаяпти. Бундан ташқари, ёшлигида ТАИЧБда ишлаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу авиакорхона раҳбарини алмаштирди. У 1995 йилдан бери ишлаган аввалги директор Вадим Кучеровни ишдан бўшатиб, 1995 йилдан 2003 йилгача бош вазир бўлган Ўткир Султоновни унинг ўрнига директор этиб тайинлади. У яхши саноатчи ҳисобланади.

Бироқ бу ҳолат ТАИЧБ билан боғлиқ бўлган барча муаммоларни ҳал этмайди, албатта. Ўзбекистондаги бу авиакорхона ҳақиқатан ҳам яшаб қолиши учун у Россияда тузилмиш Бирлашган авиацион компанияга интеграция қилиниши керакка ўхшайди. Мосвкада ҳам, Тошкентда ҳам шунақа режалар бор. Аммо бунинг ҳаммаси ТАИЧБ хусусийлаштирилишидаги нархларга боғлиқ бўлади. Бу ҳақда эса, афтидан, томонлар ўзаро келиша олмаяптилар.



 

Реклама