23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Бишкекдаги ноябрь инқилоби: Эрталаб янги республика, янги ҳукумат эълон қилинади ва ҳокимиятнинг барча тармоқлари янги ваколатларга эга бўладилар

07.11.2006 11:16 msk

ОАВ хабарлари асосида

2006 йилнинг 7 ноябрига ўтар кечаси Қирғизистондаги расмийлар ва мухолифат зиддияти чўққига чиқди. Халқ депутатларининг бир қисми мамлакатдаги ҳокимият тизимини тубдан ўзгартириб юборувчи конституциянинг муқобил лойиҳасини кўриб чиқиш учун парламентнинг фавқулодда мажлисини уюштирдилар.

Кечаси соат учда халқ депутатлари республика Конституцион суди раисаси Чўлпўн Баекова ҳозирлигида янги Конституцияни имзолаш жараёнини бошладилар. Депутатлар парламент минбарига битта-биттадан чиқишиб, оғзаки равишда ўз розиликларини билдиришиб, Конституциянинг икки нусхаси (биттаси рус, яна бири қирғиз тилларида) остига имзо чекдилар. Бу иш телекамера олдида амалга оширилди.

“Тазар” Интернет-газетаси махсус мухбирининг хабар қилишича, Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Қубатбек Байбўлов янги Конституция қабул қилинганидан кейин мамлакатни конституцион органлар: парламент, ҳукумат ва президент бошқаришини билдирди. Ҳозирги парламент машруълигича қолади, ҳукумат янгитдан шакллантирилади.

Қирғизистон Республикасининг амалдаги Конституцияси 1993 йил 5 май куни Қирғизистон Республикаси Олий Кенгаши ўн иккинчи чақириқ ўн иккинчи сессиясида қабул қилинганди. Ҳали ҳам амалда бўлган Қирғизистон Конституциясининг матнини “Тазар” сайтида ўқиш мумкин.

“24.kg” ахборот агентлиги “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати Ў. Текебаевнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Қирғизистон парламенти, Таъсис мажлисини ташкил этаркан, мамлакат тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олди”. “Биз ҳозир ҳокимиятнинг эски тизими ишламаётган, янгиси тузилмаган бир ўта мушкул бир вазиятда турибмиз. Мамлакат парламенти Қирғизистон тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олди”, - дея таъкидлайди Жўғўрқу Кенеш депутати Ўмурбек Текебаев.

“24.kg” ахборот агентлигининг хабар қилишича, Қирғизистон парламенти депутатлари келишув комиссиялари ўз ишини бошлаган. Аввал хабар қилинганидек, бу комиссиялар тўртга тўрт шаклида ишлайди, яъни комиссияларда мухолифатдан ҳам, президентни ёқловчи депутатлардан ҳам тўрттадан вакил иштирок этади. Улар биргаликда бугун парламентда қабул қилинаётган Конституция лойиҳаси бўйича баҳсли жиҳатларини бартараф қилишлари керак. Бу ҳужжат 2005 йилнинг 17 июлида Конституцион Кенгашнинг биринчи таркиби томонидан тайёрланган ва 2006 йилнинг 31 октябрь куни бўлиб ўтган мамлакат раҳбариятининг мухолифат билан учрашувида келишилган лойиҳага асосланган.

Депутат ва мухолифатчи Темир Сариевнинг “Тазар” Интернет-газетаси махсус мухбирига айтишича, “бугун янги республика, янги ҳукумат эълон қилинади ва ҳокимиятнинг барча бутоқлари янги ваколатларга эга бўладилар. Вакиллик органлар ўз вазифаларини сақлаб қоладилар. Конституциянинг янги таҳрири бўйича Жўғўрқу Кенеш бош вазирни тайин қилади ва вазирлар маҳкамасини сайлайди”.



 

Реклама