23:11 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Кузатувчилар уни турлича баҳоламоқдалар

06.11.2006 22:54 msk

Владимир Георгиев (муаллиф фотоси)

Суратда: Тожикистон президенти Э. Раҳмонов овоз бермоқда. 6 ноябрь 2006 йил

6 ноябрь куни Тожикистонда мамлакат президентлигига сайловлар бўлиб ўтди. Республика Марказий сайлов комиссияси раиси М. Бўлтуевнинг маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, сайловларда 2 миллион 875 минг киши ёки сайлов рўйхатларига киритилганларнинг 88,5 фоизи иштирок этганлар.

Агар президентлик сайловларида овоз бериш рўйхатларига киритилган сайловчиларнинг ярмидан кўпи иштирок этса, сайловлар яроқли ҳисобланади. Сайловчилар рўйхатига ҳаммаси бўлиб Тожикистоннинг 3,4 миллион фуқароси фамилиялари киритилган бўлиб, улар 3040 та сайлов участкаларида овоз берганлар.

См. фотогалерею «Выборы президента Таджикистана»
“Тожикистон президенти сайлови” фотогалереясини кўринг
Сайловларда президентликка номзод бўлган беш киши иштирок этди. Улар Иқтисодий ислоҳотлар партияси лидери, Тожикистон транспорт институти ректори Олимжон Бобоев, Социалистик партия раиси Абдуҳалим Ғаффоров, Аграр партия лидери Амир Қорақулов, Халқ демократик партияси раҳбари, амалдаги президент Эмомали Раҳмонов, Компартия МК котиби, миллий парламент қуйи палатасининг депутати Исмоил Талбаковлардир.

Амалдаги президент Эмомали Раҳмоновнинг ваколат муддати душанба куни тугаган. Даставвал Раҳмонов 1994 йилда умумхалқ сайловида беш йил муддатга президент этиб сайланганди. 1999 йил сентябрида бўлиб ўтган умумхалқ референдумида президент ваколатлари муддатини беш йилдан етти йилга узайтириш масаласи ҳал этилганди. 2003 йилнинг июнь ойида Тожикистонда яна бир умумхалқ овоз бериши ўтказилиб, унинг якунларига кўра мамлакат Конституциясининг 65-моддасига ўзгартишлар киритилганди, бу амалдаги давлат раҳбарига яна икки марта етти йилдан сайланиш имконини берарди.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси МДҲга аъзо саккиз давлатдан келган 231 кузатувчини рўйхатга олган.

Душанбе шаҳридаги сайлов участкаларидан бирида овоз бериш жараёнини кузатган МДҲ ижроия қўмитаси раиси Владимир Рушайло журналистларга “Тожикистондаги сайловлардан олинган таассурот ижобий” эканини билдирган.

Бироқ Финляндия парламенти депутати ва Тожикистон президенти сайловларини кузатаётган ЕХҲТ кузатувчилари миссияси раҳбари Кимо Килжунен бундай фикрда эмас. Тожикистондаги президентлик сайлови боришини изоҳлар экан, у “гарчи бу сафарги сайловларда сиёсий партиялардан бешта номзод иштирок этаётган бўлса-да, бу сайловларни алтернатив сайловлар, деб аташ мумкин эмас”, деди.

Килжуненнинг фикрича, Тожикистондаги сайловолди кампанияси чоғида ЕХҲТ кузатувчилари миссияси президентлик лавозими учун курашаётган номзодлар ўртасида ҳақиқий сиёсий кураш мавжудлигини кўрмаган. Шунингдек, у “Тожикистон фуқаролар урушини бошдан кечирган ва бу сайловлар ўтказиш учун мазкур мамлакатда мавжуд бўлган шароитларни юзага келтирган. Афсуски, Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳукумат тузилмалари авторитардир ҳамда улар демократик меъёрлар ва тамойилларга мувофиқ келмайди. Айни пайтда, Тожикистондаги вазият Ўзбекистондаги ёки Туркманистондаги вазиятдан анча фарқ қилади. Лекин барибир, Тожикистон ҳали ҳам ҳақиқий альтернатив сайловлар ўтказишдан йироқ”, деб ҳисоблайди ЕХҲТ кузатувчилари миссияси раҳбари.

Бу орада, амалдаги президент ва Халқ демократик партиясидан номзод бўлмиш Эмомали Раҳмонов бугун “дунёнинг бирор-бир мамлакатида ЕХҲТ талабларига тўла жавоб бериши мумкин бўлган сайлов бўлмайди”, дея қайд этган.

Дастлабки маълумотларга кўра ва экспертларнинг фикрича, бўлиб ўтган сайловларда мамлакатнинг амалдаги президенти Эмомали Раҳмонов муқаррар ғалабага эришган.



 

Реклама