20:46 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Россия ва Марказий Осиё: алоқалар тарихи ва келажакдаги ҳамкорлик”

06.11.2006 21:12 msk

Н.Зотова (Фарғона.Ру)

1 – 2 ноябрь кунлари Подмосковьедаги “Колонтаево” пансионати базасида “Россия ва Марказий Осиё: алоқалар тарихи ва келажакдаги ҳамкорлик” дея номланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбати ишида РФА этнология ва антропология институти, РФА Шарқшунослик институти, Африка институти, МДҲ мамлакатлари институти, РФА Тилшунослик институти, Бутунроссия ҳужжатшунослик ва архив иши илмий-тадқиқот институти ходимлари, аспирантлар ва ёш мутахассислар, шунингдек, журналист ва жамоат арбоблари иштирок этдилар.

Давра суҳбатининг мақсади Россия ва Марказий Осиё академик ҳамжамиятининг СССР парчаланганидан кейин илк маротаба ўтаётган қўшма анжуманида Россия ва минтақадаги мустақил мамлакатлар ҳамкорлиги тажрибаси ва истиқболларини; маданий айирбошлаш, гуманитар ҳамкорлик масалаларини, тарихнинг баҳсли масалалари ва бошқаларни муҳокама этишдан иборат эди.

Санобар Шерматова и Довлат Худоназаров. Фото ИА Фергана.Ру
Санобар Шерматова ва Довлат Худоназаров. Фарғона.Ру АА фотоси
Мажлис дастури уч бўлимдан иборат бўлди. “Марказий Осиё Россия империяси таркибида” дея номланган биринчи бўлим давра суҳбатини очиб берди. Россиянинг Марказий Осиё тарихидаги модернизацион роли хусусидаги масала энг қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Унда, жумладан, модернизация маҳаллий халқларга ёмонлик олиб келдими ёки яхшиликми, жамиятда ҳақиқатан ҳам янгиланиш бўлдими, минтақадаги тарихий тараққиёт йўналишининг кескин ўзгаришидан ким ютди, деган масалалар қизғин муҳокама қилинди. С. Н. Абашин томонидан Ўзбекистон тарихини талқин қилинишидаги ўзгаришлар қабатида рус тилида ёзилган Ўзбекистон тарихи бўйича замонавий дарсликлар шарҳланди.

“Марказий Осиё СССР таркибида: совет тажрибаси ва совет мероси” дея номланган иккинчи бўлим мазкур даврнинг минтақа давлатлари учун роли ва аҳамияти тўғрисидаги баҳсга бағишланди. Бунда “ўзга томон”ни тамсил этувчи, асли Марказий Осиёдан бўлган ёки ўша ёқда яшаётган иштирокчиларнинг чиқишлари ва луқмалари қизиқарли бўлди. Масалан, режиссёр ва сиёсатчи Довлат Худоназаров малакали мутахассислар ҳамда тарихчиларни тайёрлаш муаммоси, бу давр бўйича мутахассис бўлган илм кишиларининг етишмаётгани ҳақида гапирди. У совет даврига мавзун, холис баҳо бериш тарихчилар учун “орият иши” бўлиши кераклигини ва ёппасига қоралаш билан шуғулланмаслик лозимлигини қайд этди.

Марказий Осиё ва Кавказ бўйича эксперт Санобар Шерматова Совет Иттифоқи Марказий Осиё учун уникал модернизаторлик лойиҳаси бўлганлиги; бутун ислом оламида унга ўхшаш нарса бўлмагани ҳақида гапирди. Бу таълимий тараққиёт, аҳоли саводхонлигини ошириш, фундаментал фанларни яратиш ва ривожлантириш, аёллар аҳволи ва бошқа кўплаб жабҳаларга тегишли.

Учинчи бўлим – “Россия Федерацияси ва Марказий Осиё мамлакатлари: умумий маданий ва ижтимоий майдон, ҳамкорликнинг янги шакллари” энг кўп маърузаларни ўз ичига олди. Муҳокама этилган масалалар кўлами жуда кенг бўлди, аммо асосий эътибор минтақа мамлакатларидаги миграцион жараёнлар ривожига қаратилди. Иштирокчиларнинг кўпчилиги мазкур масала юзасидан ўз мулоҳазаларини тақдим этдилар, айниқса, тожикистонликлар фикрини эшитиш қизиқ бўлди. Бу мавзуда Довлат Худоназаров ҳам, Б. Б. Лашкарбеков (помирликларнинг “Нур” бирлашмаси раиси) ҳам, РФА Шарқшунослик институти ва МДХАИ ёш аспирантлари ҳам ўз фикрларини билдирдилар.

Қайд этиш жоизки, муҳожирларнинг аянчли аҳволи ва уларнинг муаммолари юзасидан фактларни эътироф этишдан ташқари бу ерда муҳожиротнинг “улғайиши”, мослашув амалиёти ва стратегияларининг ўзгариши каби ижобий жиҳатларга ҳам эътибор қаратилди. Селин Заурбеков (Помирда туғилган, Шарқшунослик институти аспиранти) Тожикистон жамиятини қамраб олган “муҳожирлик васвасаси” ҳақида гапирди. Унга кўра, пул топиб келиш учун уйдан чиқиб кетиш эндиликда фақат иқтисодий сабабларгагина боғлиқ бўлмай қолди, бугунги кунда у психологик омилга айланиб, бу каби иш муҳожирнинг ватанда ижтимоий мақомининг ошишига хизмат қиляпти. Бироқ оммавий муҳожирот жамиятнинг анъанавий тузилмаларига салбий таъсир кўрсатиб, ижтимоий институтлар ва тажрибаларнинг йўқолишига олиб келади. Афсуски, бу муҳим мавзу ҳали деярли ўрганилмаган ва келажакда тадқиқотчилардан катта диққат-эътибор талаб этади.