03:03 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони қанча? Расмий маълумотларга кўра - 1,4 миллион киши

06.11.2006 19:32 msk

Ўз ахб.

Шу кунларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) жорий йилнинг тўққиз ойи натижалари бўйича республикадаги Интернетдан фойдаланувчилар ва уяли алоқа мижозлари сони ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Бу давр ичида уяли телефон эгалари сони 79,8 фоизга ошган ва 1 октябрга келиб 2.068.500 кишини ташкил қилган. Йил бошида мамлакатда 1,15 миллион уяли алоқа мижози бор эди.

Интернетдан фойдаланувчилар сони ҳам шиддатли суръатда ўсган. Октябрь бошига келиб, ЎзАААнинг маълумотларига кўра, 1,4 миллион кишига етган ёки ҳар 1000 кишига 52,7 тадан тўғри келган. Йил бошида қайд этилмиш 855 минг веб-юзерга солиштирганда, ўсиш анча катта бўлиб, 64 фоизни ташкил этган.

Қайд этиб ўтамизки, расмий статистикага кўра, Интернетдан фойдаланувчи ўзбекистонликлар сони сўнгги йиллар мобайнида ҳавас қиладиган даражада тез ошаяпти. Агар 2001 йил натижалари бўйича улар 137 минг кишини ташкил қилган бўлсалар, 2002 йил охирида улар сони 275 мингтага (ўсиш – 100,7 фоиз), 2003 йил охирига келиб 492 мингтага (79 фоиз), 2004 йил сўнгида 675 мингтага (37 фоиз), 2005 йил охирида 855 мингтага (32,2 фоиз) етган. Шу йилнинг биринчи кварталида веб-юзерлар сони миллиондан ошган ва йил охирига келиб бир ярим миллиондан ошиши кутилмоқда. Агар бу рақамларга ишонилса, ўзбекистонлик Интернетдан фойдаланувчилар оиласи бу йил ҳар ойга тақрибан 60 минг кишидан ошмоқда.

Шунга қарамай, мамлакатни муваффақият билан интернетлаштириш юзасидан кўзни қувонтирувчи бу ҳолат, ҳеч бўлмаганда, интернетдан фойдаланувчиларни ҳисобини аниқлаш учун қандай мезонлардан фойдаланаётганлари ҳақида ҳеч нарса айтилмаётгани учун ҳам, жиддий шубҳа уйғотади. Улар статистикага кимни киритадилар – фақат Тармоққа уланган шахсий компьютерларними ёки бунга йилда бир марта хат жўнатиш ё оммабоп қўшиқни кўчириб олиш учун Интернет-кафега адашиб кириб қолган ҳар қандай фуқаро ҳам қўшилганми? Бу ҳақда ўзбекистонлик давлат амалдорлари ҳеч нарса демайдилар, мустақил манбалардан эса, афсуски, маълумот йўқ.

ЎзАААнинг статистик маълумотлари яна бир сабаб билан ошириб юборилгандай кўринади: агар бу ҳисобга фақат (Интернетга чиқиш имкони бўлган компьютерларга эга) тўлақонли фойдаланувчилар киритилган, дея тахмин қилинса, у ҳолда расмий рақамдан келиб чиқиб, ҳар ой мамлакатда камида 60 минг компьютер сотиб олинаётган ва ўша заҳотиёқ тармоққа уланаётган бўлади. Бунинг ҳақиқатдан нақадар йироқлиги ҳақида гапиргиси ҳам келмайди одамнинг.

Яқинда “Фарғона.Ру” Россияда уяли алоқа мижозлари билан Интернетдан фойдаланувчилар нисбати олтига бирни ташкил этишини ёзганди. Ўзбекистонда қандайдир сабабга кўра бу фарқ камроқ, дея тахмин қилишга асос бўлмаса керак. Бироқ давлат маҳкамаларининг ишонтиришларича, республикадаги интернетдан фойдаланувчилар ва уяли алоқа мижозлари нисбати 1 га 1,4 ни ташкил қилади.

Юқорида айтилганларни эътиборга олиб эътироф этиш керакки, расмий статистика кўрсатган улкан рақам Ўзбекистонда Интернетнинг ёйилиши юзасидан ҳақиқий кўламни акс эттирувчи кўрсаткич эмас, ахборот-коммуникацион технологияларни ривожлантириш бўйича давлат дастурини бажаришга масъул бўлган маҳкамаларни иҳота қилишга йўналтирилган ҳисобот топширишнинг анъанавий шакли (оддий қўшиб ёзиш) бўлиб ҳисобланади, холос.