23:56 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

В. Богатирев: “Мухолифат лидерлари ичида ҳеч нарса йўқотмайдиган хавфли кишилар бор”

06.11.2006 18:20 msk

Х.Валидов (Бишкек)

Қирғизистон президенти ҳузуридаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг собиқ директори, “Перспектива” таҳлилий консорциуми мувофиқлаштирувчиси Валентин Богатирев мухолифат ва расмийлар муносабати ҳақида фикр юритади.

Фарғона.Ру: - Қатор давлат идораларини эгаллаб олиш нияти билдирилган мухолифат кенгаши ёзувининг топилиши билан боғлиқ бўлган жанжалдан кейин мухолифат ўзини оқлашни бошлагандай кўринмаяптими сизга?

Валентин Богатирев: - Ҳа, мухолифатчилар ўзларини йўқотиб қўйдилар. Аввал улар дискетадаги ҳақиқий суҳбат ёзувини инкор қилдилар, аммо кейин улар буни тан олишга мажбур бўлдилар. Аммо гап шундаки, ёзувда ҳақиқатан ҳам қонунчилигимиздан ташқари бўлган нарсалар бор эди.

Фарғона.Ру: - Расмийлар ҳаракати қандай бўлишини тахмин қила оласизми? Ҳибсга олишлар бўлармикин?

Валентин Богатирев: - Агар расмийлар, митингчилардан кимдир айбдор бўлишига қарамай, унга нисбатан қанақадир жазо чоралари кўра бошласалар, бу номақбул иш бўларди. Афсуски, айрим депутатлар томонидан мухолифатга нисбатан жазо чоралари қўллаш кераклиги ҳақида фикрлар айтилаяпти. Аммо, менимча, оқилона фикр устун келади ва президент бундай чоралар кўрмайди.

Фарғона.Ру: - Сизнингча, вазият нақадар хавфли?

Валентин Богатирев: - Майдондаги одамлар ўзларини қандай тутаётганларида ҳам, расмийларнинг бунга муносабатида ҳам хавфсирайдиган ҳеч нарса йўқ. Вазиятни куч билан ҳал этишнинг ҳеч қандай йўли йўқ, фақат келишиш керак, холос.

Фарғона.Ру: - Мухолифат аҳлоққа унча мувофиқ келмаган нарсалар ҳақида билдириб, қўпол ўйин ўйнаб, ўзини бурчакка тиқиб қўяётганга ўхшамаяптими?

Валентин Богатирев: - Мухолифатда ҳар хил тоифадаги одамлар бор. Улардан баъзилари ўз остларидаги кўприкни ёқиб ташлаганлар. Кимдир буни Атамбаев (Алмаз Атамбаев, "Ислоҳотлар учун!" ҳаракати ҳамраиси - таҳр. изоҳи) каби аввалроқ қилди, кимдир Муратбек Муқашев (депутат, йирик банк раёсати раиси) каби митинг чоғида амалга оширди. Бу одамлар анча хавфли, чунки улар шахсан ўзлари учун вазиятдан чиқиш йўли йўқлигини тушунадилар, улар қандайдир экстремал нарсаларни таклиф қилишлари ва ҳатто уюштиришга уриниб кўришлари ҳам мумкин. Намойиш бошланмасидан аввал, митингнинг муддатсизлиги ҳақидаги масала муҳокама қилинган пайтда мухолифат штабининг айрим аъзолари майдонга киришдан олдин ундан қандай чиқиш тўғрисида ўйлаш лозимлиги айтган эдилар.

Фарғона.Ру: - Президент 6 ноябрь куни (В. Богатиревдан интервью 6 ноябрь арафасида олинганди) конституция лойиҳасини парламентга киритишга ваъда қилди. Манбаларнинг айтишларича, президент парламент билан келишилмаган конституция лойиҳасини тайёрламоқда. Аммо ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам 30 депутат митинг ичида юрибди ва мажлисни бойкот қилаяпти – кворум йўқ. Нима бўлади?

Валентин Богатирев: - Бу ерда умуман муаммо йўқ. Конституциянинг парламентга киритилишининг ўзи бу ишнинг бошланишидир. Агар бу амалдаги конституцияга ўзгартишлар киритиш сифатида талқин қилинадиган бўлса, лойиҳа конституцион судга хулоса учун юборилиши керак. Конституцион суд эса уни уч ойдан кам бўлмаган вақт ичида кўриб чиқади. Шу сабабли ҳам, агар бу конституцияга кириталажак тузатишлар бўлса, яқин уч ой ичида парламент умуман Асосий қонунни муҳокама қилмайди.

Аммо бу янги конституция бўлса, вазият бошқача бўлади. Қонунчилигимизда янги конституцияларни қабул қилиш мутлақо кўзда тутилмаган. Яъни, у ҳолда парламент киритилган конституция лойиҳасини эмас, уни қандай қабул қилиш масаласини муҳокама қилади. Бу эса анча узоқ давом этадиган жараёндир.

Фарғона.Ру: - Мухолифат бу ҳақда билса керак. У ҳолда уларнинг баёнотлари ўзлари қилмоқчи бўлган ишдан фарқланиб қолади. Улар майдонда уч ой ёки ундан кўпроқ ўтирмасалар керак? Шу ўринда савол туғилади: унда мухолифатни ҳаракатлантираётган ҳақиқий сабаб қандай?

Валентин Богатирев: - Албатта, мухолифат майдонда ярим йил ўтиришни ўйламаётган бўлса керак. Улар вазият икки ҳафта ичида бир ёқли бўлишига ишонадилар. Аммо бунинг учун улар одамларни ўзлари томонга тортишлари керак, ҳозирча эса биз буни кўрмаяпмиз. Бишкек шаҳри уларни қўлламаяпти, қўрқаяпти, чекка жойлар ҳам қўлламадилар...

Фарғона.Ру: - Унда нима учун мухолифатчиларнинг гапларида кўтаринки сўзлар бу қадар кўп? Улар Бакиевнинг кетишига ҳақиқатан ҳам ишонадиларми?

Валентин Богатирев: - Улар бунга ишонмайдилар. Улар Бакиев кетмаслигини, жилла қуриса, ҳозир кетмаслигини тушунадилар. Аммо бу шунчаки Бакиев қачонлардир барибир кетиши ҳақидаги фикр трансляцияси, холос.