23:58 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Депутат Даврон Собиров: “Қирғизистон президентида сиёсий маданият йўқ”

06.11.2006 13:50 msk

Алийма Шарипова

Бишкекда бўлиб ўтаётган воқеаларга нисбатан Ўш вилояти Ўзбеклар жамиятининг раиси, ўзбек ёшларининг “Сарбон” сиёсий клуби муассиси, Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Даврон Собиров ўз нуқтаи назарини баён қилади.

Фарғона.Ру: - 2 ноябрь куни бошланган митинг бу ҳақиқатан ҳам халқ хоҳиш-иродасини акс эттирадими ёки бу муайян бир гуруҳ сиёсатчилар манфаатларидан келиб чиққан ишми?

Даврон Собиров: - Ҳозир митинг бўлиб ўтиб, майдонга жуда кўп одамлар чиққанидан кейин буни кичик гуруҳдаги одамларнинг иши, деб ҳисоблаш мумкин эмас. Демак, мамлакатнинг ҳозирги раҳбариятида анча камчилик бор, демак, у ҳокимият бўлиш ва унга берилган ваколатларни бажариш имкониятини бой берган. Митингчилар сони тобора ошиб бораяпти ва улар Бакиевнинг, Қуловнинг ҳамда эндиликда Бшкек шаҳри мэри Нўғўевнинг ҳам истеъфосини талаб қилаяптилар. Ҳақиқатан ҳам мамлакат хавф остида қолди!

Ҳозирги пайтда Бакиев қай бир даражада ён бераяпти, аммо энди жуда кеч бўлди ва унинг ўринсиз ўжарлиги мамлакатнинг бўлиниб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Мен президентнинг ҳаракатидан танг қолаяпман, буни қандай аташни ҳам билмайман. Буни унинг давлатни бошқаришдаги иқтидорсизлиги деб аташ керакми ёки ишни билмаслик дебми? Халқ майдонга чиқмагунича Конституцияни қабул қилиш бўйича қандай қилиб ҳеч нима қилмай ўтириш мумкин?..

Фарғона.Ру: - Президент ва инсон сифатида Бакиев ҳақида нима дея оласиз?

Даврон Собиров: - Ёмон мамлакат ёки ёмон халқ бўлмайди, ёмон президентлар бўлади. Назаримда, Бакиев, энг аввало, сиёсий маданиятни ўзлаштириб олиши керак, бу маданият эса унда йўқ. Инсон сифатида эса, агар у президент бўлганидан кейиноқ ўзини ҳокимият тепасига олиб келган инқилобий сафдошларини – Рўза Ўтунбаевани, Анвар Ортиқовни ва бошқаларни сота бошлаган бўлса, у ҳақда нима дейиш мумкин?

Фарғона.Ру: - Ҳозир олти депутат уларга ҚТР миллий телеканалидан эфир берилишини талаб қилаяптилар. Бу тўғри талабми ёки нотўғри талабми?

Даврон Собиров: - Бу нормал ҳолатдир, бизда ҳар бир киши радио, телевидение орқали чиқишга ҳақли. Мен ҳамкасбларимга бунақа имконият бериш керак, деб ўйлайман. Қачонлардир Бакиев эфирга муҳтож бўлганди, инқилобчилар собиқ президент Ақаев гаплашишни истамаган халқ билан мулоқот қилишни истагандилар. Ҳозир парламент аъзолари одамларнинг Бишкекда содир бўлаётган воқеалар хусусида ҳақиқатни билишлари учун, уларга ахборот етказиш учун мухолифатчиларни барча ҳудудларда, мамлакатнинг барча чеккаларида эшитишларини истаяптилар ва бу уларнинг ҳақидир. Энди президент ҳақида айтсам, у ҳар доимгидек ҚТРдан чиқиш юзасидан ўзининг маъмурий-президентлик имкониятини бой берди. У ҳалигача телевидение орқали Қирғизистон халқига мурожаат қилмади ёки баёнот бермади. Бу президент йўл қўйган катта хатодир. Кечаси соат 12 да бўлса ҳам у халқ олдига чиқиши керак эди. Агар унинг айтадиган гапи бўлмаса...

Фарғона.Ру: - Нима учун расмийлар ва мухолифат бир-бирлари билан келиша олмаяптилар ҳамда бу вазиятдан қандай чиқиш мумкин, деб ўйлайсиз?

Даврон Собиров: - Бу зиддиятга фақат президентнинг истеъфога кетишигина якун ясаши мумкин. Ўзингиз билганингиздек, митинг муддатсиз деб эълон қилинган. Яна халқни кўплаб ижтимоий жиҳатдан ҳал қилинмаган муаммолар ҳам кўчага олиб чиқиши, одамлар ҳамма жойда бирданига кўтарилишлари мумкин, бу мутлақо бошқариб бўлмас жараёнларга олиб келади. Бакиев кетиши керак. Буни қандай амалга оширади – бу ҳақда ўзи ўйлаб кўриши керак. Агар кетмайдиган бўлса, у ҳолда Қирғизистон 2010 йилгача мамлакат устига ёғилган бу залворли юкни кўтаролмайди. Бу ҳозирги президент учун ҳаддан зиёд катта муддат.