21:57 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубидаги эгаллаб олинган объектлар жамоалари ўз ҳақ-ҳуқуқларининг тикланиши учун расмийларга беш кун муҳлат бердилар

06.11.2006 10:43 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Жалолободдаги эгаллаб олинган объектларнинг жамоалари ўз ҳақ-ҳуқуқларининг тикланиши масаласини ҳал этиш учун маҳаллий расмийларга беш кун муҳлат бердилар. Акс ҳолда ушбу корхона ва ташкилотлар ходимлари буни ўз кучлари билан амалга оширишга мажбур бўладилар.

2006 йилнинг 5 ноябрь куни Қирғизистон жанубидаги Жалолобод шаҳрида эгаллаб олинган объектлар жамоаларининг мэрия раҳбарияти ва вилоят фаоллари билан шу масалага бағишланган учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувга О. Ботиров номидаги Халқлар дўстлиги университети ҳамда Қурилиш ашёлари комбинати (ҚАК) жамоасининг олган қарори асос бўлган.

Эслатиб ўтамиз, университетга қарашли 52-хонадонли уй ва ҚАК маъмурий биноси бир неча ой аввал ўз яшаш шароитларини яхшиланишига муҳтож бўлган кишилар томонидан эгаллаб олинганди. Бу объектларнинг эгаси, мамлакат парламенти депутати ва вилоят ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров бу эгаллаб олишлар ўзбек жамоатчилигининг 2006 йил 27 майида бўлиб ўтган митингидан кейиноқ содир бўлганини айтади.

Эгаллаб олинган объектларнинг эгаси ва жамоа аъзоларининг қайд этишларича, уларнинг маҳаллий расмийларга ва ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаатлари ҳеч қандай самара бермаган. Жалолободлик сквоттерлар шу кунгача бу ҳудудларни тарк этмаганлар ва ҳатто объектдаги мол-мулкни ўмаришни бошлаганлар.

Бу орада, Жалолобод шаҳар мэрияси, расмийлар фикрича, шаҳар ҳокимиятига тегишли бўлган 52-хонадонли уйни судлашиб олиш учун Халқлар дўстлиги университетини судга берган. Мэрия уй университет томонидан қонунларни бузган ҳолда сотиб олинган ва шу сабабли ҳам муниципалитетга қайтарилиши лозим, деб ҳисоблаган. Бироқ шаҳар, кейин эса вилоят судлари бу масалани университет фойдасига ҳал қилганлар. Аммо иккала суд қарорида кейин ҳам, гарчи маҳаллий расмийлар буни суд ҳукми чиқиши билан озод қилишни ваъда қилган бўлсалар-да, мазкур объектлар озод қилинмаган.

5 ноябрь куни эрталаб мазкур объектларнинг 300-400 кишидан иборат жамоаси сквоттерлар томонидан эгаллаб олинган объектларни озод қилиш учун боришга йиғилиб турганларида мэрияда Жалолобод фаоллари шаҳар мэри Дуйшўнали Мамасалиев бошчилигида мажлис ўтказаётгандилар. Кейин бу икки гуруҳнинг учрашуви бўлиб ўтди, у ерда томонларнинг бундан буёнги ҳаракатлари муҳокама қилинди. Учрашув мазкур жамоа вакилларининг бир қисми, мэрия раҳбарияти ва шаҳар фаоллари иштирокида давра суҳбати шаклида бўлиб ўтди.

Эгаллаб олинган объектларнинг эгаси бўлган Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши (мамлакат парламенти) депутати Қодиржон Ботировга кўра, маҳаллий расмийлар бу масалани узоқ вақтдан бери ҳал этолмаганларига сабаб ўзининг сиёсий фаолияти туфайли депутатга босим ўтказиш учун маҳаллий расмийларнинг “юқори”дан келган кўрсатмалардан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилишга мажбур бўлганларидир.

Мэр билан учрашувга келган шаҳарнинг таниқли тадбиркорлари ҳам содир бўлаётган воқеалар юзасидан ўз хавотирларини билдирдилар. “Бугун бу одамлар Ботировнинг мол-мулкини эгаллаб олдилар, эртага улар менинг олдимга келадилар, эртага Тумановга (ҳудуддаги йирик тадбиркорлардан бири – муаллиф изоҳи) навбат келади”, - деди Жалолобод шаҳар ўзбек жамоатчилиги лидери ва тадбиркор Муҳиддин Жалолов. – “Биз ҳаммамиз шаҳримиз иқтисодиётининг мустаҳкамланиши ва унинг фаровонлиги учун меҳнат қилаяпмиз. Нима учун биз бунақа қонунсизликка йўл қўйишимиз керак?”

Норозилик билдираётганлар “ишга бемалол, асабийлашмасдан бориб келиш” учун эгаллаб олинган объектларнинг зудлик билан бўшатилиши ва ҳақ-ҳуқуқларининг тикланишини талаб қилдилар. Узоқ давом этган муҳокамадан сўнг шаҳар мэри Д. Мамасалиев учрашув иштирокчиларидан вазиятни ўзгартириш ва масалани ижобий ҳал этиш учун беш кун муҳлат беришни сўради.

Сўзга чиққанларнинг қарийб ҳаммалари азалдан бир-бирларининг қувонч ва ташвишларига шерик бўлиб, қийин пайтларда бир-бирларига ёрдам қўлини чўзиб, ёнма-ён яшаб келаётган ўзбек ва қирғиз халқларининг асрий дўстлиги ҳақида гапирдилар. Уларнинг ҳаммалари бу мулк эгаллаб олиш туфайли чиқиб кетиши мумкин бўлган миллатлараро низоларга йўл қўймаслик ҳақида гапирдилар, чунки мулк эгаллаб олувчилар, асосан, қирғизлар бўлиб, эгаллаб олинган объектлар жамоасида эса ўзбеклар кўпчиликни ташкил этадилар.