16:51 msk, 22 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия Тожикистонда янги ҳаво базасини очаяпти. Бунда Ҳиндистон унга ҳамкор ўлароқ чиқаяпти

04.11.2006 17:13 msk

Владимир Георгиев (муаллиф фотоси)

Россия ҳарбий раҳбарияти, афтидан, ўзининг Тожикистондаги ҳарбий ҳозирлигини кенгайтириш билан шуғулланишга жиддий қарор берган кўринади. Душанбедан 25 километр наридаги Айний аэродромида Ҳиндистон билан биргаликда янги ҳаво базасини жиҳозланаяпти. Бу Қантда (Қирғизистон) очилган Россия ҳаво базасидан кейин Марказий Осиёда очилган иккинчи ҳаво базасидир.

Айнийдаги жой бежиз танланмаган. СССР даврида бу ерда вертолётларни таъмирловчи завод жойлашганди. Энди бу ерда Россия қуролли кучларининг 201-ҳарбий базаси авиагуруҳини жойлаштириш, шунингдек, Тожикистон ва Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларини (ҲҲК) жойлаштириш режалаштирилган. Шу мақсадда 3 ноябрь куни Россия ҲҲК бош қўмондони Владимир Михайлов Тожикистонга тўртта вертолёт топширган: бу Ми-24 русумли иккита ҳаво зарбаси вертолёти ва Ми-8 русумли иккита транспорт-ҳарбий вертолётларидир. Бу вертолётлар текинга берилган.

В. Михайловга кўра, Россиянинг бу йил Тожикистонга берган ҳарбий-техник ёрдами 26 миллион долларни ташкил этган. Кейинги йилда Тожикистонга техника ва қурол-аслаҳа шаклида берилажак ёрдам ҳажми 30 миллионга ошади.

Агар Айнийда Тожикистон вертолётларидан ташқари, Тожикистон ҳудудида қуролли тўқнашувлар юзага келган тақдирда, Россия ва Тожикистон бўлинмаларига ҳаводан ёрдам кўрсатадиган Россиянинг олтита Су-25 русумли ҳужумчи учоғи ҳамда ўн иккита Ми-8 ва Ми-24 русумли вертолетлар ҳам жойлашажаги ҳисобга олинадиган бўлса, бу ёрдам кам эмас.

Ҳиндистон эса ўзининг биринчи хорижий базасида МиГ-29 русумли 12 та жанговар учоғини жойлаштиради. Бундан ташқари, Тожикистон билан ҳарбий ҳамкорлик ҳақидаги битим доирасида Ҳиндистон ҲҲК Айнийда тожикистонлик учувчиларни ўқитиш учун мўлжалланган ўқув-ҳарбий учоқни ҳам жойлаштирадилар.

Ҳозирги пайтда Айний ҳаво базасида учиш майдончаси таъмирлаш ва инфратузилмани янгилаш иши кетаяпти. Таъмирлаш ишлари тожикистонлик ва ҳиндистонлик мутахассислар томонидан биргаликда амалга оширилмоқда.