23:12 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Митинг давом этаяпти. Бишкек тинч

04.11.2006 14:41 msk

Фарғона.Ру

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Митингнинг иккинчи куни кечқурунга келиб Бишкек марказий майдонида тунаб қолишни истаганлар сони икки минг кишига етди. Мухолифат лидерлари ва “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати аъзолари бошчилигидаги митингчилар асосий қисми яқин бир неча кеча-кундуз ичида чодирли шаҳарчани тарк этмоқчи эмас. Талаблар аввалгича қолган: президентни ва бош вазирни истеъфога кетказиш ҳамда давлатни бошқариш тизгини парламент ва “халқ ишончи” коалицион ҳукуматига топшириш.

Жўғўрқу Кенешнинг (Қирғизистон парламентининг) жума кунги сессияси ярми бўш мажлислар залида бўлиб ўтди. Аснода Қурмонбек Бакиев Конституция лойиҳасини 6 ноябрь куни парламентга кўриб чиқиш учун киритишга ваъда берган. Аммо шунга қарамай, мухолифат лидерлари митингни тўхтатмоқчи эмаслар.

“Ислоҳотлар учун” ҳаракати аъзоси Эдил Байсалов “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги махсус мухбирига берган интервьюсида маълум қилишича, 6 ноябрь куни президент Конституция юзасидан ўз вариантини киритса ҳам, киритмаса ҳам – парламентда кворум бўлмайди. Бунинг сабаби оддий – депутатлар “яна бир марта ўзларига тупуришларига ва уларни алдашларига йўл қўймайдилар”. Эслатиб ўтаман, Бакиев шу пайтгача бир неча бор Қирғизистон асосий қонуни юзасидан ўз лойиҳасини киритишга ваъда қилган, аммо нимагадир ўз қарорини ўзгартириб, парламентга “қуруқ қўл билан” келаверган.

Шу билан бирга, Байсаловга кўра, мамлакат президенти қанақа лойиҳа таклиф қилмасин, митингчиларнинг асосий талаби “Бакиев-Қулов” сиёсий тандемининг истеъфоси бўлиб қолаверади.

Митингнинг учинчи куни маҳаллий вақт билан соат 12 да “Ислоҳотлар учун” ҳаракати лидерларининг чиқишидан бошланади. “Миллий телевидение орқали эфирга чиқишга уринишлар бўладими?” деган саволга “Ислоҳотлар учун” ҳаракати аъзолари аниқ жавоб бера олмадилар. Кечаги эфир берилмаслигини улар ўзларининг кичик ғалабаси деб ҳисоблайдилар. “Агар бизни эфирдан маҳрум қилган бўлсалар, демак биздан қўрқар эканлар”, дея қарор чиқарганлар мухолифатчилар. Қайд этиб ўтамизки, республика ҳукумати сиёсий рақиблар учун эфирни маън қилиш ҳақидаги айбловларни рад этган.

Мухолифат тарафдорларидан иборат кичик гуруҳлар мамлакат жанубидаги Талас, Қоракўл, Норин шаҳарларида ҳамда Чуй вилоятининг айрим жойларида митинглар ўтказмоқдалар. Жанубий ҳудудни йирик шаҳарлари бўлган Ўш ва Жалолободда, мухолифат берган маълумотларга қараганда, йирик намойишлар ҳали бўлган эмас.

Митинг давом этаётганига қарамай, Қирғизистон пойтахти аста-секинлик билан одатдаги ҳаётга қайтаяпти. Дўконлар ва йирик савдо марказлари қайта очилган, шаҳарнинг транспорт, коммунал ва бошқа хизматлари одатдаги тартибда ишлаяпти. Фақат шу кунларда кўча супирувчилар иши сезиларли даражада кўпайган: бутун марказий майдон ва унга туташ кўчалар бир марта ишлатиладиган пластик идишларга тўлиб кетган.

* * *

АКИpress мухбирининг хабар қилишича, 3 ноябрдан 4 ноябрга ўтар кечаси майдон чироқ билан тўла ёритилган. Ҳаракат лидерлари майдонда турибдилар. Ҳаракат лидерлари учун майдонда тикилган ўтовлардан бирининг эшиги зирҳланган.

АКИpress ахборот агентлигининг мухолифатчи депутат Темир Сариевга таяниб хабар қилишича, соат 12.00 да “Ислоҳотлар учун!” ҳаракатининг Бишкекдаги митинги давом этади. “Одамлар турли жойлардан келаяптилар, - дея билдирди Т. Сариев. – Иссиқкўл, Ахси, Тўқтўғулдан одамлар йўлга чиққанлар. Душанба (6 ноябрь) куни энг катта митинг бўлади”. Сариевга кўра, “Ислоҳотлар учун” аъзолари бугун яна ДТРКга аввалги талаб билан – телечиқиш учун вақт бериш талаби билан боришни режаланганлар. Унга кўра, бугун Таласда митинг қилаётган одамларнинг Талас вилояти губернатори билан учрашуви ҳам режалаштирилган. Таласдаги митингчилар вилоят аҳолисининг ҳам ҳаракатга қўшилишини талаб қиладилар. Бундан ташқари, мухолифатчи “Бош прокуратура расмийлар позициясининг бемаънилигини тушуниб, “Ислоҳотлар учун” ҳаракати томонига ўтаяпти”, дея билдирди.

Бишкек матбуот клуби ёйинлаган хабарга кўра, соат 11.57 да Ўмурбек Текебаев майдонда журналистлар олдида дискета билан боғлиқ бўлган кечаги нохуш ҳодиса юзасидан чиқиш қилган: “Ўзаро гапларни махфий равишда эшитишга ҳеч қанақа рухсатнома берилмаган. Стенограммага қўшиб қўйилган изоҳлар ҳеч қандай танқидга дош беролмайди. Биз ҳақиқатан ҳам учрашганмиз, аммо биноларни эгаллаб олиш ва талончилик ҳақида гаплашмаганмиз. Буларнинг ҳаммаси бизни аҳоли олдида обрўсизлантириш учун қилинган”. Шунингдек, Текебаев Бишкекка жойлардан қўшимча кучлар келаётганини ҳам айтган.