23:18 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Жалолобод аҳли мамлакатда парламент бошқаруви жорий этилишини ёқлаб чиқмоқда

03.11.2006 23:59 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

“Фарғона.Ру” АА архивидан олинган сурат

2006 йилнинг 3 ноябрь куни Жалолободдаги О. Ботиров номидаги Халқлар дўстлиги университети биноси ёнида Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Қодиржон Ботировнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда сўзга чиққанлар мамлакатда парламент бошқаруви жорий этилиши ғоясини қўллаб-қувватладилар.

Депутат ёрдамчиси, “Журналистлар” жамоатчилик ташкилоти раёсати аъзоси Владислав Абилғазиевнинг маълум қилишича, депутат Қ. Ботиров ёрдамчисининг Жалолобод шаҳридаги қабулхонасига сайловчилар мухолифат митинги бошланишидан бир ҳафта аввал қўнғироқ қила бошлаганлар. Жалолободликлар мамлакатдаги вазият ва содир бўлаётган воқеалар юзасидан саволлар билан қўнғироқ қилганлар, айримлар эса қабулхонага келганлар. В. Абилғазиевга кўра, 2006 йилнинг 2 ноябрида бўладиган мухолифатнинг муддатсиз митинги юзасидан мамлакат ҳукумати баёноти эълон қилинганидан кейин, унга депутат ёрдамчиси сифатида одамлар тез-тез мурожаат қиладиган бўлганлар.

- Аҳолига маълумот етишмаётгани сезилиб турарди, - дейди В. Абилғизиев. – Жойлардаги одамлар ахборот вакуумида яшаяптилар. Бунинг устига, вилоятда ҳамма кўра олиши мумкин бўлган ягона телеканал – давлат канали бирёқлама ахборот бераяпти. Шунинг учун ҳам биз депутат Қодиржон Ботиров билан учрашув уюштиришга қарор қилдик, унда мамлакатдаги вазият хусусида батафсил маълумот бердик.

Шунингдек, депутат ёрдамчиси парламент аъзоси Қодиржон Ботиров учрашув иштирокчиларига парламент бошқарувининг президентлик бошқарувидан фарқини майда тафсилотларигача тушунтириб берганини ҳам айтди.

Шу билан бирга, учрашувда парламент йигирма беш депутатининг 2 ноябргача парламентга конституция лойиҳаси киритилмаган тақдирда, Бакиев-Қулов тандеми истеъфосини талаб қилишлари баён этилган мурожаатномалари ҳам ўқиб эшиттирилди. Мурожаатномада мамлакатда парламент бошқаруви жорий этилиши зарурлиги ҳақида ҳам айтилганди. Қайд этиш жоизки, Қодиржон Ботиров мазкур мурожаатномани имзоланган депутатлар орасида йўқ.

Жалолобод вилоятидаги ўзбек жамоатчилиги раҳбарларидан бири Улуғбек Абдусаломовнинг маълум қилишича, учрашув қатнашчиларининг аксариятини этник ўзбеклар ташкил этгани учун мурожаатнома аввал ўзбек тилида ўқиб эшиттирилган. Кейин, учрашувга бошқа миллат вакилларининг ҳам келганлари инобатга олиниб, ҳужжатни рус тилида ҳам ўқиб эшиттирганлар. Абилғазиевга кўра, давлат тилида ҳам баъзи изоҳлар берилган.

Депутат ёрдамчиси учрашувга мол-мулкларнинг эгаллаб олинишидан тортиб электр йўқлигигача бўлган турли муаммолар билан келган иштирокчилар ҳам мамлакатда парламент бошқаруви жорий этилишини ёқлаб сўзлаганларини қайд этди.

В. Абилғазиевга кўра, тадбирда корхона ва ташкилотлар вакиллари, оқсоқоллар ва оддий шаҳарликлардан иборат мингга яқин киши қатнашганлар.