23:25 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари учрашувдан тўла қониқиш ҳосил қилганлар

03.11.2006 23:20 msk

Ўз ахб.

Учинчи ноябрь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев кутилмаганда Ўзбекистонга келди. Унинг норасмий ташрифи Ғишт Кўприк – Жибек Жўли (собиқ Черняевка) назорат-ўтказиш масканида орқали чегарадан ўтишга йиғилган иккала мамлакат фуқаролари учун катта нохушликлар сабаб бўлди. Қўшни мамлакат раҳбари Чимкентдан автомобилда келгани учун бу ўтказиш маскани бугун оддий одамлар учун ёпиб қўйилди.

Президентлар ўртасидаги музокаралар Дўрмон қароргоҳида бўлиб ўтди. Кейинроқ журналистларга хабар қилишларича, улар бу ерда Қозоғистон-Ўзбекистон алоқаларига тегишли бир қатор долзарб масалаларни, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммолар бўйича ўзаро фикр алмашганлар.

Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Ислом Каримов ОАВ вакилларига мурожаат қилиб шундай деди:

- Биз ўзаро муносабатларга доир кенг кўламли масалаларни, минтақамиздаги – Марказий Осиё минтақасидаги аҳволни, халқаро ҳаётдаги жуда кўп муҳим, долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан жуда очиқ суҳбат бўлиб ўтди. Мен ҳозир конкрет масалалар ҳақида гапириб ўтирмайман, мен бу ишни дўстим Нурсултон Абишевичга топшираман, у бу ҳақда батафсил гапириб беради. Аммо мен муҳокама қилинган ва умумий позициялар ишлаб чиқилган барча масалалар юзасидан тўла қониқиш ҳосил қилганимни айтишим керак.

Журналистлар олдида сўзланган жавоб нутқида қозоғистонлик меҳмон ҳам мезбонга анчагина ёқимли сўзларни айтди:

- Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, сизга гўзал Тошкентда норасмий тарзда учрашишга имкон яратганингиз учун раҳмат. Суҳбатимиз ниҳоясида биз ўзаро савдо-сотиқнинг ўсиб бораётганини қайд этдик. Агар 2005 йилда у 450 миллион долларни ташкил этган ва 16 фоизга ошган бўлса, шу йилнинг фақат саккиз ойи ичида савдо-сотиқ 32 фоизга ошган ва 450 миллионга яқинлашган. Биз етишни истаган миллиард долларлик марра ҳам жуда яқин бўлса керак, балки икки миллиардга етказармиз. Учрашувимизнинг энг асосий натижаси шу.

Шундан сўнг Қозоғистон президенти ўзининг нима учун Тошкентга келгани ҳақида ҳам мужмалроқ ифода билан айтиб берди:

- Мен Ислом Абдуғаниевичга ўзимнинг Америка Қўшма Штатларига қилган ташрифим ҳақида маълумот бердим, биз Афғонистондаги вазиятга оид минтақавий масалалар, Ироқдаги ва табиийки, Эрондаги аҳволга тегишли масалаларни, бу ерда кечаётган воқеаларни ва МДҲ ҳудудида – яқин ва узоқ қўшниларимизда кузатаётганимиз вазиятни муҳокама қилдик.

Шу билан бир қаторда, журналистлар учрашув чоғида президентлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилганларини ва тегишли идораларга тегишли топшириқлар беришга қарор қилганларини аниқлашга муваффақ бўлдилар. Шу жумладан, чегараолди ҳудудларида савдо нуқталари ташкил этиш юзасидан ҳам. Ҳарбий-техник ҳамкорлик доирасида эса элчихонага ҳарбий атташелар тайин қилиш ва ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш масалаларидаги ўзаро алоқаларни кенгайтириш тўғрисида келишилган. “Қирғизистон” сўзи журналистлар олдида бирор марта ҳам тилга олинмади.