23:14 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Эски мухолифат янги президентни ағдаришга уринмоқда. Аммо Бакиев осонликча кетмайди

03.11.2006 09:28 msk

Таҳририятдан

Кеча Бишкекда Қирғизистон пойтахти аҳли сўнгги ойда энг кўп кутган ва қўрққан нарсалар бошланди. Марказий Осиёдаги биринчи (ва ҳозирча охирги бўлиб турган) “рангли инқилоб”дан бир ярим йил ўтгач, мамлакат сал бўлмаса фожеага олиб келиши мумкин бўлган кучли сиёсий бўҳрон таҳдиди қаршисида қолди.

Энг қизиғи, расмийларга мухолиф бўлиб бугун ҳам ўша бир ярим йил аввалги мухолифатчилар турибдилар. Фақат президент билан бош вазир бошқа. “Юқори”нинг сиёсатидан норози бўлган мухолифатчилар айнан шу “тандем”нинг истеъфосини талаб қилиб чиққанлар.

Бишкек марказидаги Алатўў майдонига чиққан намойишчилар лидерларига бугун Асқар Ақаев кетиши билан бирор нарса ўзгармагани тўла маълум бўлди. “Ислоҳотлар учун!” ҳаракатининг ҳозирги давлат раҳбарига нисбатан билдираётган асосий эътирозлари эса бир йил аввалги андоза асосида бичилган: Бакиев ўз салафидан “оила бизнеси” эстафетасини қабул қилиб олган, мустақил ОАВга цензура жорий қилган, сиёсий рақибларга қарши фитналар уюштираяпти...

Бош вазир Қуловга, инсоф билан айтганда, калтакнинг бир учи ноҳақ тегаяпти: ахир унинг ҳокимиятда қариндошлари ҳам йўқ, болалари ҳам катта бизнесга аралашмаган, ҳаммага ваъдалар бериб ташламаган ҳам

Сўнгги кунларда қарийб танаффуссиз ўтаётган деярли натижасиз қатор музокаралардан кейин мухолифат давлат раҳбарининг сўзлашишга иштиёқи борлигига ишонмай қўйган. “Президент фақат ваъда бераяпти, ҳеч қанақа амалий иш қилаётгани йўқ”, - дейди “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати аъзоси, депутат Темир Сариев.

“Ақаев даврида мухолифатни таъқиб қилган кечаги амалдорлар бугун Бакиевнинг ёнида ўтирибдилар, кечаги ўғрилар бугун ҳокимият тепасида қолдилар! Тандем истеъфога кетиши керак, чунки Қулов ҳам ўз ваъдаларини бажармади!” – дейди 2005 йилдаги инқилоб дояларидан бири бўлган Рўза Ўтунбаева.

Бироқ Бакиев ҳам, Қулов ҳам ўз лавозимларидан воз кечишга шошилмаяптилар. Билъакс, 2 ноябрь куни кечқурун миллий телевидение орқали чиқиш қилар экан, мамлакат ҳукумати раҳбари намойишчиларга қатъий рад жавобини берди, ўз партиядошларига эса: “Митингда иштирок этиб, унда сўзга чиққанлар бундан буён ўзларини “Ор-номус” партиясининг аъзоси, дея ҳисоблай олмайдилар”, деб билдирди. Қулов, агар ҳатто истеъфога кетишни истаган тақдирда ҳам, буни ҳеч қачон митингда амалга оширмаслигини маълум қилди. “Менга арзон обрў керак эмас. Мен аввал мамлакатдаги аҳволни барқарорлаштираман, ўз бурчимни бажараман. Кейин эса истеъфога кетаман”, - дея иқтибос келтиради Қирғизистон бош вазири сўзларидан “Новости” РАА.

Ҳукумат бошлиғини “ёриб ўтиш”га юборган президент Қ. Бакиевнинг ўзи кўпроқ Бишкек муаммолари Москвада қандай қабул қилинаётганини назорат қилиш билан овора бўлди. “Мен Ақаев эмасман” – “Россия” телеканали орқали чиқаркан, у ана шундай демоқчи бўларди. Қирғизистон раҳбари мамлакатда “ҳокимият учун жўн кураш” кетаётганини ҳамда унга содиқ бўлган “ҳуқуқ-тартибот идоралари собит” турганларини билдирди. Бакиев буни шунақа ифода билан таъкидладики, бу билан у худди ўзининг истеъфога кетмаслиги, ҳаммасини ўз назорати остида тутиб тургани ҳамда халқ ғазаби авж олган онда собиқ президентга ўхшаб Кремлдан паноҳ сўрамаслиги ҳақида Москвага ҳисобот бераётганга ўхшарди.

Бугунги кунда ҳатто мухолиф кайфиятдаги қирғизистонликларнинг кўпчилиги ҳам сиёсатни кабинетларда ўтказиладиган битимлар муҳитига кўчириб, кўча митинги анархиясига аллақачон барҳам бериш пайти келганини айтмоқдалар. Ахир раҳбар танлашда бир марта адашган назоратсиз оломон яна бир марта хато қилишига ҳеч ким кафолат бермайди-да.

Қирғизистондаги сиёсий зиддият нима билан ва қачон тугаши ҳозирча маълум эмас. Аммо ҳақиқий баҳслар яқин кунларда республика парламентида бошланиши аниқ бўлиб қолди. Ахир президент мамлакат асосий қонуни лойиҳасини парламентнинг кўриб чиқиши учун 6 ноябрдан кечиктирмай киритишга ваъда берди-да.

Майдондаги одамлар эса ҳозирча ўша ерда ўтириб турадилар. “Мен ҳамма билан биргаликда охиригача ўтираман. Мен ҳаётимни қурбон қилишга ҳам тайёрман. Агар талаблар бажарилмайдиган бўлса, мен ўзимни ёқиб юбораман”, - дея билдирди журналистларга митингчилардан бири – уч боланинг онаси Жарқин. Унга кўра, ўзини ёқиб юборишга фақат Жарқингина эмас, унинг бутун оиласи тайёр.