23:20 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Бишкекдаги митингнинг биринчи куни ўтган йилги тартибсизлик такрорланмаслигига умид уйғотади

02.11.2006 19:26 msk

Ўз ахб.

2 ноябрь куни кечқурун бош вазир Феликс Қулов, давлат котиби Адахан Мадумаров, парламент депутатлари Азимбек Бекназаров, Иса Ўмурқулов, Қанибек Иманалиев, Султан Урманаевлар миллий телеканал орқали чиққанлар. “Қабар” агентлигининг хабар қилишича, улар мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий аҳвол юзасидан ўз фикрларини айтганлар.

“Давлатнинг асосий қонунини бир кунда қабул қилиш мумкин эмас”, - дея билдирди Феликс Қулов. Бу, унга кўра, жиноят содир этиш билан баробардир. Ф. Қулов 6 ноябрь куни президент ўз ваъдасига мувофиқ барча талабларни, жумладан, мухолифат қўяётган талабларни эътиборга олган ҳолда, конституция лойиҳасини парламентга кўриб чиқиш учун киритади, дея таъкидлади. Ҳукумат раҳбари ўзи ҳам Конституция қандай бўлиши кераклиги юзасидан ўз таклифларини киритганини қайд этиб ўтди.

Феликс Қулов кўпроқ шаҳарликлар хавфсизлиги муаммосига тўхталди. “Пойтахтдаги вазиятни издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай уринишнинг қатъий тарзда олди олинади. Намойиш чоғида тартиб сақланишини таъминлаш учун алоҳида жавобгарлик митинг ташкилотчилари бўлган “Ислоҳотлар учун” ҳаракати вакиллари каби ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига ҳам юклатилади”, - дея билдирди Қулов. Қирғизистон ҳукумати раҳбари бишкекликларни тартиб ва қонунчилик таъминланишига ишонтирди.

“Ислоҳотлар учун” ҳаракати вакилларидан бири Иса Ўмурқулов ҳам митинг давом этишига қарамасдан, ҳеч қандай тартибсизликка йўл қўйилмаслигини билдирди.

Ўтган йилнинг март ойи қирғизистонликлар ёдида президентни осонгина ағдарилиши билан, бишкекликлар ёдида эса бир кеча-кундуз давомида дўконларнинг таланиши билан қолган эди.

“Агар бирор нарса бўлса, Бакиев фақат ўзинигина ҳимоя қилади”, - деб ҳисоблайди Бишкекдаги йўналишли такси ҳайдовчиси Талайбек. “Ақаевдан кейин аҳвол анча ёмонлашди, - дея таъкидлайди бишкеклик Наталья Вадимовна. – Энди биз ҳамма нарсадан аввалгидан кўра кўпроқ қўрқамиз”. Наталья Вадимовнанинг ўғли - иши юришган тадбиркор. Бир ҳафта аввал у босқинчилар ҳужум қилиб қолса, ўзини ҳимоя қилиш учун бошқа кўп дўстлари каби ов милтиғи сотиб олган.

Феликс Қуловнинг Қирғизистон пойтахти хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ваъдалари шаҳарликларнинг тайёргарлиги билан биргаликда намойишчилар ичида бировларнинг мулкига кўз олайтиришни истаган кишилар топилмаса керак, дея тахмин қилишга асос беради. Чунки жавоб зарбаси жуда жиддий бўлиши мумкин.