23:10 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Бишкек марказидаги митингда мухолифат раҳбарлари президентнинг зудлик билан истеъфога кетишини талаб қилмоқдалар

02.11.2006 13:27 msk

А. Соипов (Фарғона.Ру)

Қирғизистон пойтахтидаги бош майдонда мамлакат президентига мухолифатда бўлган кишилар тарафдорларининг митинги бошланган. “Фарғона.Ру” АА махсус мухбири А. Соипов берган хабарга кўра, майдонда ўн мингдан кам бўлмаган одам йиғилган. Сўзга чиқаётган мухолифатчиларнинг барчалари бир овоздан мамлакат президенти Қурмонбек Бакиевнинг тезда истеъфога кетишини талаб қилмоқдалар.

Йиғилганлар олдида парламентнинг собиқ спикери, мухолифатчи депутат, “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати лидери Ўмурбек Текебаев сўзга чиққан. “Инқилобни амалга ошираркан, биз ўзгаришлар бўлишини истагандик”, - деди у. – “Биз Қирғизистонда адолатли ҳокимият бўлишини истаймиз”.

Митингда сўзга чиққан “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати аъзоси Темир Сариев депутатлар бундан буён “фақат ваъда бераётган, аммо амалда ҳеч иш қилмаётган” президент Қурмонбек Бакиевга ишона олмасликларини айтади. Темир Сариевга кўра, майдондаги митингчилар орасида парламентнинг 32 депутати бўлиб, улар янги конституцияни шу ернинг ўзидаёқ қабул қила олишлари мумкин эди. “Президент халқни қўрқитмай қўя қолсин, биз ундан қўрқмаймиз! Яшасин Қирғизистон! Яшасин янги конституция!”

Сўз “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати штабининг раисдоши Азимбек Бекназаровга берилган. “Бугунги кун 24 март инқилобининг иккинчи босқичидир. Бир йил аввал биз оилавий ҳокимият тугаганига ишонган эдик, аммо бундай бўлиб чиқмади. Бугунги кунда Бакиев оиласи мамлакатни бошқараяпти. Эрталаб президент ўз сўзидан қайтди ва конституция лойиҳасини тақдим этмади. Биз бу ерда ғалаба қозонгунча, талабларимиз бажарилмагунча тураверамиз”. “Биз ислоҳотлар ўтказишдан бош тортаётган президентни истеъфога кетишга чақирамиз!”

Яна бир таниқли мухолифатчи Рўза Ўтунбаевнинг овозида чуқур ҳаяжон бор эди. “Мухолифатни таъқиб этган кечаги амалдорлар бугун Бакиевнинг ёнида ўтирибдилар, кечаги ўғрилар бугун ҳокимият тепасида қолдилар. Бакиев Ақаевнинг курсисини эгаллади ва бу унга жуда ёқаяпти! Бакиевнинг ўғли Максим йигирма беш миллион долларни қаердан олибди? Бир йил муқаддам Бакиев менга инқилоб учун пул йўқлигини айтганди! Биз бир йил муқаддам катта хатога йўл қўйган эканмиз. Инқилоб жанубдан бошланганди, аммо биз халқни ҳеч қачон жанублик ва шимолликка ажратмаганмиз. Бакиев жанубликларни ҳам эмас, фақат ўз қариндошларини ҳокимиятдаги лавозимларга тайинлаяпти! Биз президентни истеъфога кетишга чақирамиз! Бакиев, кет! Сен ўз ваъдаларингни бажармадинг! Биз тандемнинг истеъфога кетишини талаб қиламиз, чунки Феликс Қулов ҳам ўз ваъдаларини бажаргани йўқ!”

Митинг тинч ўтаяпти. Майдонда унча кўп бўлмаган милиционерлар юрибдилар.