18:20 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Эдил Байсалов: “Мен Бакиевнинг оқилона иш тутишига ва тарихий масъулиятни ҳис қилишига умид қиламан”

02.11.2006 08:46 msk

Алишер Соипов, Халид Валидов (Бишкек)

Мухолифат митинги арафасида “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Бишкекдаги махсус мухбирлари Алишер Соипов ва Халид Валидов “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” коалицияси раҳбари, “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати штабининг аъзоси Эдил Байсалов билан учрашдилар.

“Фарғона.Ру”: - Мухолифат митингининг бошланишига жуда оз вақт қолди. “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати бўлажак норозилик намойиши ҳақида нимани маълум қила олади?

Эдил Байсалов: - Митинг 2 ноябрь куни тушдан кейин бошланади. 31 октябрь куни Қурмонбек Бакиев билан эришилган келишувларга мувофиқ 2 ноябрь куни эрталаб у мухолифат раҳбарлари билан келишилган конституция лойиҳасини Жўғўрқу Кенешга (Қирғизистон парламенти – таҳр.) кўриб чиқиш учун киритиши керак. Биз бу бугунги кунда мавжуд бўлган бўҳронни ҳал қилишдаги биринчи қадам бўлади, деб кутаяпмиз. Аммо, нима бўлишидан қатъий назар, митинг бўлиб ўтади.

“Фарғона.Ру”: - Мухолифат президент Қурмонбек Бакиевнинг истеъфоси ҳақида талаб қўядими?

Эдил Байсалов. Фото ИА Фергана.Ру
Эдил Байсалов. Фарғона.Ру АА фотоси
Эдил Байсалов: - Агар Қурмонбек Бакиев 2 ноябрь куни эрталаб [парламентга] келиб, мухолифат лидерлари билан мувофиқлаштирилганидек, конституциянинг келишилган лойиҳасини киритса, “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати ўз талабини бажарилган, деб ҳисоблайди. Дарвоқе, таъкидлаш жоизки, Қурмонбек Бакиев жамоатчилик телевидениеси ҳақидаги қонунга, ҳатто уни ўқимасдан туриб, вето қўйган экан. Бу ажабтовур нарса муҳокама чоғида юзага чиқди: Бакиев қонун мазмуни ва хусусиятларини мутлақо бошқача тушунган экан. Шунинг учун ҳам у жамоатчилик телевидениеси назорат кенгаши таркибига дохил айрим тузатишлар киритиб, ўз ветосини қайтариб олса керак.

Шундай қилиб, ҳаммаси Қурмонбек Бакиевга боғлиқ бўлиб қолди. Агар у ўзи айтганидек, мухолифат эътиборга арзимайдиган бир тўп бақироқлардан иборат, деган фикридан қайтса, ҳатто “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати унинг истеъфосини талаб қилиш-қилмаслигидан қатъий назар - жараён ривожланаверади. Қурмонбек Бакиев шундай аҳволга тушиб қолиши мумкинки, ҳокимият ўз-ўзидан унинг қўлидан чиқиб кетиши мумкин. Ҳатто ҳеч қанақа бинони эгаллаб олишга ҳам ҳожат қолмайди. Шунчаки шунақа вазият вужудга келиши мумкинки, республика ичидаги ва ташқарисидаги кучлар мутлақо бошқа органларни ва мутлақо бошқа одамларни раҳбар ўлароқ танлашлари мумкин.

Фото ИА Фергана.Ру
“Фарғона.Ру”: - Митинг қанча давом этиши мумкин? Мухолифат митингни муддатсиз давом эттириши мумкинми?

Эдил Байсалов: - Ҳа. Ҳозирча камида уч-тўрт кунни мўлжаллаб турибмиз, аммо айтиш керакки, митингга келадиган одамларнинг сабри ҳам чек-чегарасиз эмас. Митингни тарқаб кетишини кутиб ўтириш хато бўлади. Мен яна бир марта таъкидламоқчиман: ҳокимиятда шунақа хусусият борки, агар ундан жиловини қўлда тутмасанг, бўлаётган воқеаларга эътиборсизлик қилсанг, у қайсидир онда - бир сонияда мутлақо бошқа субъектлар қўлига ўтиб кетиши мумкин.

Митинг чоғида биз фақат майдонда ўтирмаймиз. Бишкек шаҳри бўйлаб юриш бўлади, қай бир бинолар қуршалади, буларнинг ҳаммаси фуқаро норозилиги тадбирлари учун хос. Биз фуқаровий бўйсунмаслик тадбирларининг бошқа айрим вариантларига ҳам тайёрмиз. Аммо ҳаммаси бу каби тадбирларни ўтказиш юзасидан халқаро миқёсда қабул қилинган амалиётлар доирасида бўлади. Биз учун митинг расмийларга босим ўтказиш воситаси экани тушунарли, албатта. Агар расмийлар митингимизни сезмаганга олсалар, биз каттароқ тадбирларни амалга оширишга мажбур бўламиз. Таъкидлаб айтаманки, бу тадбирлар зўравонлик характерига эга бўлмайди, фуқароларимиз ҳаётига, давлат яхлитлигига таҳдид солмайди ва ҳокимиятни зўравонлик билан ағдариб ташлашга даъвогарлик қилмайди. Шунга қарамай, бу тадбирлар анча шовқин-суронли бўлади.

Фото ИА Фергана.Ру
Мухолифат варақаси. Фарғона.Ру АА фотоси
“Фарғона.Ру”: - “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати аъзолари ва расмийлар 2 ноябрга нақадар пухта тайёргарлик кўрмоқдалар? Агар расмийлар томонидан митингчи иштирокчиларига қарши куч ишлатилса, нима бўлади?

Эдил Байсалов: - Жаноб Бакиевнинг атрофида “бизга Андижондагига ўхшаш кичкина ғалаба керак” дегувчи муайян кучлар бор. Чунки улар бу каби қонли бостирувдан кейин мустабид ҳокимиятни кучайтиришга имкон яратилишини биладилар, бу сиёсий қатағонларни, демократиянинг сиёсий фазоси торайишини оқлайди.

Ҳозирча экстремистик қарашлар жамиятимиз учун мақбул ҳодиса ҳисобланмайди, аммо мен агар биз туташ нуқталарни топиш ва Қирғизистон келажаги учун ишлаш учун бу имкониятни бой берсак, чиндан ҳам мамлакатимизга фавқулодда, қонли воқеалар таҳдид солади, деб қўрқаман. Мен, албатта, улар давомли характерга эга бўлади, деб ўйламайман, аммо мамлакатимиз бу кунни уч юз йилга эсда сақлаб қолиши учун уч дақиқа ҳам етарли бўлиши аён. Бу миллий фожеа бўлади.

Таъкидлашни истардимки, хавфсизлик масаласида, қанақадир фитналар масаласида “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати тажрибага эга – биз 20 апрель ва 27 май кунлари митинглар ўтказганмиз, бизда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга ишлаш тажрибаси бор, шунинг учун ҳам биз ўзимиз томонимиздан қандайдир фитналарга йўл қўямиз, деб ўйламаймиз. Аммо қанақадир учинчи кучлар ҳам бор. Ниҳоят, биз гўл бўлмаслигимиз керак, ҳақиқатан ҳам ташқи дунёда Қирғизистонда, Марказий Осиёда портлашни амалга оширишни истаган кучлар - қанақадир халқаро террорчилар бор.

“Фарғона.Ру”: - Агар Қурмонбек Бакиев конституция лойиҳасини парламентга кўриб чиқиш учун киритса ва у қабул қилинадиган бўлса, митинг бир-икки кун ичида тўхтайдими?

Эдиль Байсалов. Фото ИА Фергана.Ру
Эдил Байсалов. Фарғона.Ру АА фотоси
Эдил Байсалов: - Ҳа. Агар Қурмонбек Бакиев билан бир битимга келсак, митингни давом эттиришга нима ҳожат бор? Мен масъулиятни бўйнимга олиб билдираман: иккинчи ноябрь куни бўладиган митинг Бакиев ўзининг сайловолди ваъдаларини бажариши ва мартдаги халқ инқилоби шиорлари, олий мақсадлари асосида иш тутиши учун унга босим ўтказишга қаратилгандир. Митинг Қурмонбек Бакиевга қарши қаратилган эмас, агар кимдир “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати Бакиевни ағдариб ташлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва митингни уни олиб ташлаш учун ўтказаяпти, деб ўйласа, хато қилади: биз ўз давлатимизга душман эмасмиз.

Лекин агар Бакиев март инқилоби шиорларини ҳаётга татбиқ этишни истамаса, агар биз Ақаев конституцияси остида яшашда давом этадиган бўлсак, март воқеалари моҳиятини умуман йўққа чиқаришимиз керак. Менимча, биз узурпатор Ақаевга қарши курашган эдик. Ақаев қувиб солгач, биз Ақаев конституциясини ҳам ўзгартиришимиз керак. Шунинг учун ҳам у ерда масала бошқачароқ – инқилобий тарзда қўйилади. Чунки биз 24 мартда биз тузумни ўзгартиришни истаганимизни, ҳокимиятни узурпация қилинишига қарши чиққанимизни айтиб, ҳозир эса бунга кўз юмадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам 24 март куни давлат тўнтариши қилган, Ақаевни Бакиевга алмаштириб олган бўлиб чиқамиз. Шунинг учун ҳам Қурмонбек Бакиев ўзининг тарихий масъулиятини ҳис этиши лозим.