06:27 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон собиқ президентининг бизнеси ғарб оммавий ахборот воситалари эътиборини жалб қилишда давом этаяпти

01.11.2006 21:24 msk

Фарғона.Ру

“Террорга қарши урушдаги ҳалол бўлмаган иттифоқми?” MSNBC.com сайтида чоп этилган мақола ана шундай номланади. Федерал қидирув бюросининг NBC тасарруфига тушган маърузасига мувофиқ, Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаев оиласи Америка Қўшма Штатларининг қатор ширкатларини қамраган кўламли халқаро жиноий тармоқни бошқарган.

ФҚБ маърузасида “халқаро қонунчиликнинг амалга оширилишини тадқиқ этиш амалга оширилиш босқичида Ақаев ташкилоти билан боғлиқ бўлган 175 объектни аниқлади”, дейилади. ФҚБ маълумотларига кўра, Қирғизистон собиқ президенти фаолиятини текшириш уларни АҚШга етаклаб келган, бу ерда Ақаев оиласи “Америкада жиноий гуруҳлар тузиш, қурол ва банг моддалари савдоси, шунингдек, кибержиноятларни амалга ошириш учун мўлжалланган 6000 мингдан зиёд ширкатларни ташкил этганлиги билан танилган” америкалик фуқаро билан алоқа қилган.

NBCга кўра, бу каби фаолият Қирғизистон собиқ президентининг Америка ҳукумати билан тузган аксилтеррорчилик альянси натижаси бўлган. Марказий Осиёдаги бу кичкина давлатнинг террорга қарши курашдаги роли эндиликда жуда хавотирли масалаларни юзага келтириши мумкин. Ахир айнан Ақаев Афғонистонда амалиётлар ўтказиш учун Пентагонга Қирғизистонда ҳаво базасини очишга рухсат берган эди-да.

Бу битимни тузар эканлар, деб ёзади NBC, Америка қўшинлари Ақаевнинг оилавий ёқилғи монополияси учун 100 миллион доллардан ортиқроқ маблағ сарфлаган. Ақаевнинг оилавий фирмасига тушган бу кўзда тутилмаган даромад Қирғизистоннинг йиллик ялпи ички маҳсулотининг тақрибан беш фоизига тенг бўлган.

ФҚБнинг мазкур маърузаси ҳақида биринчи марта гапирилаётгани йўқ. Бундан бир йил муқаддам маъруза саҳифалари New York Times газетаси журналистлари тасарруфига тушганди.

Бир йил аввал ФҚБнинг маърузаси юзасидан америкалик таниқли ҳуқуқшунос ва Марказий Осиё бўйича эксперт Скотт Хортон ўз фикрларини билдирганди. “Пентагон ҳукмрон оилани бойитишини била туриб шартномалар тузган”, дея билдирганди ўшанда Хортон New York Timesга берган интервьюсида. “Бизнинг Пентагон ўнлаб миллион долларлик маблағларни Қирғизистон президенти ва унинг оиласи бошқарган фирмаларга тўлаган”, - дея келтирилади бугун NBС хабарида Хортоннинг сўзлари иқтибос ўлароқ.

Ҳар иккала мақолада ҳам (ўтган йилги New York Timesда чоп қилинган ва шу кунларда NBСда эълон қилинган) президентнинг қариндошларига тегишли икки ширкат америкалик пудратчилар билан тузилган ёқилғи шартномаларидан 120 миллион олганлари ҳақида айтилади. Булар, ФҚБ ҳисоботларига кўра, президент Ақаевнинг куёви [Адил Тўйғўнбаев] бошқарган Aalam Services ва Ақаевнинг ўғлига [Айдарга] қарашли бўлган “Манас” фирмалари эди.

Қирғизистонда ўзини ёқилғи билан таъминлаш учун Пентагон ёллаган биринчи пудратчи ҳарбий амалдорларни президент оиласи ва Aalam Services ва “Манас” фирмалари ўртасидаги алоқа хусусида хабардор қилган.

Кейинроқ, 2002 йилда Пентагон янги пудратчи - Red Star Enterprises ширкатини танлаган. У кейинги бир неча йил учун умумий ҳисобда 240 миллион доллардан ортиқроқ маблағ олган. Red Star Enterprises вакиллари NBCга ширкат номалари юқорида зикр этилган икки “ақаевчи” фирмага 120 миллион доллар тўлаганлигини маълум қилганлар.

Red Star Enterprises ширкати амалдорининг NBCга йўллаган электрон мактубида “бу фирмалардан бу каби хизматлар билан таъминловчи рўйхатдан ўтган ягона фирмалар бўлганлиги учун DESC [Американнинг ёқилғи шартномаларини ҳимоялаш ва бошқариш бўйича агентлиги] барча харидорларга айнан улар хизматидан фойдаланишга буйруқ берганлиги сабабли фойдаланилган”лигини маълум қилган.

NBC журналистлари масалани янада чуқурроқ ўрганганлар ва “Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Американинг товарлар ва хизматлар учун тўлаган маблағларини балки ноқонуний ўзлаштириб олган”лиги юзасидан изоҳ беришни сўраб, Пентагон вакили Жой Карпентерга мурожаат қилганлар. Бунга жавобан Карпентер ҳар қандай “маблағни ноқонуний ўзлаштириш Қирғизистоннинг ички иши” эканини ва улар “Қирғизистон билан хизматлар тўғрисида Америка қонунларига мувофиқ равишда шартнома тузган”ларини айтган.

NBС сайтининг хабар қилишича, Москва яқинида яшаётган собиқ президент Асқар Ақаев бу воқеа юзасидан изоҳ беришдан ёки саволларга жавоб беришдан бош тортган. Ақаевнинг адвокати Галина Скрипкина ҳам мазкур масала юзасидан ҳар қандай изоҳ беришдан бош тортган.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги бу масала юзасидан Қирғизистон собиқ раҳбарининг қизи Бермет Ақаевага изоҳ сўраб мурожаат қилди. У бизга қуйидагиларни маълум қилди.

Фарғона.Ру: - Бермет Асқаровна, МSNBC сайтида бир мақола чоп этилибди, унда айтилишича, “Ақаевлар оиласи халқаро...”

Бермет Ақаева: - Иқтибосга ҳожат йўқ, мен бу мақолани ўқидим...

Фарғона.Ру: - Уни Қирғизистон оммавий ахборот воситалари, жумладан, АКИpress агентлиги ҳам кўчириб босибди. Бироқ бу мавзу ўтган йили кўтарилган ва муҳокама қилинган эди. Нима учун бу масалага айнан шу кунларда яна қайтишга қарор қилган эканлар?

Бермет Ақаева: - Мен бу материални кўрдим. Бу эски уйдирмаларни кўчириғидир. Унда Қирғизистон бош прокуратурасининг топшириғи билан АҚШда бизга тегишли бўлган нимадир топишга уринган адвокат Либерманнинг хатидан иқтибослар кўп келтирилган. Аммо, ўзингизга маълумки, қидирувлар ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Умуман олганда, мақолада ФҚБ бундай текширув олиб борилаётгани ёки олиб борилмаётгани юзасидан изоҳ беришдан бош тортгани аниқ айтиб қўйилган ва келиб чиқиши номаълум ҳужжатга ишорат берилган, бундай ҳужжатнинг умуман борлиги шахсан менда шубҳа уйғотди. Нима учун дейсизми? Мен бу муаллифнинг бир неча мақоласини кўриб чиқдим ва бу муаллифнинг, умуман олганда, АҚШнинг ҳозирги маъмуриятига нисбатан анча танқидий бўлган мавзуларда ишлашини англадим. Хусусан, у Пентагоннинг Ироқда қандай ҳаракат қилаётгани, вице-президент Чейнининг лоббист дўстлари ва ҳаказолар ҳақида қатор мақолалар ёзган экан. Менда бу мақола Америка Қўшма Штатларидаги ҳозирги сайловолди жараёни доирасида пайдо бўлиши мумкин эди, деган тасаввур уйғонди. Чунки мен эски воқеаларни кўтариш учун қанақадир алоҳида сабаб кўрмаяпман. Бу бизнинг “инқилобчи”лар ўйлаб топган ва ғарблик журналистларга едирган эски воқеадир. Бу уйдирмалар кейин мақолалар шаклида қайтиб келиб, бизнинг мамлакатда кўчириб босилган. Бизда [Қирғизистонда] бу мақола билан мамлакатда юзага келган навбатдаги вазиятдан чалғитишга уринаётган бўлишлари мумкин.

Фарғона.Ру: - Демак, Сиз бу мақоланинг пайдо бўлишини бугунги кунда Қирғизистонда юзага келган вазият билан боғламайсиз, шундайми?

Бермет Ақаева: - Мен ҳозир мамлакатимизда NBC журналистлари ишлаяптиларми-йўқми – билмайман. Бу анча обрўли янгиликлар хизмати ва менда унинг Қирғизистонда ким биландир синхрон тарзда ишлаётгани юзасидан асос йўқ. Балки бу мақоланинг ёзилишига Қирғизистонда бўлган кимдир омил ўлароқ хизмат қилгандир. Мен бизнинг ўртоқларимиз билан NBC журналистлари ўртасида қанақа алоқа борлигини билмайман...

Фарғона.Ру: - Сизнинг тахминингиз қандай: 2 ноябрь куни Бишкекда бўладиган митинг нима билан тугар экан?

Бермет Ақаева: - Мен, албатта, ҳаммаси тинч ўтишига ва барча томонлар қандайдир битимга кела олишларига умид қиламан, чунки мамлакатимизга янги зарбалар керак эмас. 2005 йил мартида бўлиб ўтган воқеалардан кейинги бир ярим йил ичида ҳам биз анча қийинчиликларни бошдан кечирмоқдамиз. Аммо, айни пайтда, вазият ҳақиқатан ҳам ҳозиргидай ҳолатда муттасил давом этиши мумкин эмас, чунки иқтисодиёт жуда оғир аҳволда, мамлакатда умуман ривожланиш йўқ. Мен, балки шу зиддиятли вазият қанақадир аниқ стратегияни ишлаб чиқишга олиб келар, дея умид қиламан. Нима бўлганда ҳам, ҳаммаси қонун ва конституция доирасида ўтишини, ҳаммаси тинч ва қонсиз кечишини истардим.