08:33 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Нур Ўмаров ва Дўсмир Узбеков: Қирғизистондан меҳнатга лаёқатли кишиларнинг кетиб қолиши мамлакат миллий хавфсизлигига бевосита таҳдид солувчи ҳодисадир

01.11.2006 13:45 msk

Фарғона.Ру

Россия матбуотида муҳожирлик масаласи кўтарилмаган кун йўқ. Улкан Россия демографик бўҳронни бошдан кечирмоқда ва ишчи кучи етишмайдиган реципиент мамлакатга айланмоқда. СССР парчалангандан кейин қашшоқлашган “яқин хориж”, афсуски, ҳали анчагача меҳнат муҳожирларини етказиб берувчи донор бўлиб қоладиганга ўхшайди.

Донор мамлакатлар ичида Қирғизистон ҳам бор. Қозоғистон ва Россияда иш топишни истаган қирғизистонликлар оқими йил сайин ошиб бормоқда. Агар, айни дамда, бир мамлакат ўзининг иқтисодий ва демографик муаммоларини ҳал этиш учун қўшимча манбага эга бўлаётган бўлса, бошқасига бўшаб қолган чегараолди ҳудудлари, меҳнатга лаёқатли ёшдаги фаол фуқаролар сонининг камайиб бораётгани, мамлакатдан малакали мутахассисларнинг кетаётганлари ҳақида афсус чекишдан бошқа иш қолмаяпти...

Россияга кетаётган меҳнат муҳожирлари оқимини тўхтатишнинг бошқа йўли борми? Бу ҳақда “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг махсус мухбири Қирғизистон Муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат комитети раис ўринбосари Дўсмир Узбеков ва сиёсатшунослик фанлари доктори Нур Ўмаров билан суҳбатлашди.

Фарғона.Ру: - Қирғизистонда меҳнат муҳожирлиги мамлакат иқтисодий аҳволининг ҳам, фуқароларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг ҳам жарангдор кўрсаткичига айланди. Ташқи меҳнат муҳожироти натижасида мамлакат нимага эга бўлади ва нима йўқотади?

Дўсмир Узбеков: - Муҳожирлик мураккаб жараён. Одамлар хорижга саёҳат учун эмас, иш излаб чиқиб кетаяптилар. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда ҳали ҳам ишсизлик даражасининг юқорилиги сабабли юзага келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2006 йилда у 10 фоизга етган, ўтган йили эса у 9,7 фоиз эди. Одамлар мамлакатимиз ташқарисида ўзларига иш қидиришга мажбур бўлаяптилар. Ҳозирги пайтда, биздаги маълумотларга кўра, Қирғизистон фуқароларининг ярим миллиончаси хорижда, биринчи навбатда, Россия ва Қозоғистондадирлар. Узоқ хорижда ишлаётганлари ҳам бор. Давлат комитети ўз ишида чет элда ишлаётган фуқароларимиз меҳнат шартномаларига эга бўлишлари, легал тарзда ишлашлари, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларида рўйхатдан ўтишлари ва ишлаган ҳақларини қонуний йўл билан олишлари, шу билан бирга, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинган бўлиши учун бу жараённи имкон қадар машруълаштиришга, қонунийлаштиришга ҳаракат қилаяпти.

Бу борада биз ЕврОсИҲ, МДҲ, КҲШТ, яъни Қирғизистон, Қозоғистон ва Россияни ўз ичига олган халқаро ҳамжамиятлар доирасида меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш юзасидан битимлар тузмоқдамиз. Бундан ташқари, биз икки томонлама давлатлараро шартномалар ҳам тузаяпмиз. Масалан, президент Қурмонбек Бакиевнинг Қозоғистонга бўлган яқиндаги ташрифи чоғида меҳнат муҳожирларини ижтимоий ҳимоялаш тўғрисидаги битим имзоланганди.

Россия билан ҳам ана шундай ишлар олиб борилмоқда. Бизнинг илтимосимизга кўра Россия президенти Владимир Путин шу йилнинг учинчи сентябрь куни меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилиш тўғрисида тузилган мамлакатларимиз ўртасида битимга қўшимча баённомани имзолади, бу муҳожирнинг Россияга кириши учун иш берувчи томонидан тўланадиган депозитни бекор қилиб, қирғизистонлик меҳнат муҳожирларини рўйхатга олиш тартибини анча енгиллаштиради. Бунинг устига, яқинда Россия Давлат Думаси тарафидан меҳнат муҳожирларини рўйхатга олиш тартибини осонлаштириш ҳақида иккита қонун қабул қилинди. Умид қиламанки, бу қонунлар кейинги йилнинг 15 январидан кучга кириб, келувчиларнинг машруълашувини анча енгиллаштиради. Биз бунга анчадан буён эришишга ҳаракат қилаётгандик, чунки ҳозир фақат яшаш жойи бўйичагина рўйхатга туриш мумкин. Ўзингиздан қолар гап йўқ – ҳамма фуқаролар ҳам бошқа мамлакатдан келган меҳмонни ўз уйига рўйхатга қўйишга рози бўлавермайдилар. Бу жиҳат муҳожирлар учун қарийб ўтиб бўлмас тўсиқ каби эди. Энди эса, умид қиламанки, борган жойнинг ўзида – у вагонча бўладими ёки ётоқхона бўладими – рўйхатга олиш Қирғизистондан кетаётган меҳнат муҳожирлари аҳволини тубдан ўзгартириб юборади.

Бугунги кунда Россияда демографик бўҳрон кузатилаяпти, иқтисодиёт эса тобора ривожланиб бораяпти, мамлакатга ишчилар керак, шунинг учун ҳам муҳожирот сиёсати жабҳасида иккита қонун қабул қилинди. Аммо бу қонунларни амалга ошириш механизмлари ҳали йўқ, Россия ҳукумати ҳали уларни ишлаб чиққани йўқ. Фақат тегишли қарорлар қабул қилинганидан кейингина Россияда ким машруълашиши мумкинлигини-ю ким машруълаша олмаслигини айта оламиз.

Афсуски, ҳозирги пайтда меҳнат муҳожири сифатида рўйхатдан ўтишдан кўра Россия паспортини олиш осонроқ бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам ўтган йили Қирғизистон Россия фуқаролигини олган 39 минг одамни йўқотганини аниқ айта оламан. Бу йил одамларда кетиш истаги туғилгани Россияда қабул қилинган ҳамюртларни қайтариш бўйича дастур ва унинг доирасида Россияда бутунлай қолишни истаган кўчувчиларга кўрсатилаётган ёрдам билан ҳам боғлиқдир. Аммо мен бу одамларни огоҳлантирмоқчиман – кўчишдан аввал яхшилаб ўйлаб олиш керак. Тўғри, у ёқда ойлик кўпроқ, аммо қиш ҳам ярим йил давом этади. Бунинг устига, одатда, бу кўчириш стратегияси Россиянинг чекка, шимолий ҳудудларини қамраб олади.

Фарғона.Ру: - Шунга қарамай, ўтган йили Россияга Қирғизистоннинг қарийб 25000 фуқароси кўчиб кетди, бу йил эса 60000 дан зиёд фуқаро ариза берган...

Нур Ўмаров: - Ҳа, бу ҳақиқатан ҳам жиддий муаммо. Ва ерда, табиийки, фақат ижобий жиҳатларгина бор эмас. Дарвоқе, менимча, юқори лавозимли амалдорлар бу феноменнинг кўплаб афзалликлари борлигини билдиришиб, бунга асоссиз равишда таҳсин ўқиганлар. Аммо бу узоқ давом этмайди. Аслида, муаммо анча жиддий. Меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг хорижга чиқиб кетиши миллий хавфсизлигимиз учун ва умуман, республикамиз келажаги учун тўғридан-тўғри таҳдид бўлиб ҳисобланади. Мавжуд расмий маълумотларга кўра 500 минг фуқаро Қирғизистон ташқарисида ишлаяпти, аммо ҳақиқий рақам янада салмоқли – бугунги кунда миллион чоғли киши хорижга чиқиб кетган. Бу миллион киши шароити яхшироқ бўлгани учун ўша мамлакатларда бутунлай қолиб кетадилар. Мен 10-15 йилдан кейин Қирғизистонда меҳнат заҳиралар нисбатида жиддий кризис бўлади, деб ўйлайман. Бу биринчидан. Иккинчидан эса, ижтимоий жабҳада жиддий муаммо туғилади, чунки бу одамларнинг деярли ҳаммаси ўз маблағларини борган мамлакатларида қолдирадилар, республикамизга эса бу соҳада пул кам тушади. Яна республика жанубидан одамларнинг кетиб қолиши билан чегараолди жойлари деярли бўшаб қолаяпти. Қўшни мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистонда демографик мувозанат бузилганлиги очиқ кўриниб тургани ва бу давлатларнинг аҳолиси борган сари Қирғизистон ҳудудига кўпроқ кўчиб ўтаётгани туфайли биз ҳар йили мамлакатнинг ўнлаб мураббаъ (квадрат) километр жойини йўқотаяпмиз. Умуман олганда, бунақа таҳдидлар кўп. Ҳукумат бу кўчиш жараёнини ҳозиргидай рағбатлантириши эмас, бўҳронли ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини чинакамига амалга ошириш орқали уни тўхтатиб қолиши керак.

Фарғона.Ру: - Қирғизистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетаётган номашруъ меҳнат муҳожирларининг ҳисоби борми?

Дўсмир Узбеков: - Бизда ҳаммаси бўлиб 2,5 миллион меҳнатга лаёқатли одам бор, улардан 1,8 миллиони Қирғизистон ҳудудида ишлайди. Қайд этиб ўтишни хоҳлардимки, “номашруъ муҳожир” деган атаманинг ўзи нотўғри. Номашруъ муҳожир бирор мамлакатга ноқонуний – паспортсиз ёки визасиз кирган кишидир. Қирғизистон ва бизнинг муҳожирот бўйича ҳамкорлар ўртасида визасиз тартиб бўлгани учун ишлайдиган фуқаролар бу мамлакатга мутлақо машруъ (легал) ҳолда кираяптилар ва машруъ ҳолда юрибдилар. Кўпчилик, шунчаки, меҳнат муҳожири сифатида рўйхатдан ўтмаган ҳолда ишлаяпти, шунинг учун ҳам уларнинг қилаётган иши ноқонуний бўлиб ҳисобланади. Аммо улар мазкур мамлакатларда мутлақо машруъ ҳолда юрибдилар.

Нур Ўмаров: - Уларнинг мақоми ҳақида гапирадиган бўлсак, бу фикрларнинг кўпи юзасидан баҳслашиш мумкин. Чунки улар чегарадан қонуний равишда ўтарканлар, кейин рўйхатдан ўтмаганлари сабабли қонундан ташқарида қолиб, номашруъ кишиларга айланадилар. Ҳатто Россияга расман ишлаш учун кетган 300 мингга яқин қирғизистонликдан ҳам 42 мингтачаси рўйхатга олинган, холос. Бизнинг амалдорларимиз фаолиятига бор-йўқ изоҳ шу.

Фарғона.Ру: - Фуқароларимиз меҳнат бозорида нақадар рақобатбардошлар ва қанақа касбларга у ерда кўпроқ эҳтиёж бор?

Дўсмир Узбеков: - Қайд этиб ўтишни истардимки, муҳожирларимизнинг билими унча етарли эмас. Афсуски, бу қишлоқ жойлардаги ўрта мактаблар даражасидир. Баъзилар рус тилини деярли билмайдилар ва уларнинг Россияда қиладиган ишлари йўқ. Шунинг учун ҳам биздан борган меҳнат муҳожирлари меҳнат иерархиясидаги энг пастки қатламларни эгаллаганлар. Муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш комитети таълимга алоҳида эътибор қаратиб, Россия ва Қозоғистонда керак бўлган бўш иш ўринларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат муҳожирларининг касбий-техник таълими билан шуғулланмоқчи бўлиб турибди. Чунки малакали, касб-ҳунарли муҳожир саводсиз ишчилардан кўра уч-тўрт баробар кўпроқ маош олади.

Нур Ўмаров: - Мен биздан кетган меҳнат муҳожирлари, энг аввало, ўзларининг меҳнат кўникмалари, меҳнатсеварликлари ҳисобига ҳақиқатан ҳам рақобатбардошлар, деб ҳисоблайман. Агар одамларимиз рақобатбардош бўлмаганларида хориждаги қирғиз диаспораси йилдан-йилга ўсмасди. Улар яхши таълим олганлар, рус тилини жуда яхши биладилар ва бу жиҳатдан бошқа миллат вакилларидан қолишмайдилар. Қозоғистонга, асосан, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларидаги ишчилар чиқиб кетмоқдалар, Россияга эса умумий овқатланиш, турли хизматлар, фан, таълим ва бошқа соҳалардаги одамлар кетаяптилар. Аммо Россия ва Қозоғистонга катта маош талаб қиладиган муҳожирлар керак эмаслигини ҳисобга олиш лозим. Ҳар қандай ишни қилиб кетаверадиган мардикорлар, қурувчилар, яъни ўрта ва касбий-техник малакага эга кишилар зарур.

Фарғона.Ру: - Давлатнинг ташқи меҳнат муҳожироти жабҳасида стратегияси қандай ва чет элдаги фуқароларимизни машруълаштириш учун давлат томонидан қандай чоралар кўрилмоқда?

Дўсмир Узбеков: - Очиқ айтиш керакки, кўрилаётган чоралар етарли эмас. Бу, энг аввало, рўйхатга олиш тартиби билан боғлиқ. Қозоғистонда бу жараён анча енгил кечаяпти: бу мамлакат билан қишлоқ хўжалигида ишлайдиган ишчиларни ҳимоялаш бўйича битимимиз бор, яқинда меҳнат муҳожирларини ҳимоялаш ҳақида ҳам битим имзоланди. Аммо хусусий тадбиркорлар мутлақо ҳимояланмаганлар, чунки Қозоғистон томон хусусий тадбиркорларга дохил шартномани имзолашда бизнинг таклифимизга кўнмади. Россияда эса бугунги кундаги асосий муаммо рўйхатга олиш жараёнидир. Биз одамларимиз у ёқ - бу ёқни кўриб, ўзига иш топишга улгуриши учун бу мамлакатдан фуқароларимизга 90 кунгача рўйхатсиз юришга рухсат беришни сўраяпмиз. Қозоғистон билан бу муаммо ҳал этилган: қирғизистонликлар Қозоғистон чегарасидан ўтганларидан кейин уч кунгача рўйхатга турмасликлари мумкин, Россия эса буни амалга оширмаяпти. Бу масалани Россия олдида бир неча кўтардик, аммо ҳалигача тасдиқ жавобини ололганимиз йўқ.

Фарғона.Ру: - Меҳнат муҳожирларини ватанга қайтариш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилаяпти?

Нур Ўмаров: - Мен, энг аввало ижтимоий-иқтисодий жабҳаларни ривожлантиришимиз керак, деб ўйлайман. Мен муҳожирот масалалари билан 10 йилдан бери мунтазам шуғулланаман ва шуни таъкидлай оламанки, Россия ёки Қозоғистонда уч йил яшаб, ишлаган одам ўша ерга ўрганиб қолади ва унда ватанга қайтиш юзасидан ҳар қандай истак сўнади. Шунинг учун ҳам кетган одамларни ватанга қайтариш юзасидан амалий чоралар кўрилиши зарур.

Дўсмир Узбеков: - Рўйхатга олиш тартибининг, аниқроғи, шароитининг мураккаблиги бугунги кунда кўпчилик муҳожирларни жўнроқ йўлларни излашга мажбур қилмоқда. Ана шундай йўллардан бири Россия фуқаролигини олишдир. Шунга кўра, Қирғизистон ҳукумати бошқа мамлакат фуқаролигини олган меҳнат муҳожирларида Қирғизистон Республикаси фуқаролиги сақланиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқаяпти. Ҳозирги пайтда эса биздаги қонунчилик икки томонлама фуқароликка эга бўлишга имкон бермайди. Яна нима қилиш мумкин? Менимча, ватанпарварликка чақириш фойда бермаса керак, чунки иқтисодиёт ва турмуш ўз ҳукмини ўтказаяпти.