06:27 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонлик ўзбеклар мамлакатдаги қайси сиёсий кучларни қўллаш юзасидан бир қарорга келганлар

31.10.2006 17:18 msk

Абдумўмин Мамараимов

Улугбек Абдусаломов
Улуғбек Абдусаломов. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Қирғизистон 2006 йилнинг 2 ноябрида бошланадиган муддатсиз митинг арафасида турибди. Мамлакатнинг миллион кишилик ўзбек миллатига мансуб аҳолиси лидерларининг бу борадаги позицияси қандай? Ўзбек жамоатчилиги лидерларидан бири, Қирғизистон Ўзбек миллий-маданий маркази президиуми аъзоси, Жалолобод вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти, таниқли публицист Улуғбек Абдусаломов ўзининг бу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашишга рози бўлди.

Фарғона.Ру: - 2 ноябрда Бишкекда “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати ва бу Ҳаракатни қўллаётган бошқа ташкилотлар ҳокимиятга қарши узоқ муддатли митинг ўтказишни режалаштирган. Бу сиёсий тадбирга сизнинг муносабатингиз қандай?

У. Абдусаломов: - 2 ноябрдаги митинг шу кунгача президентнинг олдига қўйилган сиёсий талаблардан ҳеч қандай натижалар чиқмаганлиги учун уюштирилаётганлигини ҳамма кўриб турибди. Жамиятимиздаги сиёсий жиҳатдан қарама-қарши кучлар халқ манфаати нуқтаи назаридан бирлашишлари мақсадга мувофиқ эди, лекин бахтга қарши бугунги кунда ана шундай бирлашиш ҳамда мувофиқлаштиришга эришилмади.

Менинг кузатишимча, президентнинг олдига қўйилган талаблар аслида президент сайлови олдидан сайловчиларга, республикадаги бир қатор сиёсий кучларнинг лидерларига Қ. С. Бакиевнинг ўзи берган ваъдалардир.

“Ислоҳотлар учун!” ҳаракатининг фаоллари президентдан ўша берилган ваъдаларни бажаришнигина талаб қилишмоқда. Агар президент ваъда-талабларни 2 ноябргача бажарса, митингни уюштиришга ҳожат қолмаслигини жуда кўпчилик тушуниб турибди. Халқ фаровонлиги учун берилган ваъдаларни бажариб, президент янги ҳокимиятдаги ўз ўрни ҳақида мухолафат билан келишиши мумкин-ку. Бунинг учун арбоблар ўз шахсий амбицияларини енгишлари керак, холос.

Фарғона. Ру: - Митинг бўлса, унга ўзбеклар ҳам қатнашадими?

У. Абдусаломов:- Шу саволингизга иложи бўлса, кенгроқ жавоб берсам. Аввалдан шуни айтиб қўймоқчиманки, бу менинг шахсий фикримдир.

Аввало, Қирғизистоннинг барча аҳолиси бу республиканинг тенг ҳуқуқли фуқаролари ҳисобланади. Уни турли хил миллатга бўлиб, ҳуқуқларини ҳам ўшанга яраша қилиб тақсимлаш бу янги чиққан, чаласавод, миллатчи «ҳуқуқшунос-сиёсатчи»ларнинг ижодидир. Қолаверса, туб аҳоли вакилларини бир-бирига қарама-қарши қилиб, гоҳида унисига, гоҳида бунисига хушомадгўйлик қилишни ўзига касб қилиб олган, шунинг эвазига яхши яшайман, деб ўйлаган ҳамда туркий халқларнинг маданияти, менталитетидан мутлақо бехабар А. Князевга ўхшаган «чала туғилган сиёсатдон»ларнинг сафсаталарининг маҳсулидир.

Сайтингизда чоп қилинган Александр Князевнинг интервьюси уни шу тоифа одамларга қўшиш мумкинлигидан далолат беради. Айтиш жоизки, биз унинг Қирғизистондаги этник ўзбеклар ва уларнинг лидерларига нисбатан бунақа номақбул мулоҳазаларидан танг қолдик.

Сиёсий тадбирларга ва митингларга қатнашиш учун қатнашувчининг миллати талаб қилинмайди. Бунинг учун тўлақонли одам бўлиш керак, холос. Ҳуқуқлари тўла бўлмаган ҳар қандай фуқаро ўз ҳуқуқларини тегишли давлат маҳкамаларидан талаб қилишга ҳақи борлигини ким инкор қилади?

2 ноябрдаги митинг умумреспублика миқёсидаги митингдир. Унда барча одамлар, улар қатори ўзбеклар ҳам, миллатидан қатъий назар, ўз ҳуқуқларини талаб қилиб қатнашишлари мумкин. Бугун Қирғизистонда бир миллиондан ортиқ ўзбек миллатига мансуб аҳоли бор. Улар диаспора эмас, бошқа ердан кўчиб келмаган, балки Қирғизистоннинг туб аҳолисидир. Ана шунинг учун ҳам фақат Қирғизистоннинг манфаатини ҳимоя қиладилар ва ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларига ҳам худди шу ерда, Қирғизистоннинг қонунлари асосида эришадилар. Улар мамлакатдаги бугунги алғов-далғовларнинг мутлақо қонуний эканлигини ва бу жараён ҳақиқатни юзага чиқаришини жуда яхши биладилар.

Фикримча, улар қайси сиёсий кучларни қўллаб-қувватлашни ҳам аллақачон ҳал қилиб қўйганлар. Улар мамлакатимизда тинчлик барқарор бўлишини ўйлашяптилар. Ўзбеклар учун энг аввало жамиятда адолат бўлиши керак, чунки тинчлик ва тараққиёт адолатдадир.

Бугун мамлакат тақдири ҳал бўлмоқда, ундан, фикримча, ўзбеклар ўзини четга олмайди. Улар бундай пайтларда бировнинг сўзини эмас, ўзларининг сўзини айтадилар. Д. Собиров, Қ. Ботиров, И. Абдурасулов, А.Ортиқов каби лидерларимиз бировнинг сўзини эмас, балки элнинг дардини айтяптилар-ку...

Фарғона. Ру: - Кейинги пайтда Қирғизистонда юз бераётган сиёсий воқеалар

тез ривожланиб кетишига сабаб нима деб ўйлайсиз?

У. Абдусаломов: - Бу масала бўйича сиёсатчилар ўзларининг турли фикрларини айтмоқдалар. Менинг фикримча, мухолафат билан ҳокимият ўртасидаги келишмовчиликнинг туб сабабларини Ақаев даврида юргизилган сиёсатдан излашимиз керак. Республикада жиноий унсурларнинг бемалол фаолият юритиши, Президентнинг ўз Фармонларига ўзининг қарши чиқишлари, буюртма қотилликларнинг ҳалигача очилмаганлиги, “давлат мансаблари ва бошқа лавозимлар пул эвазига берилади” деган гапнинг бутун жамиятда тарқаб кетганлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи маҳкамалар фуқароларнинг эмас, алоҳида шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш учун ишлаётганликлари, «Матрешкагейт» воқеаси-ю, «Оила» тўғрисидаги миш-мишлар ҳамда «Пирамида» телевидениесининг бугунги аҳволи - ҳамма-ҳаммасининг туб илдизи ва келиб чиқиш сабаблари Ақаев асос солган бошқарув системасида, уни қонунийлаштирган бугун амалда бўлмиш Конституцияда.

Менимча, бошқарув тизимини ўзгартирмас эканмиз, энг яхши одамни раҳбар қилсак ҳам, барибир сиёсий зиддиятлар, қарама-қаршиликлар бўлаверади. Расмийларнинг ёки мухолафатдаги фаолларнинг исми, фамилиялари ўзгариши мумкин, холос. Демак, тинчлик бўлмайди.

Сиёсий воқеаларнинг тез ривожланишига эса Президент томонидан берилган сайловолди ваъдалари ўз вақтида ёки бутунлай бажарилмаганлиги, айтилган сўз билан қилинаётган ишнинг бир-бирига умуман тўғри келмаётганлиги ва бундан оддий сайловчиларнинг асосий қисми норози эканлиги сабаб бўлмоқда. Бўлаётган воқеалар худди Ақаев давридаги, яъни 2004 йилнинг охири ва 2005 йилнинг бошланишида бўлган сиёсий воқеаларга жуда-жуда ўхшаб кетади. Қолаверса, бу соҳада 2005 йил март тажрибалари бор.

Ўша воқеаларга фаол қатнашган, ўзларини «инқилобчи» деб номлаб юрган бир қанча замонавий «доҳий ва доҳийча»лар бугун ҳам жамиятимиздаги бўлаётган сиёсий воқеаларнинг айни марказида. Шунданми, халқимизнинг сиёсий жиҳатдан анча фаоллашганлигига гувоҳ бўляпмиз. “Ислоҳотлар учун!” ҳаракатига қарши чиқаётган бир гуруҳ оқсоқоллар ва одамларнинг ҳаракатлари ҳам ана шу сиёсий фаолликка мисол бўла олади. Чунки чолларнинг ҳаракати ҳам сиёсий ҳаракатдир.

Фарғона. Ру: - Мухолифатнинг талабларидан бири мамлакатдаги бошқарув тизимини ўзгартириш бўлиб ҳисобланади. Нима деб ўйлайсиз: Қирғизистон учун қандай бошқарув тизими кўпроқ мос келади?

У. Абдусаломов: - Ҳукуматни ёқловчи айрим сиёсатчилар халқни президентлик бошқаруви биз учун мақбулроқ бошқариш шакли эканига ишонтиришга ҳаракат қилаяптилар. Албатта, бу ҳокимият тузилмаларида ишлаётган кишилар ва уларнинг атрофидаги манфаатдор шахсларга фойдали. Аммо ҳаётнинг ўзи бошқарувнинг бу шакли бизнинг мамлакатимиз учун тўғри келмаслигини айтиб турибди. Бунга турмушда мисоллар етарли.

Менимча, жамиятимиз фақат парламент бошқаруви бўлганидагина ривожлана олади. Биринчидан, бу халқимизнинг аҳвол-руҳиясига мувофиқ келади. Иккинчидан, бошқарувнинг бу шакли ижтимоий адолатни ҳам юзага чиқаради.

Фарғона. Ру: - Фикрларингиз бошқа мамлакатлар тажрибасидан олинган конкрет мисолларга асосланганми?

У. Абдусаломов: - Парламент бошқаруви мамлакатни ўзгартириб юборишига Малайзия давлатининг кейинги тарихи мисол бўла олади. Малайзия 15-20 йил аввал қолоқ мамлакат бўлган. Ўзаро жанжаллар ва ҳукумат таназзули керагидан ортиқча эди. Парламент республикаси бўлиб, Малайзия бирлашган миллий ташкилоти – UMNOнинг янги программалари асосида ривожланишни бошлади. UMNOнинг янги Раиси 2003 йилдан буён Малайзиянинг Бош вазири ва ички ишлар ҳамда молия вазири бўлиб ишлаётган Абдулла Аҳмад Бадавийнинг ташкилотнинг 2004 йил 23 сентябрда Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган 55-умумий йиғилишида “Ислом ҳадари” асосида, яъни ўзимизча тушунтириб айтганда, “Маданий, тараққийпарвар ислом концепцияси” асосида Малайзия жамияти ривожланаётганлиги ҳамда бундан буён ҳам асосли равишда фаровонликка эришишга моддий ва маънавий асос борлигини таъкидлаб, янги дастурларни қабул қилди. Бугун Малайзия иқтисоди ривожланган, аҳолиси фаровон яшаётган кучли мамлакатдир.

Фарғона. Ру: - Парламент бошқарувига ўтсак, жумҳуриятимизнинг ривожланиб

кетишига сиз ишонасизми?

У. Абдусаломов: - Мен Қирғизистон фуқароси ва ватанпарвари сифатида унинг ривожланишини, гуллаб-яшнашини чин дилдан хоҳлайман. Хоҳиш билангина орзу амалга ошмаслигини ҳам тушунаман. Унинг учун узоқ муддатли, илмий асосда ишлаб чиқилган ва жамиятимиздаги яшаётган ҳар бир фуқаронинг манфаатларини ҳимоя қиладиган дастур ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш керак. Бу масалани биз 2006 йилнинг 27 майида бўлган Жалолободдаги ўтказган митингимизда қабул қилинган резолюциямизда ҳам таъкидлаганмиз.

Жамиятдаги яшаётган оддий халқни унинг элитаси, яъни зиёлилар тўғри йўлга бошлаши зарур. Биз ўша тўғри йўл, энг аввало, жамиятнинг бошқарув тизимини ўзгартиришда, деб биламиз ва парламент бошқарувига ўтишни мунтазам равишда Жўғўрқу Кенешга (Қирғизистон парламентига) таклиф қилиб келмоқдамиз. Бу бошқарув жамиятни ўзгартиришига менда шубҳа йўқ. Парламент бошқарувига қарши чиқаётганларнинг айтганлари ҳам тахминлардан ёхуд «хўжайин»га ёқиш учун айтилган «илмий хулоса»лардан бошқа нарса эмас.