14:48 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда кредит картаси билан қаердан ва қандай қилиб пул олиш мумкин?

31.10.2006 16:10 msk

Олли Райтер

Lenta.ru сайтидан олинган фотосурат
Кредит карталаридан барча ривожланган мамлакатлар аҳолиси анчадан буён ва фаол фойдаланади. Бу борада Ўзбекистонда ишлар қандай? Бу каби саволга аниқ жавоб топишга чўнтагида кредит картаси бўлган сайёҳ танишимнинг – ўзи туғилиб ўсган Сибирдан бошқа ҳеч қаерда бўлмаган камсуқум йигитнинг Ўзбекистон пойтахтига меҳмонга келиши сабаб бўлди.

Шундай қилиб, олдимизда ечилиши керак масала турарди. Берилган: Visa Electron валютали кредит картаси. Топиш керак: 100 АҚШ долларини сўмга айлантириб берадиган банкомат. Исботлаш керак: Ўзбекистон пойтахти тараққиётда Сибирдаги кичкинагина шаҳарчадан қолишмайди, балки ундан ҳам ўзиб кетган.

Бу масалани ечиш учун биз аввало Тошкентда қаерда кредит картаси билан пул олиш мумкинлигини ўрганишга ҳаракат қилдик. Афсуски, маълумотлар жуда оз эди, биз фақат ўнтагина банкомат топишга муваффақ бўлдик, ундан ҳам тўққизтаси меҳмонхоналарда экан. Аслида, шунака бўлиши ҳам керак, - дея юпата бошладик ўзимизни, - ахир бунақа кредит карталари фақат чет эллик сайёҳлардагина бор-да. Бу рўйхат билан қуролланиб, пул олишга кетдик.

Дастлаб Ўзбекистон пойтахтидаги энг қиммат ва бообрў меҳмонхона – “Интерконтинентал”га кирдик. Хушмуомала эшик оғаси банкомат банд бўлгани учун биздан бироз кутиб туришни илтимос қилди: банкомат олдида пул олишга ҳаракат қилиб, қанақадир чет эллик ва унинг таржимони асабий типирчилашарди. Банкомат барибир уларга пул бермади ва руҳи тушган сайёҳ бизга ўрин бўшатди. Банкомат биз солган картани қабул қилиб олиб, унда пул борлигини тасдиқлади, аммо бизга ҳам пул бермади. Биз эшик оғаси ва маъмуриятдан икки одамни ёрдамга чақирдик, бироқ меҳмонхона ходимларидан бирортаси ҳам бу айёр машинадан фойдаланишни билмас эканлар. Уларга фақат барча меҳмонхоналардаги банкоматлар валютали эмас, сўмли экани маълум экан. Валютали банкомат эса шу меҳмонхонанинг ўзида жойлашган саррофхонада бор экан. Фақат улар сарроф амалиёт учун фоиз олишини айтиб, бизни огоҳлантирдилар. Бироқ саррофхонада бизга “бу турдаги карта билан ишламасликлари”ни айтишиб, илтимосимизни рад этишди. Биз меҳмон билан бир-биримизга қараб хўрсиндик-да, бахтимизни бошқа ерда синаб кўришга қарор қилдик.

“Интерконтинентал”дан икки қадам нарида Ўзбекистон Миллий Банкининг (ЎМБ) баланд иморати жойлашган, у ҳам рўйхатимизда бор эди. Аммо кириш эшиги олдидаги қўриқчилар улардаги банкомат фақат ушбу молия муассасаси ходимлари учунгина эканини тушунтирдилар. Шунинг учун ҳам бизни у ёққа қўймадилар.

Яхшиямки, пойтахтда меҳмонхоналар кўп. Аммо “Рэдиссон САС”, “Дедеман Силк Роуд”, “Марказий”, “Ўзбекистон” меҳмонхоналарида ҳам мақсадга эришолмадик.

Машъум рўйхатда биз синаб кўрмаган яна учта – “Ле Гранде Плаз”, “Тошкент Палас” ва “Гранд Мир” меҳмонхоналаридаги банкоматлар қолганди. Аммо пойтахтимиз меҳмони анча асабини йўқотганини айтиб, тажрибани давом эттиришдан бош тортди.

Шу тариқа масала ечилмай қолди: россиялик йигитга Ўзбекистон пойтахти Сибирдаги кичкинагина шаҳарчадан кўра илғорроқ эканини исботлаб бўлмади.