23:35 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон парламенти комиссияси Андижон воқеаларини текшириш ишини якунлади

30.10.2006 14:27 msk

Ўз ахб.

Эслатиб ўтамиз, парламент комиссияси Андижон воқеаларидан бироз ўтгач, Ғарб мустақил текширув ўтказишни талаб қилганидан сўнг ташкил этилганди. Ислом Каримов буни рад этган, аммо бешта “чўнтак” партияси вакилларидан ташкил топган парламент махсус комиссияси кучи билан ички текширув ўтказишга буйруқ берганди. Дипломатик миссиялар вакилларига текширувни мониторинг қилиш гуруҳига кириш таклиф этилган, у ерда гуруҳ аъзоларини биринчи манбалар билан эмас, текширувнинг оралиқ натижалари билан таништириб борганлар. Мустақил кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон парламенти комиссияси олдида аввал-бошдан ҳақиқатни аниқлаш вазифаси эмас, содир бўлган воқеа юзасидан расмийлар версиясини тасдиқлаш вазифаси қўйилган бўлиб, у расмийларнинг ҳатти-ҳаракатини оқлаши керак эди. Комиссия ҳукумат қўшинлари тинч аҳолига эмас, фақат қуролли исёнчиларга қарата ўқ отганларини тасдиқлаши лозим эди.

Бир ярим йиллик текширув натижаларининг якунланиши муносабати билан Ўзбекистондаги “Veritas” ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи республика парламентини асосий хулосалар ва тайёрланган ҳисоботнинг хулосасини оммавий ахборот воситаларида зулдик билан эълон қилишга чақирган баёнот тарқатди.

“Биз 2005 йилнинг май ойида Андижон вилоятида содир бўлган воқеаларнинг расмий талқинидаги айрим ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқдамиз, - дейилади “Veritas”нинг баёнотида. – Бу каби ўзгартирилган риторика, асосан, давлат раҳбари И. Каримовнинг шу йил 13 октябрида охирги Андижон халқ депутатлари кенгашидаги чиқишида очиқланди. Андижонлик депутатлар олдида нутқ сўзларкан, президент И. Каримов Андижон вилоятидаги фожеали воқеалардан кейин балки биринчи марта Андижондаги норозилик намойишининг асосий сабаби оғир ижтимоий-иқтисодий вазият эканини билвосита тан олган. Шунингдек, президент Фарғона водийси ёшлари турмушда муваффақиятга эришиш ва ўсиш учун чекланган имкониятларга эгалиги, шундан келиб чиққан ҳолда, бу ёшларнинг кайфиятига салбий таъсир қилаётгани ва “Ҳизбут-Таҳрир” ва “Акромийлик” каби турли диний гуруҳлар сафига киришига сабаб бўлаётганини ҳам тан олди”.

“Veritas”га кўра, бу фикрлар расмий Тошкент ўтган йили Андижонда содир бўлган воқеаларга нисбатан ўз позициясини бироз юмшатишга қарор қилгани ҳақида билвосита гувоҳлик беради. 13 октябрь куни Ислом Каримов Сайдулло Бегалиевни, жумладан, ўтган йили май ойида Андижонда бўлиб ўтган норозилик намойишини келиб чиқиши ҳам айбдор деб топиб, Андижон вилояти ҳокими лавозимидан бўшатди. Аввал Андижон вилояти ҳокими бўлиб ишлаган пайтда маҳаллий аҳоли ўртасида оммавий норозиликнинг кучайишига кўп жиҳатдан сабаб бўлган Қобилжон Обидовга нисбатан ҳам жиноий иш очилгани ҳақида хабарлар берилди.

Шунга қарамай, “Veritas” “ҳокимлар ва бошқа раҳбарларни қурбонликка келтириш” Фарғона водийси аҳолиси оммавий норозилигининг асосий сабабларини бартараф эта олмайди, деб ҳисоблайди. Республика расмийлари йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш ва одамларнинг умумий аҳволини яхшилаш учун қўлдан келган барча ҳатти-ҳаракатларни амалга оширмоғи лозим.

Қайд этиб ўтамиз, парламент текширувининг якунланганлиги 2005 йилнинг 13-14 май кунлари ҳалок бўлганлар рўйхати эълон қилиниши юзасидан ҳам умид уйғотади. Илгари ҳукуматни ёқловчи оммавий ахборот воситалари бу рўйхат жиноий иш материалларига кириши, шунинг учун ҳам тергов ва маҳкама ишлари тугамагунича рўйхат тергов сири сифатида сақланиши лозимлиги ҳақида Бош прокуратура жавобини келтиргандилар. Текширувнинг тугаганлиги ҳалок бўлганлар рўйхати фақат ҳукумат амалдорлари ва депутатларгагина эмас, орадан бир ярим йил ўтиб бўлса-да - кенг жамоатчиликка ҳам кўрсатилишига умид қилишга имкон беради.