14:49 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Чимкент фожеаси” ёки гўдакларнинг одам иммун танқислиги вируси (ОИТВ) билан оммавий зарарланиши ҳақида

30.10.2006 12:22 msk

Меҳрибон Бекиева

Бауржон ва “ХХ аср вабоси”

Чимкентлик Масауровлар хонадонида эгизак фарзандлар Аружон билан Бауржон дунёга келганида оила аъзоларининг қувончи чексиз эди. Бироқ бу қувонч узоққа чўзилмади. Ёз кунларининг бирида шифокорлар Масауровлар оиласига мудҳиш бир хабар етказишди. Эгизаклардан бири жажжи Бауржон иммун танқислиги билан касалланганди. Кутилмаган бу хабар оила аъзоларига руҳий зарба бўлди. Бауржон сингари фарзандлари ОИТВ юқтирган жанубий қозоғистонлик ўнлаб оилалар руҳий тушкунликда яшашга маҳкум қилинди.

Бауржон иммун танқислиги аниқланган гўдаклар рўйхатида 25-ўринда туради. Маълум бўлишича, гўдакларда ушбу касаллик дастлаб жорий йилнинг февраль ойида қайд қилинган. Ўша вақтда икки гўдакка ОИТВ ташхиси қўйилган. Бироқ бу маълумот оммага ошкор қилинмасдан сир сақланган. Касалликни юқтирган болалар сонининг ошиши натижасида эса бу ҳолатни сир сақлашнинг иложи бўлмай қолди. Илк бор июнь ойининг охирида 14 гўдак иммун танқислигини юқтиргани ҳақида хабар пайдо бўлди. Кун сайин ушбу касаллик билан оғриган болалар сони ошишда давом этди. Айни пайтда 78 гўдак ва 8 боланинг онасида бу касаллик аниқланди. Касалликка чалинган 7 бола оламдан ўтди. Яна икки гўдак вилоят шифохонасининг жонлантириш бўлимида даволанмоқда. “ХХ аср вабоси”дан бу тарзда оммавий зарарланиш Қозоғистон тарихида ҳали учрамаган. Айни пайтда вилоятдаги 9 мингдан зиёд бола тиббий текширувдан ўтказилди. Маълум бўлишича, Жанубий Қозоғистонда ОИТВ эпидемияси тарқалган давр мобайнида 173 бола вафот этган. Бу болалар иммун танқислиги бўйича махсус текширувдан ўтмаган. Уларга бошқа турли касалликлар бўйича “ташхис” қўйилган. Маълумотларга кўра, ушбу болаларнинг барчаси ОИТВ юқтирганларга алоқадорлар рўйхатидан ўрин олишади.

Касаллик сабаблари: тахминлар ва ҳақиқат

Жанубий Қозоғистон вилоят прокуратураси маълумотига кўра, ОИТВ аниқланган болаларнинг барчаси турли вақтларда шифохонада ётиб даволанган. Ўша вақтда болаларга қон қуйиш муолажаси қилинган. Дастлабки пайтда ушбу касаллик болаларга ОИТВ билан зарарланган қонни қуйиш орқали юққан бўлиши мумкин, деган тахмин илгари сурилди. Чунки бунга асос бор эди. Жанубий Қозоғистон соғлиқни сақлаш департаменти маълумотига кўра, сўнгги ўн йил давомида 28 донорда иммун танқислиги аниқланган. Улардан бири доимий донор бўлиб, у 12 марта қон топширган. Ушбу донор қони қуйилган уч одам оламдан ўтган. Бироқ ҳозирча ОИТВ аниқланган болалар билан боғлиқ ҳолатда донорлар қони ижобий натижага эга. Болаларга қуйиш учун 223 донорнинг қонидан фойдаланилган. Ҳозирда 198 донор текширувдан ўтди ва улар натижаси ижобий бўлди. Айни пайтда 25 донорга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Жанубий Қозоғистон вилоят бош прокурори Марат Аҳмаджонов қидирувдаги донорлар орасида иммун танқислиги билан оғриганлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни билдиради. Прокуратура текшируви натижасида аниқланишича, чимкентлик шифокорлар ноқонуний равишда қон сотиш билан шуғулланишган. Яъни улар номаълум донорларнинг қонини арзон нархда харид қилиб уни бемор болаларнинг ота оналарига сотишган. Балки болаларга касаллик айни шу донорларнинг қони орқали юққандир деган яна бир тахмин пайдо бўлади.

“Ишончли таянч” номли ноҳукумат ташкилоти раҳбари Валентина Скрябина эса, Чимкентда яшаш жойи нотайин бўлган шахслар ва гиёҳвандлардан ҳам қон олиш ҳолатлари мавжудлиги ҳақида маълум қилди.

М. Аҳмаджоновга кўра, шифокорларнинг қон сотиши билан боғлиқ уч жиноий иш очилган. Шунингдек, расмийлар томонидан ушбу касаллик болаларга стерилизация қилинмаган шприц орқали юққан бўлиши мумкин деган бошқа бир тахмин ҳам илгари сурилади. Чунки М. Аҳмаджоновнинг билдиришича, ОИТВ аниқланган 24 гўдакка қон қуйиш муолажаси қилинмаган.

Ҳозирча фақат тахминлар бор, айбдорлар топилганича йўқ. Ҳақиқат фақатгина тергов натижалари орқали маълум бўлиши мумкин. Прокуратура текшируви 14 ноябргача давом этади. Айни пайтда тиббиёт соҳасидаги 17 раҳбарга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. “Чимкент фожеаси” сабаб мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ербўлат Дўсаев ва Жанубий Қозоғистон вилоят ҳокими Бўлат Жилқишиев ишдан бўшатилди. Ушбу ҳодиса туфайли жами қарийб 600 мансабдор ўз вазифасидан озод қилинди. Шунингдек, элликка яқин тиббиёт ташкилотининг фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилди.

“Чимкент фожеаси”га Ўзбекистон сабабчи(ми)...

Ўзбекистонлик Жансая Мусаева Чимкентдаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олади. Талаба қиз Чимкентда вақтинча яшаш учун рўйхатдан ўтиши анча қийин бўлганини айтади. Ундан ОИТВ билан оғримаслиги ҳақидаги махсус ҳужжат талаб қилинган. Акс ҳолда у Қозоғистонда вақтинча яшаш имконидан маҳрум бўлиши мумкин. Жансая шаҳардаги ОИТС марказида текширувдан ўтгач, бундай касаллик билан оғримаслиги маълум бўлди. Шундан кейингина унинг исм шарифи вақтинча яшаш рўйхатида қайд қилинди. Бу ҳолат эндиликда ўзбекистонликларнинг Қозоғистонга ташрифлари осонликча бўлмаслигини кўрсатади. Авваллари Ўзбекистон фуқароларидан бундай ҳужжат талаб қилинмасди. Чимкентда ОИТВ эпидемияси пайдо бўлгач, турли хил тахминлар илгари сурилди. Улардан бири Ўзбекистон билан боғлиқ эди. Шундан кейин Қозоғистонга келувчи ўзбекистонликларга нисбатан қаътий талаблар қўйила бошлади.

Дастлаб Ўзбекистон билан боғлиқ тахмин Қозоғистон бош прокуратураси томонидан илгари сурилди. Гўдакларнинг ОИТВ билан оммавий зарарланиш ҳолатларини текшириш жараёнида аниқланишича, тўрт бола Ўзбекистон шифохоналарида даволанган. Бу эса гўдаклар бу касалликни ўша вақтда юқтирган бўлиши мумкин деган тахминга сабаб бўлди. Кузатувларга кўра, ҳақиқатан ҳам жанубий қозоғистонликларнинг аксарияти Ўзбекистонга, асосан, Тошкент шаҳрига бориб даволанишни маъқул кўради.

Оқсувкентлик Абдумалик Сармоновга кўра, Жанубий Қозоғистонга нисбатан Тошкентда тиббий хизмат кўрсатиш даражасининг сифатлилиги ва арзонлиги учун чимкентликлар тошкентлик шифокорларга тез-тез мурожаат қиладилар.

Прокуратура маълумотларига кўра, касаллик аниқланган гўдаклардан бири Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида туғилган. Гўдакнинг онасида ҳам ушбу касаллик аниқланган. Ўзбекистонлик ушбу оила бир йил аввал Жанубий Қозоғистонга кўчиб келган. Маълум бўлишича, олмалиқлик гўдак ушбу касаллик аниқланган дастлабки беморлардан бири ҳисобланади. Бу ҳолат эса бошқа гўдакларга юқиш манбаи айнан ушбу гўдак бўлиши мумкин деган яна бир тахминни келтириб чиқаради.

Орадан сал вақт ўтиб Жанубий Қозоғистон вилоятининг собиқ ҳокими Бўлат Жилқишиев ҳам ОИТВ билан боғлиқ ҳолатда Ўзбекистонни айблаб чиқди.

“Вилоятда ОИТВ билан боғлиқ ҳолатнинг кўпайишига асосий сабаб Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарада жойлашганидир. Вилоятда ўзбек гастербайтерлари ва ўзбек фоҳишаларининг кўплиги, шунингдек, ўзбекистонликларнинг турли хил мақсадларда Жанубий Қозоғистонга келиш кўламининг жуда катталиги вилоятда тиббий эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашувига сабаб бўлаётир», - дея фикр билдирган собиқ ҳоким Б. Жилқишиев.

“Ҳокимнинг “сувдан қуруқ чиқиш” ниятида айбни Ўзбекистонга юклашга ҳаракат қилгани унинг ишдан кетишига сабаб бўлди”, - деган миш-мишлар ҳам пайдо бўлди кейинчалик.

Сўнгги пайтда эса донорларнинг аксарияти ўзбекистонликлар бўлиши мумкинлиги ҳақида янги бир тахмин юзага чиқди. Бу ҳақда www.UzMetronom.com интернет сайтида мақола ҳам эълон қилинди.

Чимкентдаги “Ўралман” ноҳукумат ташкилоти раҳбари Зулайҳо Султонова ҳам ўзбекистонлик донорларнинг қонини Жанубий Қозоғистонда сотиш ҳолатлари борлигини таъкидлайди. З. Султонованинг айтишича, 2004 йилда у савдо билан шуғулланиб, тез-тез Ўзбекистонга бориб турган. Ўшанда у донорларнинг қонини Ўзбекистондан Жанубий Қозоғистонга яширинча олиб ўтиш ҳолатларига шахсан гувоҳ бўлган. Чимкентдаги ОИТС маркази бош врач ўринбосари Қўрчи Қурбонов бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йуқлигини, чунки Ўзбекистонга нисбатан Қозоғистонда қоннинг нархи олти баробар қиммат туришини айтади.

Бауржон фожеаси ёки жанубий қозоғистонлик 78 гўдак тақдири

Тиббиёт ходимларининг билдиришларича, айни пайтда Бауржоннинг соғлиги жойида. Лекин келажакда Бауржоннинг тақдири қандай кечади, деган савол оила аъзоларига тинчлик бермайди. Маҳаллий шифокорларнинг билдиришича, болалигида ОИТВ билан оғриган беморлар орасида узоқ умр кўрганлар кўпчиликни ташкил қилади.

Айни пайтда Бауржоннинг буваси Сагдат Масауров Чимкентда ташкил қилинган “Болаларни ОИТСдан ҳимоя қилиш” жамғармасига раислик қилмоқда. Мазкур жамғарма ОИТВ юқтирган болаларга кўмак бериш мақсадида ташкил қилинди. С. Масауров шифокорларга нисбатан нафратини яшира олмайди. “Мен шифокорларнинг ичаётган овқатида бевақт ўлган гўдакларнинг қонини кўраман. Улар ҳаром ошни қандай ҳазм қилишади, ҳайронман”, дейди С. Масауров.

Маълум бўлишича, ОИТВ билан оғриган гўдаклар орасида кейинги йил мактабга борадиган болалар ҳам бор. Психологлар фикрича, бу болалар соғлом тенгдошлари орасида руҳий жиҳатдан қийналишлари мумкин. Чунки болаларнинг касалидан қўни-қўшни хабардор. Сагдат Масауровга кўра, Бауржоннинг касали ҳақидаги хабарни эшитгач, кўпчилик қариндош–уруғларнинг муносабати ҳам ўзгарган.

“Бу хабардан кейин кўпчилик биз билан борди–келдини йиғиштириб қўйди. Ҳатто дастлабки пайтлари бизга ҳеч ким қўнғироқ ҳам қилмас, уйимизга умуман меҳмон ҳам келмасди”, - дейди С. Масауров.

Қозоғистон парламенти депутати Ерасил Абулқасимов ҳам иммун танқислиги билан оғриётган гўдакларнинг келажагидан хавотирда.

«Жавобгарлар, айбдорлар албатта жазоланиши лозим. Ким кафолат бера олади бу гўдаклар тузалиб кетишига. Уларнинг ҳаёти барбод бўлди. Улар умрбод ярим жон бўлиб яшашга маҳкум қилинди», - дейди Е. Абулқосимов.

Жанубий Қозоғистон вилоят ҳокими Умирзоқ Шукеевнинг билдиришича, ОИТВ билан касалланган болалар ногиронлик нафақасига чиқарилади ва бунга қўшимча равишда болалар 16 ёшга тўлгунча ҳар ойда моддий ёрдам пули олишади. Қишлок жойларида яшовчи болаларнинг оилаларига ҳар ойда 22 200 танга (170 АҚШ доллари), шаҳарлик болаларга эса 14 200 танга (110 АҚШ доллари) миқдорида ёрдам пули берилади.

Айни пайтда ОИТВ билан оғриётган болаларни даволашда чимкентлик шифокорларга халқаро кўламда кўмак берилмоқда. Санкт-Петербурглик тиббий мутахассислар болаларни даволаш ишларини бошлаб юборган. Шунингдек, яқин кунлар ичида словакиялик ва исроиллик тиббий мутахасcислар етиб келиши кутилмоқда.

==============================================================

“Болаларни ОИТС дан ҳимоя қилиш” жамоатчилик хайрия жамғармаси манзили:

Қозоғистон, Чимкент шаҳри, Тимирязова кўчаси, 32/а уй, 38 хона.

Жамғарма реквизитлари:

АО “Банк Каспийский”. Чимкент шаҳри, Ш. Калдаякова кўчаси, 4/3

Код 1428 РНН 582100017293

БИК 195801704

ИКК 000700244-KZT

003070405 - USD

003070706 - EURO

058160496 - RUR