07:42 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россияликлар Ўзбекистонга хориж паспортисиз бора олмайдилар

22.07.2005 11:13 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

Россия Федерацияси фуқаролари энди Ўзбекистонга умумфуқаро паспорти билан бора олмайдилар. “Туркистон пресс” миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, куни кеча Тошкентда “2000 йил 30 сентябрида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасидаги Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўзаро сафарлари тўғрисидаги шартномага ўзгартириш киритиш” тўғрисидаги баённома имзоланди.

Бу қарорга кўра, россияликлар 2005 йил 13 августдан бошлаб (Россияда доимий истиқомат қилувчи Россия Фуқаролари) хориж, хизмат, дипломатик паспортлар, денгизчи паспорти ва Россия Федерациясига қайтиш тўғрисидаги гувоҳнома билан Ўзбекистон чегарасидан ўтишлари мумкин. Россиянинг ички паспортлари, ўсмирларнинг туғилганлик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатлар чегарадан ўтиш ҳуқуқини бермайди. 14 ёшгача бўлган болалар ота-онасидан бирининг хориж паспортига ёзилиши ёки ўзининг шахсий хориж паспорти бўлиши керак.

Икки мамлакат ўртасидаги чегарадан ўтишнинг янги қоидаси асосан Ўзбекистоннинг русийзабон фуқароларига таъсир қилди. “Фарғона.Ру” агентлиги мухбирининг Тошкентда истиқомат қилувчилар орасида ўтказган тез-сўрови русийзабон аҳоли хорижий паспортга эга бўлмаган қариндошлари уларни кўргани кела олмаслигидан ташвишда эканини кўрсатди.

- Менинг фарзандларим Москвада яшайди, авваллари улар имкони бўлганда кўргани келардилар. Энди эса, улар керакли ҳужжатларни расмийлаштиргани имкон ёки вақт топа олармикинлар? Ўзимда Россияга боргани етарли маблағ йўқ, - деб ташвиш билдирди пенсионерлардан бири.

- Аниқроғи бу қарор Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеаларида кўплаган Россия журналистларидан кўнгли тўлмаганлиги билан боғлиқ. Мен ўшанда Россия элчихонаси ҳам Тошкентдан RenTV гуруҳини чиқариб юборганини эшитганман. Энди биз ҳақимизда ҳақиқатни ёзмаслик учун ёки бу ердаги ҳаёт тўғрисида ҳаётий телелавҳа тайёрламасликлари учун маҳаллий ҳукумат рухсатисиз ҳеч кимни киритишмайди, - деб ўз фикрлари билан ўртоқлашди пойтахт олийгоҳларидан бирининг талабаси.

- Энг муҳими, Ўзбекистондан аввалгидек Россияга ишлагани бориш мумкин, - деди катта ёшлардаги эркак киши.

- Тўғри қарор. Балки Владимир Путиннинг ўзи бизнинг президентимизга бир тарафлама имконият яратиб берган бўлса керак. Бу қарор ҳар хил қаллоблар, жиноятчилар ва сиёсий авантюристлар мамлакатимизга бемалол кириб келмаслиги учун қабул қилинган, - деди хизматчи аёл. – Туристлар масаласи қандай бўлади?.. Бу масала ҳам ечимини топар...

- Бу алаҳсираш!.. Мен нега бундай қилинганини тушунмадим. Яна Россия билан дўстликни мустаҳкамлаш ҳақида гапирамиз, - деб қўл силтади ёш тадбиркор.