14:00 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сибирдаги ўзбекистонлик муҳожирлар фақат ўз ҳамюртларининггина эмас, маҳаллий аҳолининг ҳам тирикчилигига ёрдам бермоқдалар

28.10.2006 17:29 msk

Нодира Шарипова, Новосибирск

Семья Очиловых и их работники. Мехриниса в центре.
Очиловлар оиласи ва уларнинг ишчилари. Меҳриниса марказда. "Фарғона.Ру АА" фотоси
“Ўзбек миллий-ижтимоий маркази” нотижорат ҳамкорлигидан олинган маълумотларга қараганда, Новосибирск вилоятида 100 мингга яқин ўзбек истиқомат қилади. Улар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Уларнинг Сибирь шаҳрига келишларидан асосий мақсад, албатта, пул топиш бўлиб ҳисобланади. Бугунги кунда ватандан ташқари чиқиб кетиш оила боқиш усулларидан бирига айланган. Меҳнат муҳожирларнинг қайси биридан: “Бу ерда нима қилиб юрибсиз?” деб сўраманг, “уй олишим керак, қизимни турмушга беришим керак, ўғил уйлантиришим керак ёки қарзларимни узишим керак” қабилида деярли ҳар доим бир хил жавоб оласиз.

Аммо бу ерга келган ўзбеклар ичида Сибирда ишлаб, анча муваффақиятларга эришганлари ҳам бор. Шу билан бирга, улар иш ва ҳужжатларни расмийлаштиришда ўз ҳамюртларигагина эмас, маҳаллий аҳолига ҳам кўмаклаша оладилар. Бу жиҳатдан Очиловлар оиласи билан боғлиқ воқеани намуна қилиб келтирса бўлади.

Новосибирск танланди

Меҳриниса Очилова Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида жойлашган Шаҳрисабз шаҳридан 1997 йилда кетишга қарор қилган. Ўша пайтда бу унинг учун юзага келган мураккаб вазиятдан чиқишнинг ягона йўли бўлиб қолганди: ватанда ишлар юришмаётган, қарзлар эса ошиб бораётганди. Уйда болалари ва эрини қолдирган бу жасоратли аёл якка ўзи Сибирга пул топиб келиш учун кетганди.

- Мен етим ўсганман ва шунинг учун ҳам болаликдан вазиятдан ўзим чиқишга, ўз муаммоларимни ўзим ҳал қилишга ўрганиб қолганман, - дея ҳикоя қилади Меҳриниса, - мен болаларимнинг ҳам болаликда ўзим дуч келган муаммоларга рўбарў бўлишини истамадим.

Пул топишга кетиш учун Новосибирск танланди, чунки бу ерда унинг тожикистонлик дўстлари ва уларнинг оилалари бир неча йиллардан бери ишлардилар.

- Мен ўз кучимга ишонардим, - дейди Меҳриниса. – Тўғри, мен бу ерда нима иш билан шуғулланишим мумкинлигини аниқ билмасдим. Аммо оч қолмаслигимга ишонардим. Менинг асосий вазифам оиламни бу ерга олиб келишдан иборат эди.

Дастлабки уч кун Меҳриниса ўзига бирор иш танламоқчи бўлиб бозорга қатнаган. Кейин қўлидан келган иш билан пул топишга – нон ва сомса ёпиб, уларни бозорда сотишга қарор қилган. Тез орада бозордаги барча ишчилар нон ва сомсани фақат Меҳринисадан сотиб оладиган бўлганлар.

- Улар шу тариқа менга ёрдам бермоқчи бўлганлар, - дея изоҳ беради Меҳриниса. – Уларнинг энг ёши улуғи ўз ҳамюртларига фақат мендан сомса ва нон сотиб олишни тайинларди. Мен эса харидорлар менинг пиширган нарсаларимни жон деб ейишлари учун уларни тотли қилиб пиширишга ҳаракат қилардим.

Оилавий бизнеснинг бошланиши

Бир неча ойдан кейин Меҳринисанинг оила аъзолари ҳам Новосибирскка келадилар. Бу пайтга келиб, у бироз пул топиб, алоҳида уйни ижарага олишга улгурганди. Унга ёрдам беришга эри Одил Очилов, 15 ёшли қизи Нигора ва 13 ёшли ўғли Маҳмуд келадилар.

- Оилам келганидан кейин менга осонроқ бўлиб қолди, - дейди кулиб қаҳрамонимиз. – Мен улардан жуда хавотирда эдим.

Меҳринисанинг айтишича, тўқсонинчи йиллар охирларида Новосибирскда меҳнат муҳожирлари кам бўлган. Ўша пайтларда бозорда пишириқ сотиб пул топиш осонроқ бўлган:

- Биз катта тоғораларда бозорга сомса олиб борардик. Тўртовлон ишлардик. Албатта, биз суткасига 3-4 соатгина ухлардик, лекин у пайтларда ухлаб ётишга вақт йўқ эди.

Тез орада Новосибирскда Меҳринисанинг сомсасини кўпчилик билиб, уйларда ўтадиган тадбирлар учун буюртмалар берадиган бўлганлар. Мижозлар сони кун сайин ошиб борарди. Кейинчалик эса оила фақат сомсагина эмас, бошқа шарқона таомларни ҳам пишириб сота бошлаганлар.

- Ўша пайтларда рэкет жуда авж олганди, - дейди Меҳринисанинг эри Одил. – Улар сенга бозорда савдо қилишни, юришни шунчаки маън қилиб қўйишлари мумкин эди. Аммо айтсам ишонмайсиз – ширин сомсамиз бу ерда ҳам иш берди. Биз бу йигитлар билан тил топишдик. Албатта, уларни доим меҳмон қилиб турардик. Аммо фақат бошида шундай бўлди, кейинчалик улар сомсани бекорга эмас, пулга оладиган бўлдилар.

Турар-жой масаласи ёки Нима учун рус бўлмаганларга турар-жойни ижарага бермайдилар?

Оила ўз иши давомида бир неча марта турар-жой алмаштирган. Баъзан уларга ижарага уй беришдан бош тортардилар.

- Мен хонадон эгаларини тушунаман, - дейди Меҳриниса. – Ахир биз кун бўйи сомса пиширамиз, пиёз тўрғаймиз. Бунинг ҳидини тасаввур қилиб қўринг-а. Бундан ташқари, уйга турли-туман одамлар егулик харид қилгани келиб турардилар. Бу кимга ҳам ёқарди дейсиз? Ҳа, қўшнилар билан, хонадон эгалари билан муаммолар чиқиб турарди. Аммо иш иш-да.

“Ижара олувчи кишининг миллати нима?” – уй эгасини қизиқтирадиган биринчи савол шундай бўлади. Агар жавоб “ўзбек”, “тожик”, “қозоқ” бўлса, бу уйга кира олмайсиз. “Улар икки ёки уч киши бўлиб жойлашадилар, кейин улар беш баробар кўпайиб кетадилар, - дея норози бўладилар ижара берувчилар. – Бунақа тўда яшайдиган уйда тозаликни сақлаб бўладими?”

- Аммо уларнинг ҳаммалари ҳам нотоза ва масъулиятсиз эмаслар. Инсофли одамлар ҳам учраб туради, улар ҳатто бизнинг маҳаллий аҳолидан ҳам яхшироқ: ичмайдилар, чекмайдилар. Фақат ишлайдилар, тунда эса ухлайдилар, - дея эътироз билдиради ўн йилдан бери ижарагирлар билан бирга яшаётган Тамара Зайцева.

- Улар доим уйни озода сақлашарди, - дейди Очиловлар узоқ вақт ижарада турган хонадон эгалардан бири. – Ҳа, ҳид бор эди, аммо улар ижара пулини доим ўз вақтида тўлаб турардилар. Мен уларга ҳайрон қолардим. Уларнинг ҳатто болалари ҳам ишлардилар. Мен болаларга ачинардим, аммо уларнинг ота-оналарига ҳавас қилардим. Ахир бизда бунақа эмас-да. Биз болаларимизни жуда эркалатиб юборганмиз. Мен ўз ўғлим ёки қизимнинг ота-онасига ёрдам қилиб, гумма пиширишини тасаввур ҳам қилолмайман.

Меҳринисага кўра, у ҳам ўз болаларига ачинган, аммо бошқа илож йўқ эди. Тирикчилик кўйида улар ҳаммалари жам бўлиб ишлашларига тўғри келганди.

“Эътиборсизлик ҳақоратдан ҳам ёмон!”

- Ўғлим ва қизим мактабда ўқишлари керак эди. Мен уларнинг ўз синфдошларидан ортда қолишларини истамасдим, - дейди Меҳриниса. – Улар Ўзбекистонда рус мактабида ўқирдилар, шунинг учун ҳам тил билиш жиҳатидан улар қийналмадилар.

Ўқув йили бошланганида болалар ўқиш билан ишни баробар олиб боришларига тўғри келган. Новосибирскдаги мактаб уларга ватанларидаги мактабдан мутлақо бошқача кўринган.

- Дастлаб ҳар куни мактабдан келиб йиғлардим, - дейди Меҳринисанинг қизи Нигора. – Менга ҳамма бефарқдай кўринарди, ҳеч кимнинг янги келган ўқувчи билан иши йўқ эди. Ахир бизда унақа эмас-да! Бизда янги келган ўқувчини четга суриб қўймайдилар, ўқитувчилар, синфдошлар билан таништирадилар.

Нигора бу ердаги, Новосибирскдаги таълим даражаси юқорироқ бўлганини таъкидлайди. Синфдошларидан ортда қолмаслик учун унинг репетиторга қатнашига тўғри келган.

- Мен қизимнинг кўз ёшларини кўрган пайтимда, гарчи у буни мендан яширишга ҳаракат қилса-да, ўзимни ёмон кўриб кетардим! Чунки уларни бу ерга келишга мен мажбур қилгандим, - дея эслайди Меҳриниса. – Мен унинг ўз ўртоқлари билан муомала қилишга қийналаётганини кўриб турардим. Лекин энг даҳшатлиси ўқишни давом эттириш ҳақидаги ўйлар эди. Ахир у университетга кириши керак эди-да. Мени “уни ўқита олмасам нима бўлади?” деган савол даҳшатга соларди. Аммо биз дадаси билан ўз кучимизга ишонардик, бунинг устига болаларнинг ўзлари ҳам бизга пул топишда ёрдам берардилар.

Маҳаллий танишлар Меҳринисани Новосибирскда ўқиш қимматга тушишини айтиб огоҳлантирардилар. Олийгоҳга кириш осон эмасди. Аммо Одил билан Меҳриниса ўз болаларини ўқита олишларига, уларни олий маълумотли қила олишларига амин эдилар.

Нигора университетга кириб, ўз яқинларини хурсанд қилди. Эндиликда у - дипломли юрист.

- Мен ниҳоят университетда дўстларни учратаман, ҳаммаси мактабдагидан бошқача бўлади, деб умид қилардим. Аммо аслида ундай бўлмади. Менимча, бу ерда дўстлашишни билмайдилар, - дея қайд этади Нигора. – Балки гап менинг ўзимдадир, балки мен ўзимга нисбатан бошқачароқ муомалани кутарман ва ўзим ҳам бошқаларга ўзгачароқ муносабатдадирман... Танишларим эса буни тушунмайдилар. Вақт ўтиши билан ўзим ҳам шунақа бўлиб қолдим, балки бироз эътиборсизроқ бўлиб қолгандирман...

Янги имкониятлар ва истиқболлар

2000 йилда Очиловлар оиласида ватанларида шуғулланган иш билан машғул бўлиш учун яхши имконият пайдо бўлди: уларга чоғроқ қаҳвахонани ижарага олиш таклиф қилинди. Меҳриниса ўйланиб ўтирмай, рози бўлди.

- Айтиш мумкинки, айнан ўша пайтдан бошлаб бизнинг турмуш даражамиз ўзгара бошлади, - дея хотирлайди Одил Очилов. – Биз кўпроқ пул топа бошладик. Албатта, ҳаммасига бирданига эришганимиз йўқ. Қаҳвахона бизгача узоқ вақт ишламай ётган экан, жой ҳам бир қарашда унча яхши эмасдай эди. Ва бизнинг янги мижозлар топишимизга, ном қозонишимизга тўғри келди.

Албатта, муассаса шарқ таомларига ихтисослашганди. Тез орада сомса, палов ва шўрва янги мижозларнинг севган таомларига айланди. Дастлаб қаҳвахонада фақат оила аъзолари ишлаганлар. Аммо вақт ўтган сайин даромад кўпайиб, ишчиларга маош бериш имконияти пайдо бўлгач, улар қўшимча ишчилар олганлар.

Олти йил ичида қаҳвахонада кўп нарса ўзгарди. Биринчидан, бу каби муассасалар энди Очиловларда учта, оиланинг яшаш шароити ҳам анча яхшиланган – бугунги кунда улар ўзларининг шахсий уйларида истиқомат қиладилар.

- Буларнинг ҳаммасини бошқариш осон кечмаяпти. Бу тўқсонинчи йиллардагидан ҳам кўра каттароқ масъулият юклайди, - деб ҳисоблайди Одил. – Бугунги кунда жамоамиз сони қарийб йигирма кишига етган. Уларнинг ҳаммаларига ойлик бериш керак, ҳар ойда ижара пули тўлаш керак. Бунинг устига, оила эҳтиёжлари ҳам йилдан-йилга ошиб бораяпти. Айтсам ишонмайсиз, аммо яқин-яқингача биз хотиним билан дам олиш ҳақида ҳатто ўйламаганмиз ҳам. Фақат иш, иш... Лекин вақт ўтиши билан ҳаммаси ўзгараяпти ва биз “оқ” одамлардай яшай бошлаяпмиз, - дейди кулиб оила бошлиғи.

Айни пайтда юқори даромад ҳам ҳал қила олмайдиган ташвишлар пайдо бўлган.

- Менинг Нигорам... У 25 ёшга кириб қолди, – дейди енгил хўрсиниш билан Меҳриниса. – У чиройли, ақлли ва ўқимишли қиз. Бу ерда унга муносиб киши чиқмаяпти. Ахир Новосибирскка асосан гастарбайтерлар келадилар-да. Биз эса ўз қизимизни қурувчи ёки савдогарга узатмоқчи эмасмиз.

Новосибирскдаги ишлар яхшилигига қарамасдан, Меҳриниса ва унинг эри ватанга қайтиш ниятидалар. У ерда ўз ишларини очмоқчилар, яхши уй сотиб олмоқчилар.

- Ахир бу ерда бир умр қололмаймиз-ку? Бу ердаги қиш одамни қийнаб ташлайди, соғлигингизни йўқотасиз. Буларни эса болалар бошқарадилар, улар энди катта бўлиб қолишди, - дея мулоҳаза юритади Одил Очилов.

- Агар қанақадир байрамларга, тадбирларга йиғилсак, эллик кишича тўпланса керак. Яъни бу ердагиларнинг ҳаммаси қариндошларимиз. Уларнинг ҳаммалари ишлайдилар! – дейди Меҳриниса. – Ўзбекистонда эркаклар қолмади, у ерда фақат аёллар, болалар ва қариялар қолганлар. Қизларни турмушга берадиган одам йўқ! Турмушга чиққанлари эса барибир эрсиз яшаяптилар, чунки улар ҳам Россияга пул топиш учун кетганлар ва болалари қандай катта бўлаётганларини кўрмайдилар. Яхшиямки, бизнинг оилада бунақа эмас. Биз ҳаммамиз биргамиз.