06:32 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Александр Князев: “Агар Қулов халқ генералига айланса, у ҳолда Бакиев Ақаевга қўшни бўлади...”

27.10.2006 21:02 msk

Бек Ўмаров (Бишкек)

Александр Князев. "Фарғона.Ру" АА фотоси

Қирғизистон-Россия (Славян) Университети доценти ва сиёсатшунос Александр Князев “матрешкагейт”, янги “ислоҳотчилар инқилоби”, қирғиз миллиятчилиги ва ҳоказолар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашади.

Фарғона.Ру: - Варшава аэропортида ичига банг моддалари солинган матрешка билан қўлга олинган Қирғизистон парламенти депутати Ўмурбек Текебаев билан боғлиқ воқеа нуқтаи назаридан расмийларнинг мухолифат билан ўзаро муносабатлари қандай ривожланиши мумкин?

А. Князев: - Бу “матрешкагейт”нинг муаллифи ким бўлишидан қатъий назар, мен буни мухолифатнинг ўз иши, деб ўйлайман. Конкрет кимнинг дейсизми? Бу “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати командасидан хафа бўлган аъзолардан биров бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси ҳозирги президент Қурмонбек Бакиевга қаратилган ва шунга мувофиқ равишда, Бакиевнинг ўзи ҳам ёки Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари лавозимини эгаллаб турган унинг укаси Жаниш ҳам бу ишга аралашган бўлишлари мумкин эмасди. Буларнинг ҳаммаси ўта жўн ва соддадир. Ахир далил йўқ-ку.

Мамировнинг (“Манас” аэропортининг вице-президенти – “Фарғона.Ру”) ўзини тутиши ҳам ғалати. У гоҳ бир хил кўрсатма беради, гоҳ ундан бош тортади. Худди бир ўйин дейсиз. Аввал у МХХ терговчиси кабинетида тушунтириш хати ёзади. Кейин бу хатнинг асл нусхаси ғойиб бўлиб, Бош прокуратурадан чиқади. Ўз навбатида, Бош прокурор бу қоғозни парламентга элтиб беради.

Фарғона.Ру: - Қирғизистонлик сиёсатчилар бу жанжалнинг изларини Қозоғистондан топишга уринаяптилар. Улар қирғизистонлик депутатлар комиссияси қанақадир ҳаракатларни амалга ошириши учун Қозоғистон парламентига талабнома ҳам юборганлар. Бу нимани англатади?

А. Князев: - Бу ишда қозоқларнинг қўли борлигига ишонмайман. Гўё шундан кейин Қозоғистоннинг ЕХҲТда раислик қилишига рад жавобини берган эмишлар-у, энди қозоқлар шу йўл билан ўз обрўларини кўтариб олмоқчи эмишлар. Аммо мен бу воқеалар ўртасида ҳеч қандай алоқа кўрмайман. Бу мутлақо аҳмоқона фикр. Бу тахмин аксилқозоқ лоббиси томонидан илгари сурилмоқда.

Фарғона.Ру: - “Ўзбек изи” ҳақида нима дейсиз? Охирги ойларда республика жанубида ўзбек аҳолиси лидериларидан бири, Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Қодиржон Ботиров мол-мулкининг эгаллаб олиниши билан боғлиқ зиддиятлар юз берганди. Бунда қирғизистонлик расмийлар зиддиятни бартараф этиш учун қанақадир кескин чоралар кўрмагандилар. Бундан ташқари, ўзбеклар Қирғизистон расмийлари томонидан амалга оширилаётган бошқа айрим нооммабоп чоралардан норозилик изҳор қилаётгандилар. Бу ўз ҳамюртлари тақдирига менсимасдан қилинган муомалага нисбатан Тошкентнинг ўчи бўлиши мумкинми?

А. Князев: - Мен бунақа эмас, деб ўйлайман, Ўзбекистон постсовет даврида бизнинг қирғизистонлик ўзбекларга бирор марта ҳам ёрдам берган эмас. Бакиев бўлса, аксинча, Ўзбекистон билан яхши алоқалар ўрнатишдан манфаатдор. Агар Тошкентга барибир бўлса, у Қирғизистондаги ўзбек лидерлари билан дўстлашиб нима қилади?

Ўшлик ва жалолободлик ўзбекларнинг барча ташаббусларига Бакиев қарийб эътибор қилаётгани йўқ. Агар Тошкент бизнинг ўзбекларга бефарқ бўлмасайди ва Бакиев буни тушунса эди, унинг ҳатти-ҳаракатлари мутлақо бошқача бўларди.

Ҳозир ўзбекларнинг ўзлари давлатнинг заифлигидан фойдаланиб фаоллашаяптилар. Аммо давлат Бакиев ҳокимият тепасига келганидан кейин заифлашиб қолгани йўқ. У Ақаев даврида ҳам шундай эди. Аммо у пайтда буни баралла айтиш одат тусига кирмаганди. У пайтларда давлатга нисбатан муқаддас нарса деб қараш сақланиб қолганди. Ҳозир эса одамларнинг ҳаммаси ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб ётибдилар.

Ўзбекларнинг ҳозирги фаоллиги эса бор-йўғи ўз позициясини кучайтириш учун Бакиевга таъсир кўрсатишга уриниш, холос.

Фарғона.Ру: - Агар ўзбеклар ҳозирги ҳокимият уларга қарши бўлмаса-да, уларга нисбатан бефарқлигини тушунишиб, қандайдир бир мухолифатчини “тагига ётиб” олсалар-чи? Ахир бу катта куч...

А. Князев: - Қирғизистондаги этник озчиликлардан бирортасининг ҳам кимнингдир “тагига ётиб” олиши маъқулланмайди. Қирғизистон шу жиҳатдан этноцентрик мамлакатки, барча сиёсий “ҳисоб-китоблар” фақат асосий миллат гуруҳлари ва аймоқлари ўртасидагина кечади. Бошқа барчанинг сиёсатда иштирок этиши истисно қилинган.

Шу тариқа, ҳеч қандай мусбат ўзгариш бўлмайди, аммо манфий ўзгаришлар албатта бўлади. Ҳатто ҳокимиятга ўзбеклар қўллаган бирор киши келса ҳам, нима ўзгарарди? У ўзбек тилига расмий мақом берадими ёки бошқа имтиёзлар яратадими? Ҳечам бундай бўлмайди. У қирғиз миллиятчилари билан ҳисоблашишга мажбур бўлади. Худди шу нарсани рус, дунган ва бошқа миллий озчиликларга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Шунинг учун бизда юзага келган вазиятда асосий бўлмаган этнослар икки йўлдан бирини танлашлари лозим бўлади – улар ё мустақил сиёсий куч сифатида шаклланишлари керак, бу эса хавфли ва тойғоқ йўл, ёки ҳозиргидай жим ўтиришлари керак.

Фарғона.Ру: - Охирги кунлардаги воқеалар Асқар Ақаев президент бўлган пайтдаги воқеаларни такрорлаётибди. Ҳозирги мухолифат эндиликда янги президент – Қурмонбек Бакиевнинг кетишини талаб қилаяпти ва президент истеъфоси талаби билан кўп минг кишилик митинг уюштиришини айтиб таҳдид қилмоқда. Афтидан, биз нимадан бошлаган бўлсак, яна ўшанга қайтаётганга ўхшаймиз. Тарих қайталанаяптимикан?

А. Князев: - Бу ақлли тадбир эмас. Биз худди шу тариқа бошланган ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш йўлидан боргандик. Бакиев эса Оқ Уйни қўлига қурол олиб ҳимоя қилишини бир неча бор билдирганди. У қўлига қурол олиб, Оқ Уйни ҳимоя қилмайди - бунгача етиб бормайди, у ўз ҳокимиятини янада илк босқичда ҳимоя қилади.

Бошқа жиҳатдан, бунақа вазиятда Феликс Қулов ўзини қандай тутиши муҳим. Агар Қулов ҳали ҳам ўзининг президентлик ҳою-ҳавасларидан кечмаган бўлса, президентнинг мухолифат билан бўладиган ҳар қандай конфронтацияси у учун жуда манфаатли бўлади. Айниқса, агар Бакиев конфронтациянинг қайсидир босқичида митингчиларни ўққа тутиш ҳақида буйруқ берадиган бўлса... Қулов, таъкидлаб айтаман, бунақа муҳтамал вазиятда ИИВга халққа қарата ўқ отмасликни сўраб мурожаат қилиши мумкин. ИИВ бу илтимосни бажариш эҳтимоли жуда катта... У ҳолда Қулов халқ генералига айланади, Бакиевнинг эса Россия базасига қочиб, Москвадан Ақаевга қўшни бўлишни илтимос қилишдан бошқа чораси қолмайди...

Тахмин сифатида бунақа вариант мутлақо бўлиши мумкин. Ҳар қанақа конфронтацион вазиятни пайдо қилиш, бу ташаббус кимдан чиқишидан қатъий назар, бугунги кунда шахсан Бакиевга қарши қаратилгандир.

Фарғона.Ру: - Интервью учун катта раҳмат. Бакиев қўлига қурол олиб, Оқ Уйни қандай ҳимоя қилишини кўрмаймиз, деб умид қиламиз. Ҳокимият ва мухолифат умумий тил топа олишига, Қирғизистон эса даҳшатли фуқаролар урушини бошдан кечирган Тожикистон кўрган кунларни кўрмаслигига ишониб қоламиз.