20:52 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Демократик қадриятларми ва ё иқтисодий прагматизм? ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан санкциялари бекор қилиниши ҳам, кучайтирилиши ҳам мумкин

27.10.2006 16:41 msk

Қ. Нордонов

Сўнгги ойлар мобайнида Европа Иттифоқининг эътиборли делегациялари Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрганлар. Бу ташрифларнинг ҳаммаси маҳфий бўлган: уларнинг бирортаси ҳам Ўзбекистон матбуоти саҳифаларида ёритилмаган, Европа ОАВ эса бўлиб ўтган музокаралар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлмаган ҳолда фақат юзаки маълумот бериш билан чекланганлар. Бу музокаралар натижаси 13-14 ноябрь кунлари Брюсселда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар вазирлари Кенгаши мажлисида эълон қилинажак хулосалар бўлади.

Кун тартибидаги асосий масала: Ўзбекистонга нисбатан қўлланилаётган жазо чоралари ўз кучида қоладими ёки қайта кўриб чиқиладими қабилидаги саволдир. Эслатиб ўтамиз, ЕИ 2005 йил май ойида Андижонда аксилҳукумат исёнини шафқатсиз бостирилиши бўйича ўз позициясини изҳор қилароқ, бу мамлакат билан ҳарбий савдо-сотиқ соҳасида ҳамкорликка чекловлар жорий этган ва юқори лавозимли тошкентлик ўн икки амалдорга Европага киришни маън этиб қўйганди.

Вашингтон ва Брюссель Андижон воқеаларига гувоҳ бўлган кишилар, шунингдек, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукумат қўшинлари отган ўқлардан юзлаб эркаклар, аёллар ва болалар ҳалок бўлганларини маълум қилганларидан сўнг, Ўзбекистон билан юқори даражадаги алоқаларни тўхтатиб қўйгандилар.

Октябрь ойи ўрталарида ғазабга дучор бўлган мамлакатга Холгер Хайбах (Holger Haibach) бошчилигидаги Германия парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитети делегацияси ташриф буюрганди. Uznews.netга берган интервьюсида Хайбах Андижон воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятда ўнгланиш кўрмаганлигини ва Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари тартибининг сақлаб қолинишини тавсия қилишини билдирганди. “Санкциялар Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган вазиятни яхшилашга ваъда қилганида эмас, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволида жиддий, сезиларли ўзгаришларни кўрганимиздан кейин бекор қилиниши лозим”, - деганди Холгер Хайбах Тошкентдан Берлинга қайтгач.

Хайбахга кўра, делегация аъзолари Ўзбекистон 2005 йил май ойида Андижонда содир бўлган воқеалардан бери инсон ҳуқуқлари жабҳасида ҳеч қандай ўнгланишга эриша олмаганлигига шахсан гувоҳ бўлганлар. Улар ҳатто Ўзбекистон махсус хизматлари вакилларининг маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларини назорат қилаётганларини ҳам кўрганлар. Бундай шароитда, Хайбахнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати Германия билан яқин алоқалар фақат бир қатор тавсиялар бажарилганидан кейингина мумкин бўлажагини тушуниши керак.

Бу каби тавсиялар ичида 2005 йил май ойидаги “Андижон воқеалари”ни мустақил текширувдан ўтказиш масаласи ҳам бор. Хайбахга кўра, бундай текширувсиз Ўзбекистон Германия билан яқинлашишга умид қила олмайди. Бироқ мустақил экспертлар санкция масаласида гуманитар муаммолар эмас, иқтисодий муаммолар асосий роль ўйнаши мумкинлигини тахмин қилаяптилар.

ЕИнинг ташқи ишлар бўйича Олий комиссарининг матбуот котиби Кристина Галлах Евроиттифоқ Ўзбекистонда ижобий ўзгаришларни ҳали кўрмаганлигини айтади. “Биз вазиятни баҳолаяпмиз, аммо мен бу муддат ичида кўришни истаган нарсаларни кўрмаганлигимизни айтишга мажбурман”, - деди Кристина Галлах (Cristina Gallach) Uznews.netга берган интервьюсида. Шунга қарамай, Солананинг матбуот котибига кўра, Евроиттифоқ Марказий Осиё минтақасида ўз ҳозирлигини ривожлантиришга астойдил қизиқаяпти. Шу мақсадда шу ой бошида Хавьер Солана ЕИнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янги вакил тайин қилган, бу вакил - Пьер Морелнинг вазифалари ўз салафиникидан анча фарқ қилади.

Ўтган ҳафтада ЕИнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел (Pierre Morel) бошчилигидаги эътиборли делегация Тошкентда бўлди. Бу делегация, жумладан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан ҳам учрашди.

Uzmetronom.com сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон европалик ҳамкорларга қўйган шартлар умуман сир эмас: Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга “тегмаслик”, Андижон воқеаларини ҳамда ушбу мамлакат расмий тузилмаларининг бу воқеаларга нисбатан муносабатини унутиш, шунингдек, Европа Иттифоқига кириши маън этилган ўзбекистонлик 12 мансабдор шахс рўйхати ҳақида унутиш.

Тошкентлик мустақил журналист ва эксперт Сергей Ежковнинг фикрича, Европа Ўзбекистонда демократик эркинликларнинг ҳимоя қилиниши жабҳасидаги ўзгаришлар йўқлигига қарамай, бу мамлакатнинг барча шартларини қабул қилишга мажбур бўлган. “Европа минтақада [Марказий Осиёда] Россия, Хитой ва Эроннинг таъсири кучайиб кетишидан ўлгудай қўрқади, шунинг учун ҳам ҳозирликнинг ҳар қанақа шартига тайёр. Ўзбекистон расмийлари ҳам ютуқда қолмоқдалар, чунки улар мамлакатни чекланган сиёсий изоляциядан олиб чиқиб кетмоқдалар: Ўзбекистонга Европа сармоялари, Европа капитали ва Европа ақллари керак”, - дейди Ежков.

Европанинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга амалий жиҳатдан қизиқаётгани ҳам равшан. Андижон воқеаларидан бир йил ўтгач, геоиқтисодий векторларнинг кўпи ўз йўналишини анча ўзгартирди. Россиянинг энергетика жабҳасида фақат ўз манфаатларини ҳимоя қилишини тушунган Европа Иттифоқи нефть ва газ етказиб бериш бўйича манбалар диверсификацияси имкониятларини қидиришга тушади.

ЕИ ва Ўзбекистон музокараларини ўраб турган сир пардаси битишаётган томонларнинг бирортаси ҳам Москва олдида ўз қарталарини муддатдан олдин очмоқчи эмаслиги билан изоҳланади. Европа “Путин газ монополизми”дан қўрқаяпти ва Россия билан энергетик битим имзоланиши арафасида усталик қилаяпти. Гарчи Россия ўтган йили Ўзбекистоннинг “энг стратегик” ҳамкори бўлганига қарамасдан, Тошкент ҳам ўзининг Европа билан яқинлашиш режаларидан Кремлни хабардор қилмасликка интилмоқда.