17:00 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон пойтахтида эски-туски кийим сотадиган дўконлар кўпаймоқда

27.10.2006 15:26 msk

Алексей Волосевич

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
“Second-Hand” (сўзма-сўз таржимада “иккинчи қўл”) – бу аввал истеъмолда бўлган, нархи туширилган ёки маълум бир муддат ичида дўконларда сотилмай қолган нарсалар, кийим-кечак ва пойабзаллардир” - касса ёнидаги эълонга ана шундай сўзлар ёзилган. “Сэконд Хэнд” кийим-кечак Европадан келтирилган янги кийим-бошдан яхшироқ бўла олмайди, аммо у Хитойда ишлаб чиқарилган янги арзон кийим-кечакдан ШУБҲАСИЗ яхшироқдир”, - дея аниқлик киритилади қуйироқда.

Дўкон остонасидан киришингиз билан димоғингизга нафталиннинг ўткир ҳиди урилади. Бу шунга ўхшаш савдо муассасалари учун хос бир хусусиятдир. Кийим-кечак сотилишидан аввал унга санитария ишлови берилади ва дезинфекция қилинади, шундан сўнг унга турли-туман кимёвий воситалар сепилади. Натижада хонада ўткир ҳид ўрнаб қолади.

Савдо ассортименти иссиқ курткалар, кўйлаклар, жинсилар, кофта ва свитерлардан иборат. Олдингилари узун илгичларга илиб ташланган, бошқа кийимлар эса шунчаки катта кажаваларга солиб қўйилган. Ашёнинг энг кўпини болалар кийими ташкил қилади. Бу ерда ҳатто кимёвий моддалар бўйини таратган юмшоқ ўйинчоқлар ҳам бор. Шу ўринда ҳозир ҳам Тошкентнинг баъзи биноларини безаб турувчи совет замонидан қолган “Ҳамма яхши нарса – болаларга” шиори ёдга келади...

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Бу дўкон мисолида кийилган кийим савдоси анча дадил кетаётганини кўриш мумкин. Ҳар дақиқада янги мижозлар пайдо бўладилар. “Ассортиментимиз нарсаларнинг сотилишига қараб янгиланади”, - дея маълум қилди менга кассир аёл. Кейин бирпас ўйланиб туриб: “Ҳар икки-уч кунда”, дея қўшиб қўйди.

Бундай дўконлар бугунги кунда пойтахтнинг Юнусобод, Чилонзор, Қорасув ва бошқа мавзеларида қўзиқорин сингари кўпайиб бормоқда. Юнусобод марказида айланиб юрарканман, 8 та дорихона ва 4 та “Сэконд Хэнд” дўкони санадим – уларнинг учтаси охирги йилда очилган. Қиёслаш учун қайд этаманки, шу вақт ичида янги кийим-кечак билан савдо қилувчи бирорта ҳам дўкон очилмаган. Умуман олганда, шаҳар марказида янги кийим-бош сотадиган дўконлар кўп очилмаяпти – йилига ўн-ўн бештагина очилаяпти, холос. Расмийлар нимагадир бунга қаршилик қилаяптилар – қарийб уч миллион одам истиқомат қиладиган Тошкентда кийим-кечак ва пойабзал сотадиган фақат бир неча дўкон ва йирик универмаглар бор бўлиб, қолган савдо-сотиқ кийим-кечак бозорларига сиқиб чиқарилган. Аммо эндиликда “Сэконд Хэнд”лар пайдо бўлмоқда...

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Юнусобод “Универсам”ида жойлашган шу тоифадаги яна бир дўконга кираман. Ичкари жуда гавжум, айниқса, фақат ўзларигагина эмас, болаларига ҳам кийим танлаётган аёллар кўп. Зал ўртасидаги саватларда ҳар турли нарсалар уюлиб ётибди. Харидорлар уюлиб ётган кийимларни диққат билан кўздан кечираётибдилар. Бу ердаги моллар кўпроқ килолаб сотилади. Масалан, жинсининг килоси 7 минг сўм ($5,6), свитерлар - 8 минг сўмдан ($6,5), қишки курткалар донаси 15 минг сўмдан ($12), дубленкалар 30 минг сўмдан ($24) сотилаяпти.

Бировнинг энгида бўлиб кўрган кийим-кечак сотилувчи кейинги дўкон “Универсам”дан икки юз метр нарида жойлашган. Савдо зали ичи моллар тўла каттакон целлофан қоплар билан тўлдириб ташланган. Деворларга курткалар, пальтолар ва бошқа иссиқ кийимлар илиб ташланган. Бу ерда ҳам молларни, асосан, килолаб сотадилар.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
“Second-hand гуманитар ташкилотлар томонидан олинадиган ва кейин ноқонуний равишда сотиладиган инсонпарварлик ёрдами экани ҳақидаги миш-мишлар мутлақо асоссиздир”, - бу ўша дўкондаги эълонларнинг яна биридир.

Бу каби дўкончаларнинг пайдо бўлишига қараганда, Ўзбекистон кийилган кийимни сотиш учун даромадли бозорга айланиб бормоқда. Умуман олганда, булар эски-туски кийимлар бўлиб, уларга талабнинг катталиги ўзбекистонликларнинг янги кийим сотиб олишга қурблари етмаётганидан далолат беради. Шуни айтиш керакки, “сэконд хэнд” харидорлари ичкиликбоз, инсоний қадр-қиймати йўқотган одамлар эмас, булар ўрта қатлам, булар ишлаётган, ўқиётган, болаларини катта қилаётган ва ота-оналарига қараётган оддий шаҳарликлардир. Шунчаки бугун улар шундай аҳволдаларки, янги кийим, ҳатто Хитойнинг кенг истеъмолчилар оммасига мўлжалланган моллари ҳам ортиқча ҳашам бўлиб кўринаяпти.

Битта-иккита боласи бўлган ўртача оила ўз даромадларини асосан энг зарур эҳтиёжларга – озиқ-овқат, йўлкира, коммунал хизматларга сарфлайди. Улар янги нарса олишдан аввал уч карра ўйланишга мажбурлар. "Сэконд Хэнд”да эса буюмларни арзон-гаров олиш мумкин. Шу тариқа, кўнгилдаги бироз ғашликни енгиб, яқин орадаги "Сэконд Хэнд” кириб чиққан оила иссиқ кийимларни ғамлаб олиб, яқинлашаётган қишдан эсон-омон чиқиб олиши мумкин.

Эслатиб ўтиш ўринлики, бир неча йил аввал истеъмол молларига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган солиқлар қўйган ўзбекистонлик расмийлар бу чора-тадбирларнинг ҳаммаси ўзбекистонликларни сифатсиз ва сертификатланмаган импорт кийим-кечаклар сотиб олишдан ҳимоялашга қаратилганлигини билдиргандилар. “Сэконд Хэнд”ларнинг шиддат билан тарқалаётгани эса бу кампаниянинг ўзига хос натижасидир. Одамлар ўзларига нимадир харид қилиш учун сифатга ҳам, бошқа кўп нарсаларга ҳам кўз юмишга тайёрлар. Бу эса Ўзбекистонда эски-туски сотадиган дўконлар сони келгусида фақат ошишини англатади.



 

Реклама