22:15 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Бакиевни ватанида қўллаяптилар, аммо ўта кўнгилчанглиги учун ундан ўпкаламоқдалар

26.10.2006 16:35 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Кеча, 25 октябрь куни Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг Жалолобод вилоятига иш сафари бўлиб ўтди. Мамлакат президенти ўз ватанида вилоят аҳли билан бир неча учрашувлар ўтказди ва қатор корхоналарга ташриф буюрди.

Президентнинг иш сафари Бозорқўрғон туманига қарашли Чорвоқ тоғли қишлоғида жойлашган мактабга ташриф буюриш билан бошланди. Мактаб 1928 йилда собиқ қамоқхона биносида очилганди. Унда ўқиш ўзбек тилида олиб борилади. Янги ҳокимият даврида 200 ўқувчига мўлжалланган қўшимча корпус қурилиши якунланган. Мамлакат президенти мактабга мебель совға қилди, 100 минг сўм (2,5 минг АҚШ доллари) миқдорида моддий ёрдам кўрсатди. Президентлик сайловларида қишлоқ аҳлининг қарийб ҳаммаси Қурмонбек Бакиев учун овоз бергандилар.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Шундан сўнг давлат раҳбари Бозорқўрғон туманидаги Ўўғанталаа қишлоғи аҳолиси билан учрашди. Президент мамлакатдаги сиёсий беқарорлик (истиқрорсизлик) Қирғизистонга ҳозиргидан кўра кўпроқ сармоя жалб қилишга имкон бермаётганини қайд этди. “Сармоядорлар мамлакат иқтисодиётига миллиардлаб долларлар ётқизишга тайёрлар, улар бизнинг мамлакатда барқарорликни нақадар таъмин эта олишимизни тушунишга уринишиб, бизни кузатаяптилар”, - дея қайд этди президент.

Мухолифатнинг ҳукуматни истеъфога кетказиш талабларини изоҳлай туриб, Қурмонбек Бакиев бундай қарор қабул қилишга асос йўқлиги айтди. У мамлакатдаги сиёсий шароитнинг мураккаблигига қарамасдан, Қирғизистон ҳукумати муаммоларни анча муваффақиятли ҳал этаётибди, деб ҳисоблайди. “Улар бор-йўғи бир ярим йилдан бери ишлаяптилар, - дея қайд этди президент, - уларга ўзларини кўрсатиш учун вақт ва имконият бериш лозим”. Шунингдек, у ўтган йили мамлакат бўйлаб ёйилган митинг ва пикетларга қарамай, мамлакат раҳбарияти иқтисодий бўҳронга йўл бермаганини эслатиб ўтди.

Сўнгра президент Бакиев “Жалалабатэлектро” ОҲЖ ва минтақадаги энг истиқболли корхоналардан бири “Лима-Текс пахта корпорацияси” МЧЖга ташриф буюрди. Корхона ўн тўрт ярим миллион евролик устав сармоясига эга бўлиб, у тўлалигича россиялик мулкдорлар тасарруфидадир.

Жалолобод шаҳрида ўтган вилоят фаоллари ва аҳоли билан учрашув чоғида жанубликлар давлат раҳбарига мухолифатда бўлган ҳамда Бакиев-Қулов тандеми истеъфосини талаб қилаётган парламент депутатлари ва мухолифат ҳақидаги масалани кўтардилар. Шу муносабат билан сўзга чиқувчилар оғзидан “президент ва ҳукуматнинг тинчгина ишлашига йўл бермаётган” парламентни тарқатиб юбориш чақириқлари янгради. Март инқилоби лидери, оқсоқол Мақамбай Ўмуралиев давлат раҳбарини ўз мухолифларига нисбатан ўта юмшоқ муомалада бўлаётганини айтиб, ўпкалади. “Сизнинг ўз мухолифларингизга нисбатан кўнгилчанлигингиз баъзан аччиғимизни чиқаради”, - деди оқсоқол.

Узоқ Олабуқа туманидан келган нафақахўр, этник ўзбек Абдураҳмон Ҳасанбоевнинг яккахон чиқиши жуда таъсирли бўлди. Унинг соф қирғиз тилидаги узун нутқини йиғилганлар регламентга риоя қилинишини талаб ҳам қилмай тингладилар. Шодон хитоблар, кулгу ва чапаклар унинг сўзлари жалолободликлар қараши билан ҳамоҳанг эканини билдириб турарди.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Ҳасанбоев мамлакатга фақат президентлик бошқаруви лозимлигини қайд этди. Мухолифатнинг мамлакатда парламент бошқарувини жорий қилиш ҳақидаги талабини эслатаркан, у шундай деди: “Депутатларимизда ҳатто оддий аҳлоқ ҳам йўқ. Энг жўн масалаларда ҳам ўзаро келиша олмаётган бунақа депутатлар мамлакатни қандай қилиб бошқарадилар?”

Учрашувни якунлар экан, Қурмонбек Бакиев Жўғўрқу Кенешда мамлакат фаровонлиги учун ишлаётган депутатлар кўпчиликни ташкил қилгани учун ҳам парламент тарқатиб юборилмаётганини айтди. “Мен етти-саккиз кишини деб бошқа депутатлар, уларнинг сайловчилари жабр тортишини истамайман. Шунинг учун ҳам мен мамлакат президенти сифатида бунга сабр қилаяпман”, - деди Бакиев.

Шунингдек, давлат раҳбари ноябрь ўрталаригача парламент конституцион ислоҳот бўйича бир қарорга келиши кераклигини қайд этди. Аммо бу иш амалга ошмаса, у ҳолда Бакиев декабрь ойига референдум тайин қилади ҳамда унга мамлакатдаги бошқарув шакли ва конституцион ислоҳот ҳақидаги масалани олиб чиқади. Давлат раҳбарига кўра, референдум кун тартибига ҳозирги парламентни сақлаб туришнинг нақадар мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масала ҳам киритилиши мумкин.

Учрашув сўнгида давлат раҳбари ўзининг маҳаллий раҳбарлар ишидан мамнун эканини қайд қилди.

Бугун Қирғизистон президенти Жалолободдан Боткен вилоятига жўнаб кетди. У ерда Қ. Бакиев Қизилқия шаҳридаги цемент заводи тамалини қўйиш маросимида иштирок этишни ва вилоят аҳли билан учрашишни кўзда тутган.