10:46 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Тинчлик водийси” НҲТ тармоғи вакиллари ўз фаолиятлари нотўғри талқин қилинаётгани ҳақида билдирмоқдалар

25.10.2006 09:42 msk

Султан Артиқов, Фарғона.Ру

Яқинда Ўзбекистон минтақавий сиёсат жамғармасининг экспертларидан бири Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг қатор ноҳукумат ташкилотларини халқаро экстремистик ташкилотларга истихборат (разведка) характеридаги маълумот йиғишда кўмаклашаётганликда айблаганди. У ўз тахминини “Тинчлик водийси” ноҳукумат ташкилотлари тармоғини тузишда молиявий ёрдам кўрсатган Дания Қочоқлар Иши бўйича Кенгаши (Danish Refugee Council) фаолияти мисолида исботлаганди. Ўзбекистонлик эксперт “Тинчлик водийси” Фарғона водийсидаги халқаро чегара ўтказиш жойлари ва масканларини батафсил ўрганиш билан шуғулланган ва бу маълумотлар минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринувчи экстремистик гуруҳлар қўлига тушиб қолиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Бироқ НҲТ вакилларининг ўзлари улар фаолиятини бу каби талқин этилишига қарши эътироз билдирадилар. “Тинчлик водийси” Фарғона водийси НҲТ тармоғи Мувофиқлаштирувчи кенгашининг аъзоси Рая Қадирова “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига уларнинг тармоғи 2003 йилда етакчи НҲТ ташаббуси билан тузилганлиги ва унинг дастлабки миссияси Фарғона водийси минтақасида тинчлик, ўзаро чидамлилик ва ҳамкорликка эришишга кўмаклашув бўлганлигини маълум қилди.

- Таъкидлаш жоизки, “Тинчлик водийси” доим ўз фаолиятини фуқаролик жамияти вакиллари билан бўлганидек, давлат тузилмалари билан ҳам консультациялар асосида олиб боришни устивор йўналиш ўлароқ белгилаган, - дея таъкидлайди Р. Қадирова. – Тармоқнинг асосий принципи устивор вазифаларни белгилашда ҳомийларга қарам бўлмаслик бўлиб ҳисобланади, бунга Тармоқ донори - Дания Қочоқлар Иши бўйича Кенгаши ҳам доим рози бўлган.

Шунингдек, Рая Қадирова ўзбекистонлик эксперт ўз мақоласида ишорат берган мониторинг натижалари Фарғона водийси дохил ҳар уч мамлакатнинг ҳукуматлари учун ҳам мўлжалланганини ҳам таъкидлади.

Тармоқ вакиллари НҲТ Тармоғи иши натижасига ўзбекистонлик эксперт томонидан бу қадар нотўғри талқин этилганига таассуф изҳор қиладилар, чунки НҲТ Тармоғи ўзининг бутун иши давомида Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам давлат тузилмалари вакиллари билан мунтазам консультациялар олиб борган.

- Мониторинг натижалари ҳисобот шаклида тузилган бўлиб, ундаги маълумотлар эълон қилиниши олдидан Фарғона водийси дохил барча мамлакатлар чегара ва божхона хизматлари вакиллари билан муҳокама этилганди, - дейди Тармоқ Котибияти аъзоси Анара Егиналиева. – Бунинг учун Хўжанд, Ўш ва Фарғона шаҳарларида Тармоқ аъзоларининг чегарачилар ва божмонлар вакиллари билан учрашувлари ва консультациялари ўтказилган. Шунингдек, қайд этиш лозимки, мазкур хизмат вакиллари ҳисоботнинг охирги версиясини биринчи бўлиб олганлар.

- Афсуски, жамғарма эксперти фаолиятимиз ҳақида биздан изоҳ сўраб мурожаат қилмади, - дейди Тармоқ Мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоси Фаррух Тўраев. – Экспертнинг НҲТ истихборат характеридаги ахборот йиғиш билан шуғулланганлари ҳақидаги мулоҳазаси реал фактларга асосланиши керак эди, умумий характерга эга ахборотни акс эттирган ҳисобот эса бунақа факт бўлолмайди.

Аслини олганда, ҳисоботларда акс этган ахборот ҳечам маҳфий маълумот бўлиб ҳисобланмай, Фарғона водийсидаги бутун аҳоли бу маълумотлардан яхши хабардор.

Ушбу сатрлар муаллифи “Тинчлик водийси” НҲТ Тармоғи фаолиятини акс эттирувчи 2004 йилдаги ҳисоботи билан танишганида ҳужжат ҳақиқатан ҳам жуда муҳим, аммо истихборат характерига эга эмас, балки умуммаълумотларни қамраганига амин бўлди. Масалан, Фарғона водийсидаги қайси бир одам Ўшдаги “Дўстлик-Дўстук” ўтказиш пункти яқинида “85” деб аталмиш машҳур ноқонуний айланма ўтиш пункти мавжудлигини билмайди дейсиз? Интернетда водийдаги давлатлараро чегараларни кесиб ўтиш бўйича қарийб барча машруъ ва ғайримашруъ ахборот тўлиб ётибди. 2004 йилда “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги сайтида ҳатто ғайримашруъ ўтказиш пунктлари ҳақида бутун бошли фоторепортаж чоп қилинганди.

Чамаси, “Тинчлик водийси” НҲТ Тармоғига аъзо ташкилотлар Фарғона водийсидаги чегараларни кесиб ўтиш бўйича қонунбузарликлар муаммосини долзарблаштиришга ҳаракат қилган кўринадилар, ўзбекистонлик эксперт эса уларни истихборат билан шуғулланган, деб ўйлабди.

Шу ўринда, эксперт ўз мақоласига асос ўлароқ “Тинчлик водийси” тармоғининг уч йил аввалги – 2004 йилги ҳисоботини асос қилиб олгани ғалати туюлади. Бу нима – экспертга “кечроқ етиб бориши”нинг аломатими ёки у эски сана билан “бопламоқчи”ми?..

Муаллиф ҳақида: Султан Артиқов – “Салам” радиостанциясининг ижрочи директори (Боткен, Қирғизистон)