07:42 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Чимкентда миллий озчилик вакилларининг “Дўстлик” фестивали бўлиб ўтди

24.10.2006 16:52 msk

Меҳрибон Бекиева, Чимкент

“Дўстлик” фестивали Жанубий Қозоғистондаги “Интимоқ” (Иттифоқ) миллатлараро маданий марказ томонидан ташкил қилинди. “Интимоқ” маркази ҳар йили турли хил тадбирлар уюштиради. Лекин фестиваль кўринишидаги тадбир вилоятда илк бор ўтказилаётир.

“Вилоятимизда турли миллат ва элат вакиллари дўстлик, ҳамжиҳатликда яшайди. “Дўстлик” фестивалини ўтказишдан мақсадимиз миллий озчилик вакилларининг тили, маданияти, миллий урф-одатларини сақлаб қолишга кўмаклашишдан иборат. Ўйлаймизки, ушбу тадбир орқали уларнинг ўзаро иноқлиги янада мустаҳкамланади», - дейди “Интимоқ” маркази раиси Лиза Баянқулова.

Жанубий Қозоғистонда юздан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Қозоқлардан бошқа миллат вакиллари вилоят нуфусида 32, 2 фоизни ташкил этади. Вилоятда сон жиҳатдан олганда қозоқлардан кейин ўзбеклар(16,8 фоиз) ва руслар( 8,2 фоиз) туради. Озарбайжонлар, татарлар, тожиклар ва украинлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Вилоятда яшовчи миллий озчилик вакилларини бирлаштириш, улар муаммоларини ҳал қилинишига кўмаклашиш мақсадида 5 йил аввал “Интимоқ” миллатлараро маданий маркази ташкил қилинди.

Шу ўринда, вилоятдаги миллий озчилик вакиллари қандай яшаяпти, уларнинг инсоний ҳуқуқлари қай даражада ҳимоя қилинган деган савол туғилиши табиий. Қозоғистон Конституцияси мамлакатда яшовчи ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди. Яъни миллатидан қатъий назар ҳар бир шахс турли кўринишдаги дискриминация ҳолатларидан ҳимояланади. Расмий маълумотларга кўра, вилоятда миллатлараро муносабатларда зиддиятли ҳолатлар кузатилмаган. Маълумки, ҳар бир этнос ўзининг ҳаёт тарзи, турмуш услуби билан бир-биридан кескин фарқ қилади. Жанубий Қозоғистондаги айрим этник гуруҳлар ўзларининг миллий анъналари ва қадриятларини сақлаб келмоқдалар. Вилоятда беш юздан зиёд грузинлар яшайди.

Грузин маданият маркази бошлиги А. Порчхидзенинг айтишича, вилоятда грузинларнинг камситилиш ҳолатига ҳали дуч келмаган. “Биз грузин виноси билан тўла қадаҳни Қозоғистон келажаги учун кўтарамиз. Столни қозоқчасига дастархан, ёши улуғ қарияларимизни оқсоқол деб атаймиз”, дейди грузинча одатларнинг маълум маънода ўзгариб кетаётганлига ишора қилиб А. Порчхидзе.

Айни кунларда Қозоғистон халқлар Ассамблеяси миллий озчилик вакилларининг сиёсий ҳуқуқларини талаб қилиб чиқишмоқда. Курд диаспорасининг вакили Маликшоҳ Гасанов тадбиркорлик соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритган. Лекин у сиёсий карьера қила олмаслигидан ўкинади. “Чунки мен курдман. На парламентда, на ҳокимият идораларида бирорта ҳам курд йўқ”, - дея эътироз билдиради М. Гасанов маҳаллий телеканаллар орқали чиқишида.

Этник гуруҳлар вакилларининг парламент ва ижрочилик органларида кўпайтириш лозим деб ҳисоблайди Қозоғистон халқлар Ассамблеяси. Маълумотларга кўра, айни пайтда давлат хизматчиларининг 90 фоизи қозоқлар.

Немис миллий маданият марказининг Кентов, Тўлибий, Сайрам, Сариоғоч туманларида бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Вилоятдаги айрим мактабларда немис тилининг чет тили сифатида ўқитилиши немис болаларининг ўз она тилларини сақлаб қолишида асосий омил бўлиб хизмат қилаяпти.

Лекин вилоятдаги жуда кўплаб миллат вакилларининг фарзандлари ўз она тилларида билим олишдан маҳрумдир. Этник гуруҳларнинг таълим олиш жараёнида ҳуқуқлари бир хил эмаслигини кузатиш мумкин. Вилоятда фақатгина ўзбек, тожик ва уйғур мактаблари мавжуд. Кузатувлар шуни кўрсатадики, бу мактаблардаги аҳвол, ўқувчиларнинг дарслик билан таъминланиш масалалари қониқарли аҳволда эмас. Жанубий Қозоғистонда бир юз элликка яқин ўзбек мактабларида 90 мингдан зиёд болалар она тилларида таълим олиш имконига эгадир. Бироқ барча ўзбек мактабларида дарсликлар етишмаслиги асосий муаммолардан бири. Шунингдек, ўзбек, тожик ва уйғур мактабларининг ўқувчилари ўрта таълим олишда қозоқ болалари билан бир хил ҳуқуққа эгалар. Олий таълим олишда эса бу миллат болаларининг муаммолари кўпроқ. Чунки ўз она тилида билим олган ёшлар институтга киришда рус ёки қозоқ тилида имтиҳон топширишга мажбур бўлади. Бунинг натижасида этник гуруҳлар ўртасида тил билан боғлиқ муаммо келиб чиқмоқда.

Жанубий Қозоғистон университети профессори Ботир Норбоевга кўра, Қозоғистон мустақил бўлгач, олий ўқув даргохларидаги ўзбек тили ва адабиёти кафедралари қисқартирилган.

“Бугунги кунда ўзбек мактабларида кадрлар муаммоси вужудга келган. Бизнинг университетда ўқиётган ўзбек ёшлари ўз она тилларини чет тили сифатида ўрганишга мажбур бўлишмоқда”, - дейди Б. Норбоев.

Мамлакатда яшаётган русийзабон аҳоли ҳам тил билан боғлиқ муаммолардан азият чекаяпти. Айни кунларда рус ва славян ташкилотлари расмий ҳужжатларни қозоқ тилига ўтиш жараёнини орқага суришни сўрашмоқда.

“Интимоқ” маркази раиси Лиза Баянқулова эса “Дўстлик” фестивали миллий озчилик вакилларининг тил билан боғлиқ муаммоларига маълум маънаода ёрдам беради деб ҳисоблайди. Фестивалда вилоятдаги деярли барча миллат ва элатларнинг тилларида шеър ва қўшиқлар янгради. Турли миллатларнинг куй ва рақслари ижро қилинди. Бир қарашда фестиваль собиқ Иттифоқ давридаги махсус тадбирларга ўхшаб кетарди. Турли миллат вакиллари тилларида янграган дўстлик ва тинчликни улуғловчи шеър-қўшиқлар ва уларни олқишловчи иштирокчилар...шарлар, байроқчалар, табриклар, қарсаклар...

“Интимоқ” миллатлараро маданий маркази раиси Лиза Баянқуловага кўра, фестивалга вилоятдаги барча миллат ва элатларнинг вакиллари таклиф қилинган. Лекин фестиваль давомида фақат айрим бир миллат вакилларинигина учради.

Маълум бўлишича, тадбирда қатнашаётган турли миллат “вакиллари”нинг асосий қисми Чимкент шаҳридаги 3-сонли мактаб ўқувчилари экан. Мактабда “Интимоқ” марказининг бўлими ташкил қилинган бўлиб, мактаб ўқувчилари фестивалга астойдил тайёргарлик кўришган. Ўзбек қизи Комила Эрматова фестивалда “араб қизи” тимсолида қатнашади. Комила араб тилида шеър ёдлаган. Унга махсус арабча либос тиктиришган.

Ўқувчиларнинг мураббийси Илмира Эрматованинг айтишича, улар 12 миллат вакилларининг либосларини тайёрлашган.

“Биз жуда кўп изландик. Вилоятимизда яшовчи турли миллат вакиллари билан учрашиб, уларнинг урф одатларини, миллий анъаналарини ўргандик. Бу нарса ёшларимиз учун зарур. Уларда бошқа миллат вакилларига нисбатан муҳаббат уйғонади”, дейди И. Эрматова.

Суҳбатдошимизга кўра, улар миллий озчилик вакиллари билан учрашган пайтда кўпчиликнинг ўз миллатини яширишга ҳаракат қилганларига гувоҳ бўлишган.

“Негадир одамлар ўзининг қайси миллат вакили эканини айтишни хоҳламайди. Балки бу уларга нисбатан узоқ йиллар давомида ҳеч қандай эътибор бўлмаганлиги учундир”, - дейди И. Эрматова.