17:38 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда рус тили расмий мақомдан маҳрум бўлмоқда. Бунга мамлакат фуқаролари розимилар?

23.10.2006 14:53 msk

Евгения Захарова, Фарғона.Ру

Қирғизистон мамлакат янги Конституциясини қабул қилиш арафасида турибди. Қирғизистон раҳбариятининг турли мақомларда бўлган мутахассислари томонидан Асосий қонуннинг уч лойиҳаси ишлаб чиқилган. Уларнинг биронтасида ҳам рус тилининг расмий мақоми сақланмаган, уни миллатлараро мулоқот тили даражасига тушириш таклиф этилмоқда. Бу орада, “Евроосиё тадқиқотлари институти” тараққиёт жамғармаси буюртмасига кўра ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, она тиллари қирғиз тили бўлган респондентларнинг 81,5 фоизи рус тилининг расмий мақомдан маҳрум этилишига қарши фикр билдирганлар. Қирғизистонда яшовчи бошқа миллат вакиллари ҳам ана шундай фикрдалар.

Бугунги кунда Қирғизистон аҳолисининг 80 фоизи рус тилида гапиради. Бу аҳвол Қирғизистон расмийларини, хусусан, конституция янги лойиҳаларидан бирини тайёрлаган ишчи гуруҳ раҳбари бўлган Жўғурқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Азимбек Бекназаровни қониқтирмайди. Парламент аъзоси қирғиз тилини ҳимоя қилиш шарт, деб ҳисоблайди.

Зиёли Асқар Ақаевич ўрнига Қирғизистонни қатъиятли Қурманбек Салиевич бошқармоқда, бир мухолифат иккинчисининг ўрнига келди, ҳаводан навбатдаги инқилоб бўйи келмоқда. Албатта, ҳаёт енгилроқ бўлиб қолгани йўқ. Айниқса, русийзабон аҳоли учун. Жой-жойларда маиший миллатчилик аломатлари кўринаяпти.

Мамлакатда рус тилидан расмий мақомни олиб қўйишлари ҳақида миш-миш тарқалганидан кейиноқ аҳоли ўртасида ваҳима бошланди. 2007 йилдан бошлаб Қирғизистондаги барча иш юритиш қоғозлари давлат тилига ўтказилиши ҳақида маълум бўлганидан кейин эса миграцион оқим кескин кучайди.

Яқинда эса Азимбек Бекназаров рус тилини расмий тил қилиб бўлмаслигини расман билдириб, оловга мой сепгандек бўлди.

- Қирғиз тили ва халқининг келажаги ҳақида ўйлаш керак, рус тили ва халқининг келажаги ҳақида эмас. Агар биз миллат ва давлат сифатида сақланиб қолишни истасак, ягона давлат тилини қабул қилишимиз керак. Қирғиз тили ва қирғиз халқини сақлаб қолиш учун бор куч-ғайратни аямаслик керак. Рус тили эса БМТ тилларидан бири бўлиб ҳисобланади. Биз уни давлат тили сифатида қабул қилсак ҳам, қабул қилмасак ҳам, у яшайверади, - дея билдирди А. Бекназаров.

Бекназаровга бу масалада Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов қарши чиқди.

- Мен рус тили Қирғизистонда расмий мақомдан маҳрум бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайман. У фақат сиёсий мулоҳазалар сабабли эмас, инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳам ўзининг ҳозирги мақомида қолиши керак. Мамлакатдаги фуқароларнинг катта қисми рус тилида таълим оладилар. Агар очиғини айтсак, рус тилидаги китоблар сифатини қирғиз тилидаги китоблар савиясига солиштириб бўлмайди. Аммо она тилини ҳам ҳечам унутиш керак эмас. Унинг ривожланиши учун нафақат хоҳиш-истак, балки анчагина маблағ ҳам талаб қилинади. Бу масалани ҳал этиш болалар боғчаларидан бошланиши керак. Икки тиллилик эса миллатимиз ва халқимизни бойитади, - дейди қатъий ишонч билан Қирғизистоннинг бош дипломати.

Билингвизм Қирғизистонга фақат фойда келтиришига Қирғизистондаги “Владимир православ хайрия жамияти” бош директори Станислав Епифанцев ҳам аминдир.

- Рус тили Қирғизистонни бутун дунё билан боғлаб турувчи ўзига хос кўприкдир. Бироқ биз ҳам қанақа мамлакатда яшаётганимизни эсдан чиқармаслигимиз лозим. Биз мустақил Қирғизистонда яшамоқдамиз ва қирғиз тилини билишимиз шарт, - дейди Станислав Епифанцев.

Азимбек Бекназаров фикрини тўла қўллаб-қувватлаган Ёш сиёсатчилар форуми лидери Адил Турдуқулов эса мамлакатда рус тили мутлақо керак эмас, дея билдиради.

- Барча кучни она тилимиз бўлган қирғиз тилини ривожлантиришга қаратишимиз керак. Рус тили эса ўзини ўзи боқиб олади, - дейди ёш сиёсатчи.

Қирғизистондаги рус тили мақоми юзасидан қарама-қарши фикрлар кўп миллатли деб ҳисоблаш мумкин бўлган оддий аҳоли орасида камроқ – бу ерда 80 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладилар. Уларнинг аксарияти рус тилининг расмий мақоми сақланишини ёқлайди.