18:07 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент яқинида “АН-2” учоғининг ҳалокатга учраш сабаби техниканинг эскирганлиги ва парвоз раҳбарларининг хатоси бўлиши мумкин

23.10.2006 13:30 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

Фарғона.Ру АА фотоси
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК авиакомпаниясининг Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги Аранчи аэродроми яқинида қулаб тушган, UK 70152 борт рақамига эга бўлган “АН-2” учоғи двигателнинг эскирганлиги ва ўқув парвози раҳбарлари томонидан йўл қўйилган хатолар туфайли ҳалокатга учраган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ҳалокат 19 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 7 дан 30 дақиқа ўтганда содир бўлганди.

“Новости” РАА ва “Ахборот” информацион дастурида Ўзбекистон ФҲВга таянган ҳолда берилган маълумотларга кўра, об-ҳаво шароитининг бирданига ёмонлашгани туфайли экипаж ҳаво кемасини бошқара олмай қолган ва аэродром ташқарисига қўнган, натижада учоқ бузилган ва ўн беш киши – икки учувчи ва ўн уч ҳарбий ҳалок бўлган. Ҳалокат сабабларини ўрганиш учун Ўзбекистон МХХ, Мудофаа вазирлиги ва Бош прокуратураси раҳбарларидан иборат ҳукумат комиссияси тузилган.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги томонидан 17 октябрда олинган фотосуратда учоқ корпусида мой тақсимловчи қисмлари яхши кўриниб турибди. Ўзбекистон авиаспорти фахрийларидан бири томонидан айтилган мулоҳазага кўра бу қисмлар ва дуд двигателнинг поршень тизими эскирганлигидан гувоҳлик бериши мумкин.

17 октябрь куни аэроклуб томонидан “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” махсус ҳаво ишлари бошқармасидан ижарага олинган UK 70152 Аранчидаги парашют спорти фахрийларининг анъанавий мусобақаларида муваффақият билан бир неча парвозни амалга оширганди. Орадан икки кун ўтгач, шу аэродромнинг ўзидан берилган эрталабки старт ҳаво кемаси экипажи ва баландликдан сакраш бўйича машқ қилаётган Ўзбекистон махсус топшириқларни бажарувчи гуруҳи шартномачилари учун ҳалокатли бўлди.

Аммо, жорий техник нормаларга кўра, “АН-2” га чиқариш мумкин бўлган пассажирлар сони 12 кишидан, юк оғирлиги эса 1500 килограммдан ошмаслиги керак эди. 19 октябрь куни UK 70152 да учувчилар билан бирга ўн беш киши бўлган, уларнинг ҳар бирида 15 килограммли парашютлар бор эди.

Шундай қилиб, парвоз раҳбарлари томонидан йўл қўйилган ортиқча юк олиш двигателнинг эскирганлиги ҳамда ҳавога кўтарилишдаги маневрлар қилиш шароитларининг қийинлиги билан биргаликда мазкур фожеага сабаб бўлган.