14:38 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: ёшлар анъанавий “енгил банг” бўлган носвойни борган сари кўп истеъмол қилмоқдалар

22.10.2006 20:06 msk

Алла Пятибратова, Ўш шаҳри

Ўш вилоятидаги 3972 ўқувчини қамраб олган аноним сўров – ижтимоий тадқиқот натижаларига кўра, ўсмирларнинг 38 фоизи сигарет чекади, 42 фоизи алкоголь таъмини билади, 1,6 фоизи гиёҳванд моддалар билан таниш, 2 фоизи носвой чекиб кўрган ёки доимий равишда чекади.

Фақат икки фоиз болагина тили тагига носвой ташлар экан – бу кўп эмасдек кўринади. Аммо бу ерда кишини хушёр торттирадигани тенденциядир: медикларнинг ишонтиришларича, бу тамаки маҳсулотини истеъмол қилувчи кишилар сони доимий равишда, энг аввало, ёш эркаклар ва ўсмирлар ичида ўсиб бораётган экан.

- Маълумки, ўғил болалар ўз оталари ва катта акаларига тақлид қилишга интиладилар. Носвойни ҳам сигарет чекиш, алкоголли ичимликлар ичиш каби мақсад билан – ўзини мустақил одам ўлароқ ҳис қилиш ва атрофдаги одамлар кўзида каттароқ кўриниш учун истеъмол қила бошлайдилар, - деб ҳисоблайди Ўш вилоят наркологик диспансери ўсмирлар бўлими мудираси Лариса Кацура, - Кўпчилик ўсмирлар носвойни мутлақо беозор нарса, деб билади ва носвойнинг нақадар ёмонлиги уларнинг хаёлига ҳам келмайди.

Лариса Кацура ўзбекистонлик онкологларнинг маълумотларини келтирди: оғиз бўшлиғида ва бўғизда юзага келувчи саратон 80 фоиз ҳолларда узоқ муддат носвой чекишдан келиб чиқар экан. Бундан ташқари, бунда тишлар емирилади, сўлак безлари ва ошқозон-ичак фаолияти бузилади, ошқозон яраси ҳосил бўлиши мумкин ва ҳаказолар. Носвой психотроп модда сифатида ўсмирларнинг психик ривожланишига ҳалокатли таъсир кўрсатади – улар ўзларини тута олмайдиган бўлиб қоладилар, уларнинг хотиралари заифлашади.

Бироқ, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон мутахассислари анчадан буён носвойнинг хавфли эканини таъкидлаб келаётганларига қарамай, у сотиш маън этилган маҳсулотлар рўйхатига киритилмаган. Унга ҳатто “Чекишга қарши кураш тўғрисидаги қонун”да ҳам эътибор қаратилмаган.

- Мен эркаклардан бу яшил зўлдирчаларни тиллари тагига солган пайтда нима ҳис этишларини сўраганимда, уларнинг кўпчилиги бунинг ёқимсиз ҳис қўзғатишини тан олгандилар, - дейди Лариса Кацура. – Оғиз бўшлиғида кучли ачишиш бошланади ва кўп сўлак ажраб чиқа бошлайди, бош оғирлашади, айланади, тана мускуллари бўшашади. Агар носвой доналари ёки тупук ютиб юборилса, кўнгил айниши ва ич кетиши юзага келади.

Яқинда Қирғизистон Миллий Фанлар академияси Тиббиёт муаммолари институтининг Жанубий бўлими ушбу модданинг яна бир хусусиятини аниқладилар.

- Бизга бепуштликдан арз қилган эркаклар тез-тез мурожаат қилиб турадилар. Бунинг сабабларини ўрганишга киришар эканмиз, биз Ўш шаҳри ва Қорасув туманида истиқомат қиладиган фарзанд кўриш салоҳиятига эга 50 эркакни ҳар томонлама тадқиқ қилдик, - дейди институт директори, тиббиёт фанлари номзоди Ракманбек Тўйчуев. – Натижада бизнинг назарий тахминларимизни тасдиқлаган маълумотларга эга бўлдик: носвой чекиш кўп ҳолларда эркакларнинг бепуштлигига сабаб бўлар экан.

Кимдир бунга эътироз билдириши мумкин: маҳаллий аҳоли доим носвой чеккан, аммо ҳеч ким бепуштликдан нолимаган. Бироқ авваллари носвойни кўпроқ ёши анчага бориб қолган, фарзанд кўриш зарурати ҳақида ўйламай қўйган эркаклар чекардилар. Охирги йилларда носвойга ёш йигитлар ва ҳатто ўсмирлар ҳам ружу қўйганлар.

- Носвой, шубҳасиз, заҳарли модда бўлгани учун уни истеъмол қилишни токсикомания, дея тан олиш жоиз, - деб ҳисоблайди Лариса Кацура. – Авваллари мактабга борган барча болалар катталар томонидан кўпроқ назорат қилинардилар, уларга носвой билан “ўйнашиш”га рухсат бермасдилар. Аммо ҳозир назоратсиз болалар кўпайиб кетди. Бунинг устига бугунги кунда истаган нарсани – ароқми, сигаретми, банг моддасими ёки носвойми – ҳеч бир муаммосиз харид қилиш мумкин.